Устюрт кенгликларидаги ҳайрат

1257

Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи ва «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси журналистлар ва блогерлар учун медиатур уюштирди.
Бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали республикамизнинг ўзига хос табиати билан таништириш, жумладан, Устюрт кенгликларидаги жонли ҳайвонот дунёсини оммага намойиш қилишдан иборат эди.

«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи

Майдони 1 миллион 447 минг 143 гектарга тенг бу боғ бултур ўша ҳудудда мавжуд фауна ва флора дунёси генофондини ҳамда табиий ландшафтларни сақлаб қолиш, шунингдек, маҳаллий экотуризм салоҳиятини ошириш ниятида ташкил этилган.
Унинг ҳайвонот ҳамда наботот дунёси анча бой ва ранг-баранг. Жумладан, сут эмизувчиларнинг Устюрт тоғ қўйи, муфлон, тоғ эчкиси, тўнғиз, ҳинд асалхўри, каракал, тўқай мушуги, қушларнинг йўрға тувалоқ, оққуш, фламинго, сақоқуш каби ноёб турлари учрайди, ­кўплаб шифобахш ва техник ўсимликлар ўсади.
Афсуски, сўнгги йилларда ушбу ҳудудда яшайдиган турон йўлбарси, гипард, леопард, гиена каби ҳайвонлар батамом йўқолиб кетди. Устига-устак, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган жайрон ва сайғоқларни браконьерлар томонидан ноқонуний овлашлар давом этмоқда. Шунингдек, геологик қидирувларнинг табиий ландшафтларга техноген таъсири сақланиб қолмоқда.

Сариқамиш кўли

Медиатур меҳмонлари даставвал «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғига қарашли Сариқамиш кўлига ташриф буюришди. Тахминан 70 фоизи Туркманистон, 30 фоизи Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бу обиҳаёт манбаининг узунлиги 120, кенглиги 40 километр, ўртача чуқурлиги 8, максимал чуқурлиги эса 40 метр. Ҳавзасидаги жами сув ҳажми тахминан 12000 куб метр.
Аччиқ-шўр сувли мазкур ёпиқ сув ҳавзаси ўтмишда доимо мавжуд бўлмаган. Баъзида қуриб қолган. Неоген даври охирлари ва ўрта асрларда қайтадан пайдо бўлган. XIX аср охирида эса яна қуриган. Шу боис уни шўролар давридаги хариталардан тополмайсиз. Маълумки, мустабид тузум замонида Марказий Осиё республикаларида пахтазорлар кескин равишда кўпайди. Куз ва қишда уларда шўр ювиш ишлари олиб борилди. Айни мақсадда ишлатилган сув эса чўлларга ва аҳоли яшайдиган жойларга йўналтирилди. Оқибатда вақт ўтиши билан кўплаб заҳарли сув ­омборлари пайдо бўлди. Шулардан бири Сариқамиш кўли эди. Уни сувга тўлдириш ўтган асрнинг 70-йилларидан ­бошланди. Натижада 80-йиллар охирида кўл юзаси 3 минг квадрат километрга етди. Бугунги кунда эса унинг умумий майдони тахминан 5 минг квадрат километрни ташкил этмоқда.
Тарихдан аёнки, Чингизхон Хоразмга юриш қилганида Амударё оқимини Сариқамиш кўли томонга буриб юбориб, Кўҳна Урганчни сув остида қолдирган. Амударё икки аср мобайнида Сариқамишни сув билан таъминлаган. Кейинчалик азалий ўзанини топиб олиб, Оролга қуйила бошлаган. Оқибатда Сариқамиш қуриб, туби шўрхок ботқоққа айланган.
Ҳозир кўлга шарқ томонидаги сунъий канал суви қуйилади, бу уни тўлдирувчи асосий манба саналади. Қолгани экин майдонларидан чиққан сувлардан иборат бўлади. Демакки, Сариқамишга чучук сув тушмайди.

Сирли махлуқ изидан…

1975 йилда маҳаллий аҳоли орасида «Сариқамиш кўли атрофида тимсоҳга ёки баҳайбат калтакесакка ўхшаш ғалати ҳайвон яшар эмиш, у қўққисдан ер остидан чиқиб, қўйларни ва сайғоқларни еб қўярмиш», деган миш-мишлар урчиб кетади. Кейинчалик ўша атрофда яшовчи чўпонлар ва овчилар, шунингдек, изланишлар олиб бораётган геологлар ва олимлар қирғоқларда силлиқ кемирилган кўплаб сайғоқ суяклари топишганини, ҳатто ваҳший жониворни ўз кўзлари билан кўришганини айта ­бошлайдилар.
«Правда Востока» газетаси мухбири Андрей Ланиус бундай иддао билан чиққанларни топиб, суҳбат уюштиради. Гувоҳлар махлуқнинг танаси икки метр, думи бир ярим метрча эканини, маҳаллий аҳоли уни каркидон деб аташини таъкидлашади. Ўша кезлар «Бу жонивор кўлга пахтазорлардан оқиб келган заҳарли химикатлар таъсирида мутантга учраган калтакесак!», деган тахминлар ҳам авж олади.
Ваҳимали гаплар аста-секин «катталар» қулоғига ҳам етиб боради. Табиийки, улар қандайдир махлуқнинг пайдо бўлиши Иттифоқнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатишидан чўчийдилар. Шу боис 1979 йили Афғонистонда вазият кескинлашгани баҳонасида Сариқамиш кўли атрофида 10 мингга яқин аскар жалб қилинган ҳарбий машғулот ўтказилади. Шу асно ҳудудда мавжуд барча йирик ҳайвонлар йўқ қилинади.
Маҳаллий аҳоли ўртасида Сариқамиш ҳудудида ер остига кириб олиб, қўй-эчкиларга ҳужум қиладиган баҳайбат калтакесак бўлгани ҳақидаги мифлар ҳамон тилдан тилга ўтиб келмоқда. Кўлдаги балиқчилар бизга унинг қирғоқларида бомбардимон қилинган жойлар борлигини айтишди. Медиатур давомида Қоратош деган жойдан ўтаётиб, бу гаплар ростлигига ишондик.

Қоплонқирда қоплонлар борми?

Устюрт жанубида жойлашган Қоплонқир чинклари (тик жарликлар) Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари ўртасида шимоли ғарбдан жанубга қараб 190 километрга чўзилган. Баландлиги – 305 метр. Қоплонқир деб аталишининг ўзига хос сабаби, бу ерларда қадимдан қоплонлар яшаган ва ҳозир ҳам гоҳ-гоҳида учраб туради.
Устюрт платосининг жанубий чеккасида, яъни Туркманистоннинг Тошовуз вилоятида Қоп­лонқир қўриқхонаси мавжуд. У 1979 йилда маҳаллий ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, аввало, устюрт тоғ қўйлари, жайрони ва Шимолий Туркманистон ҳайвонот дунёсининг ­бошқа вакилларини ҳимоя қилиш ва тиклаш учун ташкил этилган. Ҳудуддаги баланд-баланд тепаликлар, бепоён кенгликлар киши диққатини ўзига тортади.
Қоплонқирга сафар давомида медиатур иштирокчилари кўп сонли жайронларни, Устюрт қўйлари ва қулонларни томоша қилишди. Бу жойларда дунёдаги энг довюрак ҳайвон – ҳинд асалхўри ҳам яшашидан огоҳ топишди. Қулонтақирда эса бепоён чинк (тик жарлик)ларни кўриб, ҳайратга тушдилар.
Дарвоқе, Устюртда тақирлик­лар кўп. Уларда қишки қорлар ва баҳорги ёмғир сувлари йиғилиб, май ойигача ерга сингмай ётади. Ёввойи ҳайвонлар шу тақирликлардаги сувдан ичиб, жон сақлашади.
Медиатурдан чиқарган хулосамиз шуки, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғининг ташкил қилиниши жуда савобли иш бўлган. Чунки у туфайли ёввойи табиат қўйнида ноёб наботот ва ҳайвонот олами сақланиб қолган.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»