Миллатпарвар

2712

«…Шавкат Мирзиёев дадил амалга оширган яна бир энг муҳим жиҳат шуки, буни мен озодликка эришганимиздан кейинги буюк ва тарихий ислоҳот, деган бўлардим, пахта далаларига сочилиб кетган миллат болаларини эгатлардан қайтариб олди. Унинг эгилган боши, тупроққа қоришиб кетган қадр-қимматини тиклади… Мамлакат халқаро ҳамжамият олдида «Болалар меҳнати», «Аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб қилиш», «Мажбурий меҳнат» деган таъна-дашномлар, исноддан қутулди, турли иқтисодий чекловлардан озод этилди».

I

Чигал ва мураккаб, тангу тор вазият одам боласи нечоғли ҳимоясиз ва бир имдодга муҳтож эканини мудом аниқ намоён этиб келган. Биз буни кечаги ва бугунги кунларимиз мисолида ҳам кўрдик, кўряпмиз…
Ўтган йили катта ваҳима билан бошланган, ҳамон ўз қутқуси билан бутун инсониятни айрича бир ҳадикка солиб турган коронавирус пандемия­си манаман деган одамлар, ҳатто, оламга қозилик даъвосидаги давлатларнинг ҳам оғзига талқон солиб қўйгани бор гап. Ўлим ҳақидаги кунлик статистикалар, пандемия сабаб иқтисодиётлардаги инқирозлар кўланкаси одамларни ҳам, ҳукуматларни ҳам шошириб қўйди. Жаҳондаги умумкайфият траекторияси трагик мотивларга қоришиб кетди. Бунинг устига, дунёнинг турли бурчакларида давом этаётган қонли тўқнашувлар, сиёсий низолар, келишмовчилигу фисқу фужурлар, талотумлар натижасида оддий одамларнинг турмуши издан чиқаётгани, тинч аҳолининг ёстиғи қуриётганини кўриб туриш ҳар қандай кишининг юрагига адоқсиз оғриқ солади.
…ВВС рус хизмати Нигерияда қуролли тўдалар мактаб ўқувчиси бўлган 300 нафар қизни товон пули эвазига гаровга олгани ҳақида хабар берган март ойи ўрталарида мен Сурхондарё вилоятида сафарда эдим. Президентимиз топшириғига кўра, вилоятда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш, аёлларимизнинг ҳаётини ўзгартиришга йўналтирилган ҳаётбахш артерия – «Аёллар дафтари» фаолиятини ўрганаётган эдик.
Бироқ зикр этилган бу хабар гарчи дунёнинг нариги бурчида содир бўлган эса-да, қалбимни ранжитди, хаёлларимни тўзғитиб юборди, оромимни ўғирлади. Зотан, воқеа инсонлар, норасида болалар билан боғлиқ эди. Ҳар бир одам боласининг бу дунёдан рўшнолик кўриш, бахт ва иқболга бурканиб яшашга ҳаққи бор. Ва бу адолатдан бўлади!
Аммо кўҳна дунёнинг тартиботи шундай эканки, унга кўра, адолат билан хиёнат, одиллик билан разиллик, муҳаббат ва қабоҳат мудом ёнма-ён юрар экан. Маълумотларга кўра, биз замонавий деб атаётган бугунги оламда содир этилаётган ёвузликлардан энг кўп жабр чекаётганлар аёллар ва болалар экан. Ғалати парадокс: бир қўлимиз билан овозкучайтиргични тутиб, «биз тараққиётнинг чўққисига чиқдик, коинотни забт этдик, инсон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланди», дея ҳайқирамиз, иккинчи қўлимиздан эса разиллик ва қабоҳат қамчинини ташламаймиз. Бунда жабр кўраётган, таъбир жоиз бўлса, қамчидан озор чекаётганлар эса аёллар ва болалар бўлиб қолмоқда.
Яқинда «Euronews» аёллар учун энг хавфли давлатлар ўнталигини маълум қилди. Улар орасида тараққий этган, «бутунжаҳон полицияси» ролини қўлга олишга даъво қилаётган давлатларнинг ҳам борлиги кишини безовта қилади, албатта. Шулар ҳақида ўйлаганда беихтиёр Лев Толстойнинг зулмга қарши исён тарзида айтган қуйидаги гапи хаёлда айланади: Одамларни осадиган иншоот – дорнинг оғочи қайси дарахт танасидан ясалар экан?!
Албатта, даҳоларнинг меҳр-муҳаббат, эзгулик, инсонпарварликни ёқлаб айтаётган бундай ўтли нутқлари бугун ҳам қулоққа кўп чалинади. Бу эса дунё мудом тўлғама ичида эканини кўрсатади.
Мана, дунёга бир қаранг, нималар бўлаётир ер юзида? Шарқ ўлкаларини чулғаган уруш, тараққий топган мамлакатларда содир этилаётган қонли хуруж ва террор, одамлар юз-кўзидаги қўрқув ва саросима гўдагини бағрига босиб балодан қочиб бораётган муштипар келинчакка қараб, юрак-бағринг туз сепгандай ачишади.
Кеча яна телеэкранда бир болани кўрсатишди. Журналист ундан:
– Орзуйинг нима? – деб сўради.
Уруш боласи ҳасратли нигоҳда шундай жавоб берди:
– Эрталаб уйқудан турганда ота-онам билан опа-укам уйда, эсон-омон бўлса бас…
Аслида, дунёни остин-устун қилаётган ёвузлар ҳам, уларнинг кинли-ғаразли иддаоси ҳам ўша бечора боланинг ёки Нигерияда гаровга олинган 300 нафар муштипар қизнинг қатра кўз ёшига арзимайди. Шундай кезларда беихтиёр кўнгилда бир ўкинч бўй кўрсатади: ҳаёт нима учун берилади? Орзу-ҳавасли инсонлар яхшиликка интилиб яшаши учун эмасми?!.
«Боғ хаёли боққа, дўкон хаёли дўконга олиб боради», дейди Мавлоно Румий. Ният самимий бўлса, кўнгилларни равшан этувчи ишлар ҳам, ободлигу тинчлик, фаровонлик ҳам йўлимизда бўлади, деганидир бу.
Шуларни тахайюл ва тафаккур мезонларида солиштирар экансиз, бугун ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар қадр-қиймати кўзингга бошқача кўриниб кетади. Зотан, биз ҳам қийинчилигу азоб-уқубатни, мустабидлик ситамларини кўп ва хўб тотган халқмиз. Буни билиш, англаш учун эса ўтмишимизга бир назар ташласак, ўйлайманки, масала янада ойдинроқ кўринади.

II

Бу Ватан ўтмиши, ҳақиқатан ҳам, оғир ва чигал. Қонли истилолар руҳимизда битмас-туганмас жароҳат қолдирган. Агар биз ўша босқинлар замирига назар ташласак, ўша истилолар арафасида, қийин ва оғир паллаларда, халқ ўз ҳолига ташлаб қўйилганига, ва яна ҳам ачинарлиси, мислсиз хиёнатларга гувоҳ бўламиз.
Муаррихларнинг таъкидлашича, ҳар бир истило халқ хотирасида ўнгланмас асорат қолдиради. Буни «оқпошшо» босқини, айниқса, шўро сиёсати, коммунистик мафкура зулми мисолида яққол кўриш мумкин. Албатта, ўтган тарихий силсилалар миллий ўзлигимизга етказган зиён ва тушунчалар ҳамон онг остида яшаб келаётир. Буни туриш-турмушимиз, ҳаёт тарзимизда ҳам кўриш мумкин.
Юзлаб йиллар халқимиз бошига битмас туганмас балоларни ёғдирган пахта сиёсати келтирган кулфатлар ҳақида бугунги ёшлар кам нарса билади. «Оқ олтинни олтин қўллар яратади» деган баландпарвоз шиорлар остида неча авлод умри куйиб кетганини, мажруҳ ва касалманд болалар, бутун умр қадоқ қўллари билан ер тирмалаб, косаси оқармаган одамлар тақдири ҳақида ўйлаганда ҳар қандай виждонли одамнинг кўзида ёш ҳалқаланади…

III

1986 йил ноябрда КПСС Марказқўми Бош котиби Михаил Горбачев расмий ташриф билан Ҳиндистонга сафар қилади. У Тошкентда тўхтаб ўтади ва аэропортда республиканинг ўша вақтдаги раҳбарияти билан суҳбатлашади. Улар «тозалаш» борасида олиб бораётган мудҳиш ва қақшатқич ишлари ҳақида ҳисоб беради.
Аммо Бош котиб бу ишларни қониқарсиз, деб топади. Айниқса, республикада диний маҳдудлик, бидъат ва хурофотга берилиш авж олганини алоҳида таъкидлайди. «Совет Ўзбекистони» газетасининг ўша даврдаги тахламини кўздан кечирсангиз, Бош котиб: «Диний маросимларга қарши қатъий ва муросасиз кураш олиб бориш, атеистик пропагандани кучайтириш зарур, бу ишда ҳеч қандай муросасозликка йўл қўйиб бўлмайди», дея тимқора ҳарфларда уқтирганига гувоҳ бўласиз.
Хуллас, ўша йили аҳолини атеистик руҳда тарбиялаш мавзуида ягона сиёсий кун ўтказилди. Диний, умуман, арабча ёзувдаги китоб­ларни йиғиб олиш ва ўтда ёқиш авж олди. «Наврўз» айёми тақиқланди ва унинг ўрнида «Навбаҳор» деб аталган замонавий байрам ўтказиш тавсия этилди. Сумалак пишаётган дошқозонлар тўнкарилди. Дафн маросимида жаноза ўқиш, Аллоҳ таоло номини зикр этиш, қабртошга ҳилол тасвирини солиш, ҳатто, чопон кийиш ман этилди. Бусиз ҳам «ўзбек иши», «қўшиб ёзиш» деган таҳқирлар, авж олган «қама-қама» халқ юрагини ўртаб юборган эди. Устига-устак, ўша кезлар марказда ўтирган «ақлли»лардан бири қабристонлар билан ҳам қизиқади: «Қаранг, қанча ер исроф бўп ётибди! Бузиб, пахта экиш керак! Ўлганларни кремация қилиш зарур!», дейди…
Пахта сиёсати шундай эди. У тириклар тугул марҳумларнинг руҳини чирқиратишдан ҳам тоймаган.
Умумий маънода гапирганда, Туркистонни пахтанинг қулига айлантириш замирида уч дарёни бўғиб ташлаш, денгизни қуритиш, шу тариқа бу заминда яшаётган халқни қарам қилиш сиёсати ётади. Бу – яқин ўтмишда, яъни собиқ иттифоқ даврида бошланган эмас, бу – азалдан бор гап.
Сиёсатчилар орасида гоҳ пинҳон, гоҳ ошкор бир сухан айланиб туради: «Евроосиёга ким эгалик қилса, дунё тақдирини ўша ҳал қилади». Николас Спайкмен эса уни бир оз соддалаштириб, «Евроосиё сув манбалари кимнинг қўлида бўлса, дунёни ўша бошқаради», дея баён этади. Очиқ айтганда, Сирдарё, Амударё ва Зарафшонни ким жиловлай олса, икки дарё ораси унинг измида бўлади, деган фикр бу.
Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида мавзуга яқин қизиқ бир фактга кўзим тушди. Унда шундай дейилади: …1872 йил 14 ноябрда Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман император Александр II га: «Биз Орол ҳақида ўйлашимиз керак!, – деб хат ёзади. – Шундай қилайликки, Амударё билан Сирдарёнинг суви пахтазорларда қуриб битсин! Оролга бўлса, Сибир дарёларини оқизган маъқул. Шунда биз Туркистонни ҳамиша қўлда тутиб турамиз. Ва Русияга қарам қилиб оламиз».
Мана шу сиёсат асрлар давомида ҳукм сурди. Уч дарёга банд солиб, қурилган сув омборлари, қумга сингиб кетувчи Қорақум канали – шу сиёсат маҳсули. Оқибат, Орол денгизи қуриди. Иқлим ўзгариб, турли хасталиклар урчиди. Пахта яккаҳокимлиги тупроқни ўлдирди. Ернинг мелиоратив ҳолати ҳеч кимни ўйлантирмай қўйди. Ва, энг мудҳиш томони, мустабид сиёсат оддий бир экинни мафкуралаштирди ва жамиятни унинг қулига айлантирди…
Пахта сиёсати келтирган кулфатларни ёрқинроқ тасаввур қилишга қуйидаги мисоллар ҳам кўмаклашиши мумкин.
Ўша замонлар ҳар йили ерга тонналаб пестицид ва гербицид солинган, ғўза баргини тўкиш учун кўпдан-кўп дефолиант сепилган. Заҳриқотил эса ғўза барги билан бирга аҳоли саломатлигини ҳам тўкиб кетган эди. Буни тасаввур қилиш учун россиялик академик Владимир Соколов Вьетнамдаги кимёвий уруш ҳақида ёзган мақолани кўздан кечириш кифоя. «Вьетнамда биз аср жинояти – нафақат халққа, балки унинг замини ва тирик мавжудотга қарши қирғинбаротга гувоҳ бўлдик, – деб ёзади у. – Табиатнинг жамики жонли аъзосига нисбатан ваҳшийларча қилинган чексиз қабоҳатни кўриб, ёқа ушламаслик ҳеч мумкин эмас. Халқ иродасини синдира олмагач, босқинчи унинг яшаш манбаини йўқ қилишга қарор қилди… Уларнинг қўлидаги гербицид ва дефолиант мамлакат учун қирғин, очарчилик ва қаҳатчилик туғдирувчи қурол эди, аслида…».
Олимнинг ёзишича, Жанубий Вьетнамга 90 минг тонна гербицид ташланган. Ва бу мудҳиш оқибат келтириб чиқарган.
Ўзбекистонда эса фақат 70 – 80 йилларнинг ўзида ҳар гектар ерга солинган гербицид – 2,2, дефолиант – 16,2, инсектицид – 36 килограммни ташкил этади. Энди ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Ўша вақтлар 4 миллион гектардан ортиқ майдонга пахта экилган. Ва энг зарарли дефолиант – бутифос қўлланилган.
Натижада эса ўша вақтда республикада оналар ва болалар ўлими, камқонлик, юқумли сариқ ва жигар-буйрак тоши, ошқозон-ичак, тиф ва паратиф, қоқшол ва бруцеллёз каби касалликлар кенг ёйилган. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1988 йил 4 ноябрдаги сонида Қорақалпоғистон аёлларининг 90 фоизи анемияга мубтало бўлгани таъкидланади. ­Навоий туманидаги «Қизил Ўзбекистон» колхозида эса 2 315 нафар бола бўлиб, улардан 45 фоизининг организми касал юқтирмаслик ва касалга қарши курашиш, яъни иммунитет ҳосил қилиш қобилиятидан маҳрум бўлган. Бу кулфатни келтириб чиқарган яккаю ягона омил – пахта якказироатчилиги! Ва уни восита қилиб, заминга сепилган турли заҳриқотиллар эди, албатта!
Ўйлаб-ўйлаб, ҳайрон қоласан киши, қон ютиб, заҳар ютиб, мислсиз ҳосил етиштирасан, аммо магазинда кафанликка сурп топилмайди!
Хўш, бу адолатданми?!

IV

Таассуфки, пахта яккаҳокимлиги мустақилликдан кейин ҳам тўлиқ барҳам топган эмас. Кечаги кунгача мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчию шифокорлар, умрида бўсағасидан нарини кўрмаган қишлоқлардаги мунис ва муштипар опа-сингилларимиз ҳаёти худди мус­табидлик замонларидагидек далада ўтганини бугун кимдан яширамиз? Пахта мавсумида давлат идоралари, жамоат корхоналари ва хусусий ишлаб чиқаришда меҳнат қилаётганларнинг ўзи шундоқ ҳам қора қозонини қайнатишга зўрға етадиган маоши «бириктирилган пахта штабига» деган важ билан қайтариб қолинишини бекитишнинг иложи борми бугун?! Образли қилиб айтганда, биз маданий ўсимлик, деб атайдиган пахта турли сиёсий воситалар таъсирида ғайриинсоний бир «жазо машинаси»га айлантирилдики, у элнинг косасини оқартириш ўрнига, шўрини қуритди. Қолаверса, пахта якказироатчилиги мамлакатни нафақат бир қутбли аграр мамлакатга айлантиргани, балки уни етиштиришда репрессив усуллар қўлланилгани боис турли даражадаги халқаро молиявий ва сиёсий чекловларга ҳам гирифтор этганини ва бу аҳоли турмушида мудҳиш из қолдирганини бугун яхши биламиз. Энг ёмони, иқтисодиётнинг маълум бир тармоқларга қарамлиги, бошқарувдаги ўжар консерватизм, техник ва маъмурий қолоқлик бошқа оғир муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Хусусан, ишсизлик омили улар орасидаги энг «қайноқ»ларидан бири бўлди. Хўш, нега бундай бўлди, туп­роғига чўп суқсанг, кўкарадиган, улкан ер ости ва усти бойликларига эга мамлакат аҳолиси нима учун оғир турмуш шароитига мубтало эди. Улар нега муҳожирлик йўлини танлашга мажбур эди, неча миллат ўғлонларининг қадди камондай букилиб қолди?
Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Улардан бири шуки, иттифоқ қулагач, биздаги ўша пайтдаги раҳбарият, афтидан, мамлакат иқтисодиётини собиқ марказ таъсиридан тезроқ халос этишга киришди. Бу эса бутун иттифоқни ўргимчак тўридай қуршаб олган саноат ҳалқасидан, умуммеханизмдан узилишни тақозо этарди. Унга кўра, фаолияти иттифоқдошлар, асосан, Россияга қарам бўлган завод ва фабрикалар конвейерлари бирин-кетин тўхтатилди. Холисанилло айтганда, бу қарорни миллий суверенитетни мустаҳкамлаш, тезроқ мустамлака таъсирларидан чиқиш йўлидаги қадам сифатида олқишлаш мумкин эди. Бироқ кутилмаганда бу иш ўз акс таъсирини кўрсата бошлади. 90-йиллар бошида узил-кесил, билвосита назардан четга суриб қўйилган пойтахтдаги «Тошкент авиасозлик заводи», «Ташсельмаш», «Ўзбексельмаш», «Тошкент трактор заводи», «Тошкент текстиль» каби ўнлаб йирик корхоналарнинг фаолияти тўхташи натижасида фақат пойтахтнинг ўзида 100 дан 200 мингтагача иш ўрни қисқариб кетди. Тўхтаб қолган корхоналар ўрнини боса оладиган, одамларни иш билан таъминлайдиган янги ишлаб чиқаришлардан эса дарак бўлмади. Буларнинг устига, инвестициявий муҳитнинг ёмонлашуви, қолаверса, демографик «сакраш»лар мамлакатда миллионлаб ишсизларнинг пайдо бўлишига олиб келди. 2000-йилларга келиб эса нафақат дунё давлатлари, балки қўшниларимиз билан ҳам муносабатларимизнинг совиб бориши мамлакатни ниҳоят изоляционизм – қобиққа ўраниб қолиш ҳолатига олиб келди. Ва бу драматик хронология бизга мудом бир турдаги қарамликдан бошқа мутелик қучоғига сирғалиб тушганимизни аламли тарзда эслатиб туради.
Хуллас, жуда қисқа ва умумий тарзда зикр этилган ушбу жиҳатлар миллионлаб фуқароларимизни чет элда, қолганларини эса юқорида эслаганимиздай мустақил бўлгач ҳам пахта далаларида меҳнат қилишга мажбур этди. Албатта, бу ўринда мен бировни айблаш фикридан йироқман. Зотан, мустақилликни қўлда тутиб қолиш, мустамлака сиёсати таъсиридан халос бўлиш ҳеч қачон осон кечмаган. Ва яна, муаррихлар тилида айтганда, тарихий зарурат, деган дискурс-тушунчалар ҳам бор сиёсатда.
Писандага ҳожат йўқ. Нимага десангиз, айни шу омил, яъни тарихий зарурат беш йил олдин бошқарувга келган Шавкат Мирзиёев зиммасига ҳам оғир масъулият юклади. Маҳаллий ва халқаро экспертларнинг ўша маҳаллар «Мирзиёевга оғир иқтисодий ва сиёсий мерос қолди» деган қарашларини инкор қилмаган тарзда, шуни қўшимча қилишим мумкинки, янги раҳбар энди иқтисодиёти, одамлар турмуш тарзи, кайфияти тобора хиралашиб, нурсизланиб бораётган жамиятда катализатор ролини бажариши керак эди. Ва тўла ишонч билан айта оламанки, ­Шавкат Миромонович бу вазифани кутилганидан-да аъло даражада бажарди, бажараётир.
Энг аввало, кўзга ярқ этиб ташланадиган жиҳат шу бўлдики, бошланган ислоҳотлар натижасида давлатнинг жамиятга, одамларга риторикаси – муносабати ўзгариб кетди. Янги ҳукумат ишни илгаригидек мавжуд вазиятни жамиятни, фуқароларни айблаш йўли билан хаспўшлашдан тийилиб, бундай абгор ҳолга тушишда тизимнинг, давлатнинг айби, камчиликлари нималардан иборат эканини аниқлашдан бошлади. Ва ўз ўрнида мавжуд вазият ва аҳвол учун халқидан кечирим сўрашга, муаммоларни тан олишга ўзида куч, сиёсий ирода топа олди. Энг оғир муаммо – миграция масаласи очиқ кун тартибига чиқди. Мамлакат тарихида илк бор жамиятимизда камбағаллик илдиз отгани, турмуши оғир одамлар мавжудлиги тан олинди.
Президент 2018 йил Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида ўша кунлари Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида фожиали ҳодиса туфайли ҳалок бўлган фарзандларимиз руҳига Қуръон тиловат қилиб, «бунда бизнинг, давлатнинг ҳам айби катта», дея надомат чекиши давлатнинг одамларга, элга қараши қай йўналишга ўтганини аниқ ифодалаб берди, десам, янглишмайман.
Ва ниҳоят, Шавкат Мирзиёев дадил амалга оширган яна бир энг муҳим жиҳат шуки, буни мен озодликка эришганимиздан кейинги буюк ва тарихий ислоҳот, деган бўлардим, пахта далаларига сочилиб кетган миллат болаларини эгатлардан қайтариб олди. Унинг эгилган боши, тупроққа қоришиб кетган қадр-қимматини тиклади… Мамлакат халқаро ҳамжамият олдида «Болалар меҳнати», «Аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб қилиш», «Мажбурий меҳнат» деган таъна-дашномлар, исноддан қутулди, турли иқтисодий чекловлардан озод этилди.

V

Агар Мирзиёевни мақташ, кўкларга кўтариш керак бўлса, унинг миллат олдидаги шу хизматининг ўзи ҳам етиб ортади. Бироқ мени бир савол – «бизда янги даврда бу ишларни кўрадиган, баҳолайдиган ва кенг ­оммага тушунтириб берадиган қатлам – зиёлилар қатлами шаклландими?» деган савол мудом ўйлантиради.
Афсуски, бундай ишларга деярли беэътибор бўлиб қолдик. Бу вазифаларимиз четда қолиб, кўпчилигимиз ижтимоий тармоқларда яширин имзо остида бир-биримизни бадном қилиш ва бундан пинҳона ҳузур-ҳаловат топишни ўзимизга эп билиб ўтирибмиз. Қолганлар эса масаланинг моҳиятини тўлиқ англамай, нима ишлар бўлаётганини чуқур тушунмай, қора ­костюм-шимда, бўйнига машҳур брендли ­бўйинбоғни боғлаб, телевизорда ва турли минбарларда чучмал маърузалар ўқиш билан банд.
Аммо ҳаётга чуқурроқ назар ташлайдиган, «одамларга шу керакми, ахир халқни шунча йил қуруқ гаплар билан, тутуруқсиз интервьюлар билан бездириб юбормадикми?» дейдиган валломат топилмайди.
Ёпиқ жамиятлар нафақат турмушни, балки дунёқарашни ҳам турғунликка мубтало қилишини биз кўп кўрганмиз. Шу маънода гапирганда, бугун ҳам сезиларли тарзда жамиятда филистёр – ўзини илмли сановчи тор фикрли кишилар қатлами шаклланганини кўриш мумкин.
Майли, ҳозир гап бу хусусда эмас. Бошлаган мавзуимиз мамлакатимизда тизим ва одамлар турмушини бошқа қутбга кескин буриб юборган фавқулодда ислоҳотлар тўғрисида эди. Ва бу қилинаётган ишлар, гарчи бизнинг илмий жамоатчилигимиз, матбуотимиз назаридан четда қолаётган эса-да, халқаро ҳамжамият буни зийраклик билан кузатиб турганини сезиш унчалик қийин эмас.
«Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангандан бери ўтган йиллар мобайнида валютани либераллаштириш, мажбурий меҳнатни бартараф қилиш ва чиқиш визасини бекор қилиш сингари кенг қамровли ислоҳотлар жараёнини бошлаб берди. Бу инвесторларни ҳам, аҳолини ҳам илҳомлантириб юборди…
…Мирзиёев ҳокимиятга келган пайт Ўзбекистон банкротлик жари ёқасига келиб қолган эди. 13 йил бош вазир бўлиб ишлаган прагматик иқтисодчи ва янги президент Ўзбекистонни қўшниларга очиш ҳамда савдо-сотиқ ва чет эл инвестицияси йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича жадал қадамлар қўйди. Ҳуқуқшунослар ва компаниялар наздида ислоҳотлар жараёнининг жадаллиги ва кўп нарсаларни кўзлаётгани ҳамда пул сиёсати ва иқтисодиёт либераллаштирилаётгани вақти-вақти билан ҳайратомуз бўлиб кўринди», деб ёзади «Россия ва Евроосиё» дастурининг тадқиқотчиси Кейт Маллинсон chathamhouse.org сайтида эълон қилинган «Ўзбекистон президенти кутилган катта умидларни рўёбга чиқара оладими?» («Can Uzbekistan’s President Meet Raised Expectations?») номли мақоласида.
Ҳақиқатан ҳам, бугун жуда оддий гапга айланиб қолган кўп муаммолар ўз вақтида миллий инқироз даражасига кўтарилгани ҳали кўпчилигимизнинг ёдимиздан чиққан эмас. Биргина конвертация муаммоси туфайли қанча сарсон-саргардонликларни бошдан кечирмадик. Ёки ёпиқ сиёсат ортидан минг йиллар қўни-қўшни яшаб келган қардошлар билан деярли юзкўрмас бўлиб кетишимизга оз қолгани ҳақида ўйлаш кишини мудом хавотирга солади. Эндиликда минтақага очилиш, қўшнилар билан муносабатларни «тўғрилаб олиш» ҳақида гапириш жуда жўн нарса. Бугун марра жуда юқори олинган: миллий жамиятларда интеграция-минтақа интеграцияси ҳақидаги гаплар, чақириқлар тез-тез қулоққа чалина бошлади.
Бу, шубҳасиз, Марказий Осиёдаги метрополия давлат ҳисобланмиш Ўзбекистоннинг янги сиёсати билан бевосита боғлиқ.
«Илгари, – дейилади «Вестник Кавказа» интернет нашрида берилган «Шавкат ­Мирзиёевнинг 4 йиллик Президентлик даврида Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар юз берди?» мақоласида. – Ўзбекистон деганда, биринчи нав­батда, пахта ёдга келарди, ҳозир бундай эмас. Бугунги кунда Ўзбекистон 42 мамлакатга маҳсулот экспорт қилади, 2019 йилдан бошлаб янги 59 турдаги маҳсулот четга чиқарила бошланди. 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегия­си доирасида агробизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш дастури амалга оширилмоқда. Қиш­лоқ хўжалиги майдонларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва етиштирилаётган экинларни диверсификация қилиш имконини берадиган кластер тизими ташкил этилди. Ўзбекистон россиялик ва хитойлик ҳамкасблари билан қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида илмий тадқиқотлар базасини яратмоқда, халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистон ҳукумати дастурларини амалга ошириш учун кредитлар ажратмоқда…».
Мана шу иқтибоснинг ўзиёқ Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ва оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини яққол исбот этади, назаримда. Энг муҳим далилни эса бугун барча ўзининг ҳаётида кўриб турибди – мавсумий ташвишларимиздан бири бўлган «пахта» атамаси ҳаётимиздан аллақачон чиқиб кетди.

VI

Аксарият ҳолларда бизда «халққа қайишиш», «эл корига яраш, унга жонфидолик қилиш» каби бирикмалар пафосга тўйинган адабий матнларга зеб берувчи метафора сифатида ишлатиб келинди.
Тўғриси, деярли бадиий уйдирмага айланиб қолган бу сифатларнинг воқеликдаги ифодасини жуда кам кўрганмиз. Мирзиёев эса буларни воқеликка айлантира олди.
Мен юқорида Нигерияда гаровга олинган 300 нафар норасида қизни, Қозоғистон чўлларида шаҳид кетган фарзандларимизга Президентнинг маҳзун муносабати ҳақида бекорга эсламадим. Зотан, шу воқеалар фонида мамлакат ижтимоий-мафкуравий ва сиёсий ландшафтидаги бурилиш ёрқинроқ кўринади. Қолаверса, бугунгача беш босқичда амалга оширилган «Меҳр» лойиҳаси орқали жаҳоннинг уруш кетаётган ўтли-оловли нуқталаридан фуқароларимиз бўлган юзлаб аёллар ва болаларнинг Ватанга қайтарилиши ҳамда уларга тинчу осуда яшашлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилгани янги сиёсатда жамиятдаги муаммоларга янгича ракурсдан қараш тамойили қатъий кун тартибига кирганини кўрсатиб берди. Ҳолбуки, бунгача биз уларни, адашган, алданиб қолган кўплаб опа-сингилларимизни «ватан хоинлари», «юртфурушлар» дея таҳқирлаш билангина чекланиб келдик.
Умуман олганда, Президентнинг масалага бундай кенг ва фалсафий нуқтаи назардан қарашига бошқа сабаблар ҳам туртки берган бўлиши мумкин. Бу ерда гап фақат меҳр-шафқат, давлатнинг ўз фуқароси олдидаги «оталарча кечиримлилиги» ҳақида десак, моҳият кемтик қолиб кетаётгандек туюлади менга. Назаримда, Президент бу нуқтада масаланинг бошқа нозик жиҳатларини ҳам ҳисобга олгандай. Хусусан, кейинги пайтларда тадқиқотчилар томонидан оловли нуқталардаги террорчи тўдаларга қўшилиб қолганларнинг ҳаммаси ҳам мутаассиблар эмас, улар орасида чорасизликдан ёки алдов орқали гуруҳларга қўшилиб қолганлар ҳам бор. Ва бундайларнинг кўпчилиги уйини ташлаб чиқиб кетишига ватанидаги адолатсизликлар, ишсизлик ва кун кўриш даражасининг ўта пастлиги сабаб бўлган, деган қарашлар тез-тез илгари сурилмоқда.
Масалан, Жорж Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институтининг «Марказий Осиё» дастури вебсайтида Марказий Осиёда ислом дини тадқиқотчиси Ной Таккернинг (Noah Tucker) «Terrorism without a God: Reconsidering Radicalization and Counter-Radicalization Models in Central Asia»­(«Худосиз терроризм: Марказий Осиёдаги радикаллашув ва радикаллашувга қарши кураш моделларини қайта кўриб чиқиш») деб номланган тадқиқотида айни шу ҳақда сўз боради.
Тадқиқот сўзбошисида Марказий осиёлик­ларнинг Суриядаги урушга сафарбар қилинишига миссионерларнинг даъвати эмас, жамиятлардаги адолатсизлик сабаб бўлгани айтилади. Марказий Осиёдаги зўравон экстремизм дин рамзлари, риторикаси ва эътиқоддан фойдаланишини инкор этмаган ҳолда, минтақадаги кишилар ижтимоий, сиёсий ёки шахсий муаммолардан келиб чиқиб радикаллашуви ҳамда ўша муаммоларни радикал тарзда ҳал этишни таклиф этадиган гуруҳларга қўшилишга интилишини айтиб, диннинг зўравон экстремизмга сафарбар қилишдаги роли керагидан ортиқ баҳолаб юборилаётгани таъкидланади. Ной Таккер 2016 ва 2018 йилларда минтақа давлатларида ўтказган тадқиқоти натижалари ва француз олими Оливье Ройнинг Европада Суриядаги урушга жангариларни ёллаш амалиёти ҳақидаги ­фикрига асосланиб, «исломнинг радикаллашуви» эмас, «радикаллашувнинг исломлашиши» ҳақида гапириш кераклигини айтади. Масаланинг ўта нозик бўлган бу жиҳати ҳақида ўйлаб кўришга, албатта, ҳар қандай ҳукуматнинг ҳам сиёсий иродаси дош беролмайди. Кўпчилик давлатлар сиёсий элитаси бунга аллақачон узил-кесил чизиқ тортиб ҳам қўйишган: улар «адашганлар», «ватан хоинлари», тамом-вассалом!
Аммо гап тирик одамлар, шу заминда туғилиб ўсган юрт фуқаролари ҳақида кетар экан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, инсоний қадр-қиммати, қолаверса, хато йўлга етаклаган сабаблар моҳияти билан ҳам ҳисоблашиш керак бўлади, назаримда.
Мирзиёев шу йўлдан борди. Ўт-оловнинг ичида дарбадар кезиб юрган миллатдошларини бало домидан олиб чиқди, уларни эшитди, уларга меҳр берди. Бу давлатнинг, янги ҳукуматнинг узоқни кўзлаган стратегиясими, бошқа муҳим жиҳатлари борми, буни тарих айтади. Бироқ мен бу ўринда яна бир бошқа жиҳат ҳақида гапирмоқчиманки, у бошлаган мавзумизни тўлдиради, назаримда. Гап Президентнинг шахсияти, ўзлиги, кенг маънода айтганда, характери ҳақида. Ўтган асрнинг сўнгида биз Жиззах вилоятида бир сафда ишлаганмиз. У киши ҳоким, мен вилоят ташкилоти раҳбари. Бир куни ярим тунда телефон бўлди. Шавкат Миромонович! Бундай воқеаларга ўрганиб қолганим учун оғринмадим. У бўғиқ ва тунд овозда гапирди: ухламаганмидингиз, тез идорага етиб келинг! Бордим. Ҳоким дарғазаб эди. Мендан бугун чет эл ОАВларидан бирида чиққан мақолани ўқиган, ўқимаганимни сўради. Ўқимаганимни билгач, қўлидаги қоғозни узатди. Бу ўша мақоланинг нусхаси эди. Мақола бошдан оёқ ўтмишимиз, халқимиз тарихи, миллатимиз шаънини таҳқирловчи руҳда ёзилганди.
– Шу гаплар тўғрими, – деди у киши менга ва жавобни ҳам ўзи берди. – Асло ундай эмас! Бизнинг қандай миллат эканимиз, боболаримиз нималарга қодир бўлганига тарих гувоҳ. Ўзбек халқини таҳқирлашга, номини қора қилишга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Буни мен шу элнинг бир фарзанди сифатида айтяпман. Керак бўлса, бу ишнинг ортида турганлар билан юзма-юз учрашишга ҳам тайёрман. Бизнинг жафокаш ва жўмард халқимиз бундай чиркин иддаолардан юқори туради. Ундайларга муносиб жавоб беришимиз керак. Зеро, бизнинг кимлигимизни, қандай шавкатли, тарихда доим ўзининг гапини айтиб келган миллат эканимизни билсин, ва кейинги сафар биз ҳақимизда ўйлаб гапирсин. Ўша кеча тонггача у киши билан бирга мақолага жавоб тайёрладик. Эрталаб Шавкат Миромонович пойтахт билан гаплашди. Бироқ марказдан «майда-чуйда гапларга аралашмаслик керак, ­эътибор қилманг», деган жавоб бўлди…
Мен ўшанда Шавкат Миромоновични қайта кашф қилганман, ким билан ёнма-ён ишлаётганимни билиб ҳайратланганман, қалбимда чексиз ғурур туйганман. Ўйлайманки, ушбу воқеа мазмун-моҳиятига кўра, Президент нега бугун жанггоҳлардан фуқароларимизни олиб келаётгани, уйидан тирикчилик илинжида чиқиб ярим йўлда балога дучор бўлган шаҳид фарзандларимиз ҳақида оғир «оҳ» тортиб гапириши ва яна нега кейинги пайтларда хорижда мардикор бўлиб юрган болаларимизни тезроқ уйга – ватанга қайтариш зарурлиги тўғрисида бот-бот куйиниб гапираётгани сабабларини очиб беришга хизмат қилиши мумкин. Ва яна ўйлайманки, ушбу омил бу ўринда тадқиқотчиларга бошқа турли сиёсий концепциялару стратегияларни ковлаштириб юришга ўрин қолдирмаслиги ҳам мумкин.

VII

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий тизимида «оҳанг» – акцент ўзгарганини бир бутун қилиб, одамларга, уларнинг тақдирига бўлган қараш бошқа томонга йўналгани билангина ифодалаш, эҳтимол, камлик қилар. Нега десангиз, бундай кўтаринки янгиланишлар бугун барча жабҳаларда олиб борилмоқда ва мамлакат ҳаётида мўътадилликдан хийла юқори бўлган динамикани таъминламоқда. Жамият ҳаётининг барча қатламларида фавқулодда «тиғиз» олиб борилаётган ҳаракатлар натижаси сезиларли. Узоқ йиллар турғун турган жамият бу илиқликни дарров пайқади. Одамлар давлатнинг амалга ошираётган сиёсатининг самимийлигини ҳаётида, турмушида ҳис қиляпти ва буни ҳозир ҳар қадамда эътироф этмоқда.
Кези келганда шуни айтиш керакки, ўйланган ғоялар ифодасини кундалик турмушда кўриш, сезиш вақт талаб қиладиган масала. Бироқ Президент Мирзиёев жамиятни ривожлантиришда дунёнинг бирор-бир мамлакати давлатчилик амалиётида бўлмаган тажрибаларга қўл урди ва уларнинг самарали усул эканини исботлаб берди. Бугун ислоҳотлар жараёнининг локомотивига айланган секторлар тизими шулардан бири бўлиб ҳаётимизга кириб келди. Қолаверса, жамиятда камбағаллик ва ишсизликка барҳам беришни кўзда тутувчи, аҳолининг энг қийналган, шароити оғир қатламларини қамраб олувчи «дафтарлар» тизими ҳам, мазмун-моҳиятига кўра, жуда содда ва шу билан бирга, самарали усул экани аллақачон исботланди.
«Аёллар дафтари» тизими доирасида бевосита иштирокчи, қолаверса, шу жараёнларнинг ичидаги масъул сифатида шуни айтаманки, мазкур тажриба узоқ йиллар назардан четда қолиб келган, на турмуши, на саломатлиги ва на одамларга ўхшаб яшашига оддийгина шароитни ҳам яратиб беролмаганимиз минглаб опа-сингилларимизнинг ҳаётига нур олиб кирди.
Бугун давлат жамиятда камбағалликни қисқартириш, аҳолига муносиб турмуш тарзи яратиш мақсадида фақат «Аёллар дафтари» тизими учун уч триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратди. Бундай ҳодиса Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон бўлган эмас. Илгарилари бир вилоятдаги сой устига бундайроқ кўприк қурсак ёки врачлик амбулаториясини ишга туширсак, қанча шов-шув қилар эдик. Барча телеканаллар, расмий матбуот саҳифалари шу воқеалар тафсилоти билан тўлиб кетарди.
Бугун ундай эмас. Ҳаммаси ўз йўлида, тартиб билан олиб борилаётир. Ортиқча ҳаяжонга берилиш, қарсакбозлигу мадҳбозликлар йўқ. Барчаси ўзи шундай бўлиши керак бўлган ишлардек шовқин-суронсиз бажарилмоқда. Ва бунга кўникиб ҳам қолдик. Шу сабаб мен ҳозир мазкур лойиҳа орқали амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрсатувчи тафсилотларни бирма-бир санаб, вақтингизни олмоқчи эмасман. Фақат бу хайрли ишларнинг ижобати сифатида бир мисолни келтираман.
Яқинда матбуотда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи Насиба Атамурадованинг Президентга ёзган мактуби эълон қилинди. Ўз мактубида у Юртбошимизга шундай мурожаат қилади: «…Ижозат берсангиз, Сизга бир фарзанд ўз отасига ҳурматини изҳор этгандай мурожаат қилсам. Зотан, Сиз менга отам, туғишганларим қилолмаган яхшиликни, беролмаган меҳрни бердингиз. Ҳаётга, яшашга бўлган қарашларимни ўзгартирдингиз. Мен энди ҳечам қўрқмай яшайман. Биламанки, мен ташлаб қўйилмаганман, ортимизда Сиздек суянчимиз ва меҳрибонимиз бор».
Ёнида ота-онаси, туғишганлари бўла туриб, икки ногирон боласи билан уй дейишга арзимайдиган кулбада эски шолча устида болаларини бағрига босганча дунё кўзига қоронғу бўлган, ишсиз, деярли жамиятдан суриб чиқарилган бир муштипарнинг «Аёллар дафтари» доирасида Президентимиз томонидан барча жиҳозларга эга бўлган уй билан таъминлангани, доимий даромад манбаига эга бўлганидаги қувончини сўз билан ифодалаш қийин, албатта. Энди айтинг, шундай ҳолатдаги меҳрга зор, ёрдамга маҳтал бир кўнгилнинг дилдан чиқарган гапларини ким самимий эмас, деб инкор эта олади?!
Бугун мамлакатимизда Насибага ўхшаган, шароити оғир, ёрдамга муҳтож тўрт юз мингдан ошиқ хотин-қизлар рўйхатга олинган. Бунинг учун Президентимиз топшириғи билан ташкил этилган ишчи гуруҳ республика бўйича олти ярим миллиондан ортиқ хонадонларга бирма-бир кириб, шароитни, мавжуд аҳволни ўрганиб чиқди. Рўйхатга киритилган хотин-қизлар билан индивидуал ишлаш, уларни камбағаллик ва чорасизлик ботқоғидан чиқаришнинг аниқ механизмлари амалиётга татбиқ этилди. Айни кунларда кўзланган мақсадга эришиш учун астойдил ҳаракат қилинмоқда. Бу юз минглаб тақдир синовлари, турмуш ва рўзғорнинг оғир юкидан қадди эгилиб қолган мунис ва муҳтарам опа-сингилларимизнинг елкаларига офтоб тегади, деганидир. Шунча фуқаро ҳаётдан, кўраётган кунидан рози бўлиб яшайди, деганидир.
Бир нарса ҳайратланарлики, одам эътибор бермаса, атрофида кечаётган ҳаётга жиддий назар ташламаса, ҳаммаси жойида кетаётгандек умри ўтавераркан. Шундоққина ёнгинасида куни ўтмай қийналаётган, ҳатто яшашга уйи йўқлигидан ертўлаларда, ташландиқ кулбаларда кун кечираётган, арзимаган касаллик билан, қўли калталиги боис, ўнлаб йиллардан буён олишиб ранги сомон бўлиб қолган, ҳатто, ўлиб кетаётган одамлар борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас экан. Атрофида минглаб чорасиз етим-есирлар Яратганга нола қилиб, тунни тонгга улаётганини билмас экан…
Президент Мирзиёев иш бошлаган илк кундан эътиборни шу жиҳатга – халқнинг ҳаётига, турмушига чуқур назар солишдан бошлади. Шу ўринда мен бир фикрни айтиб кетишни истардимки, кўпчилик «дўстларимиз» бугун олиб борилаётган ишларни қасддан баъзи сиёсий воқеалар билан боғлашга, Президентни шу орқали «очко» олмоқчи, дея иддао қилишга уринишади. Лекин факт шуки, у бу ишларга бугун эмас, вазифага киришмасдан олдин бел боғлаган эди. Турли гуруҳлар бурчак-бурчак бўлиб пинҳона шивир-шивирлар авж олган 2016 йилдаёқ ­Мирзиёев мамлакатда тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлаш, одамларнинг, айниқса, аёллар ва ёшлар турмуш тарзи ҳақида жиддий ўйлаб кўриш ҳақида гапирган эди. Вазифага киришгач эса биринчи қўл урган йирик амали шу бўлди.
Мана шу ўтли истак ортидан жамиятда ва бошқарув платформасида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» деган атама – истилоҳ пайдо бўлди. Дунё давлатчилиги ва жамиятшунослиги илмида учрамайдиган бу ноёб тизим бугун ўз «сўзи»ни айта бошлади. Мен ўзим бевосита «Аёллар дафтари» тизимининг «ичида» бўлганим учун у орқали амалга оширилган улкан ишлар, хайрли ҳаракатларни сизга рақам ва кўрсаткичлар орқали қисқагина баён этиб беришим мумкин.
Мана, эътибор қаратинг: бугунгача мамлакатимизда «Аёллар дафтари»га киритилган 432781 нафар хотин-қизнинг 246309 нафари (56,9 фоизи)нинг муаммоси ҳал этилишига, шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз бўлган 253210 нафар хотин-қизнинг 208975 нафари (82,5 фоизи)нинг бандлиги таъминланишига эришилди. Бу шунча хонадоннинг чироғи ёрқинроқ порлади, шунча одамнинг қалбида яшаш шавқи пайдо бўлди, ҳаётдан розилиги ортди, дегани.
Юқорида айтганимдек, Президент бу борадаги ишларни уддалаш учун уч триллион сўмдан ошиқ маблағ ажратди! Бир томонда глобал иқтисодий инқироз, иккинчи томондан пандемия, қолаверса, ўтган йили ҳаётимизда юз берган табиий фалокатлар талафотлари батамом битиб улгурмаган бир шароитда бунча маблағ, ҳаракат, энг муҳими, шу ишларга истагу иштиёқ қайдан пайдо бўлаётир?!
Нима, бу ишлар ўз-ўзидан бўлади, деб ўйлайсизми? Ҳаётда ҳеч бир нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бедорлик, уйқусиз тунлар, азоб-уқубат ва заҳматлар ҳосиласи сифатида юзага келади – Тинчлик ҳам, Ободлик ҳам, Тараққиёт ҳам, Халқ фаровонлиги ҳам.
Қолаверса, бугунги тўлғама, нотинч ва таҳликали замонда бунга эришиш осон иш эмас. Лекин бу ишлар бўлмоқда, илгаригидек қоғозлардаги ҳисобот тарзида эмас, кўз ўнгимизда юз бермоқда. Эндиликда ишсиз ва даромадсиз қолиб, қайга бошини уришни билмай юрган, бугун эса ишли бўлиб рўзғорини тебратаётган муштипар опа-сингилларимизнинг дилтортар ҳангомаларини ҳар қадамда эшитиш мумкин. Неча йиллар тўшакда михланиб ётган, қаровчисиз ва кўмаксиз, етим жигарбандларининг мунгли қароқларига боқолмай нигоҳлари ерга қадалиб қолган, минглаб дардларига даво топган, тақдир синовлари хам қилган елкалари бир меҳрибон қўл тафтидан осойиш ва рағбат олган маъсумаларимизнинг кўзларида ҳаётга, яшашга иштиёқ уйғонганини сезишингиз кўп қийин эмас.
Мен Президент Шавкат Мирзиёев билан узоқ йиллар елкадош бўлиб ишлаётган одам, қолаверса, бир сиёсатшунос сифатида у кишининг шу Ватанни, Миллатни қандай севиши, ардоқлашини исбот этиб бера оладиган яна кўп мисоллар келтиришим мумкин. Лекин бу ишларни оддий одамларнинг ўзлари кўриб, ҳаётларида ҳис қилиб турганларида бунга ҳожат борми?!

VIII

Имом Ғаззолий «Ҳамма тўфону бало-қазолар ҳаётимизни бузиш учун келмайди, уларнинг баъзилари йўлимизни тозалаш учундир» дейди.
Шу маънода, кейинги йилларда кўрган-кечирганларимиз – оғир синовлар бизни бир миллат сифатида бирлаштирди, ҳаётимизда учрайдиган бефарқлик, томир отиб кетган худбинлик каби иллатларнинг томирини қирқди, қалбларимизда бир-биримизга нисбатан меҳрни парвариш этди, десам янглишмаган бўламан. Буни ўтган йили содир бўлган воқеалар, қолаверса, бугун ҳам тинмаган, давом этаётган пандемия шароити мисолларида одамларимизнинг бир тану бир жон бўлиб ҳаракатга келганида кўриш мумкин эди. Ва бу миллатнинг бир бутунлигини, жипслигини худди ўлчагичдек аниқ ифодалаб берди.
Бугун ҳам ўтаётган кунларимиз осон кечмоқда, деб ҳеч ким айтмайди. Турли қийинчиликлар, ечилиши керак бўлган муаммолар ҳали ҳам бор. Бироқ масаланинг кишини хурсанд қиладиган томони шундаки, эндиликда одамларга – халққа нисбатан қарашлар ўзгарди.
Инсоннинг инсондек яшашга ҳаққи борлигига, энг муҳим жиҳат – адолат нуқтаи назаридан қарала бошланди ва бу қараш давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Бу эса барча сиёсий ва мафкуравий қарашлардан кўра аълоси, асосийсидир.
Мудом Ватан ва Миллат қайғуси билан ёнган Шавкат Мирзиёев шу йўлни – халқнинг барча кесимлардаги озодлиги йўлини танлади. Зикр этилган жараён ва ҳаракатлар эса буюк инсонпарвар ва миллатпарварни, чин маънода, Миллат Лидери сифатида тарих саҳнасига олиб чиқмоқда. Унинг эзгу ислоҳотлари билан эса Янги Ўзбекистоннинг шонли тарихи, инсонийлик билан йўғрилган тараққиёти саҳифалари битилмоқда.

Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
сиёсатшунос