11 ойда 207 та ўғрилик содир этилган

273

Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасида вилоятда содир этилган мулкий турдаги жиноятлар, уларни тергов қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда жиноятлар профилактикаси бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари Хуршид Атаназаров сўзга чиқиб, жорий йилнинг 11 ойи давомида бошқарма томонидан мулкий турдаги жиноятларни тергов қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг профилактикаси ҳақида ахборот берди. Айтилганидек, 2019 йилнинг январь-ноябрь ойларида вилоятда 207 та ўғрилик, 240 та фирибгарлик жинояти билан боғлиқ ҳолат рўйхатга олинган. Ўғрилик жиноятининг 50,2 фоизи чорва моллари ҳисобига тўғри келади.

– Мулкий турдаги жиноятлар ва уларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз ҳам ўз мулкларини асраш борасида масъулиятли бўлиши, фирибгарлар тузоғига     тушиб қолмаслиги лозим, – дейди Хуршид Атаназаров. – Ота-боболаримиз ҳам “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма” деган мақолни бекорга айтишмаган. Вилоятимизда қайд этилган ўғрилик жиноятларининг аксарияти айнан мулк эгаларининг эътиборсизлиги туфайли рўй берган. Бу турдаги жиноятларнинг асосий қисми далада, овлоқ жойларда назоратсиз қолдирилган чорва молларига нисбатан содир этилган.

Мутасаддининг таъкидлашича, фирибгарлик жиноятининг кўпайишига ҳам худди шундай омиллар сабаб бўлмоқда. Мисол учун, муқаддам бир неча маротаба судланган Д.М. 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ҳамда жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Нишон туманининг турли маҳаллаларида яшовчи ўндан ошиқ фуқаронинг қарийб 200 миллион сўмлик чорва молларини пулини кейинчалик бериш шарти билан олиб кетиб, ваъдасини   бажармаган. Тергов-суриштирув ишлари давомида маълум бўлдики, жабрланувчиларнинг кўпчилиги Д.М.ни яқиндан танимаган ҳам.

Тадбирда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақидаги мулоҳазалар баён этилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Бошқа хабарлар