Эр – ярим пир(ми?)

321

Яқинда жиззахлик бир аёлнинг хаста эрига жигарининг бир қисмини бериб, уни ўлимдан асраб қолганини эшитиб, ғоят таъсирландим. Вафо, садоқат, муҳаб­бат ойнаси хира тортиб бораётган бир пайтда бунга ўхшаш воқеаларни фақат киноларда кўришимиз мумкин. Аммо ҳаётда ҳам бўлар экан-ку!..

Азалдан она-ю момоларимиз қизлари, набираларига «эрта бир кун турмушга чиқсанг, эринг сенинг ярим пиринг бўлади» , дея уқтиришган.
Таассуфлар бўлсинким, бугун бундай хислат айрим аёлларимизга мерос бўлиб ўтмаяпти. Оиламиз устунлари бўлган кучли жинс вакиллари кимларнингдир наздида фақатгина пул топиб келувчига айланиб қолаётгани сир эмас.
Энди ўзингиз ўйланг: эрта бир кун турмуш ўртоғи хасталаниб, тўшакка михланиб қолса, ундайлар эрининг оғзига бир пиёла сув тутишига ишонасизми?!
Истаймизми, йўқми, бугун айрим аёлларимизнинг шукроналик ҳақидаги фикрларига «куя тушгани» аниқ. (Бу ўринда эри умуман ишламай, кунбўйи «жўрабозлик» қилиб юрадиган эркакнинг аёли ҳақида гапирилмаяпти.) Бу аёлларга оиласидаги хотиржамликдан кўра, дугона, қўни-қўшни, қариндошлар ўртасидаги кимўзарга кийиниш, тақир-туқур мебеллар, тўйдаги дабдабалар борасидаги «пойга» да ғолиблик муҳимдай гўё. «Кўрпанг­­га қараб оёқ узат», деган нақлга амал қилмай, аслида арзимас орзу-ҳавас дея бора-бора турмуш ўртоғини иқтисодий масалада боши берк кўчага киргизиб ­қўйишадики, оқибатда эр бечора туппа-тузук ишини ҳам ташлаб, тўрва халтасини кўтариб, совуқ ўлкаларга ишлашга кетади.
Бир аёлни биламан – эрининг қўлида ҳунари бор, пайвандчилик қилиб, шунинг орқасидан оила тебратишарди. Қишлоқда бир рўзғорга нимаики зарур бўлса, турмуш ўртоғи ҳаммасини рисоладагидек қилиб берган. Аммо аёлининг ношукурлиги сабаб бегона юртларга иш излаб кетишга мажбур бўлди. Надоматлар бўлсинким, бошланишига яхшигина пул юбориб турган эрининг бирдан қон босими кўтарилиб кетиб, ишлаб турган жойида вафот этди. Ўша аёл турмуш ўртоғининг жасадини узоқ ўлкадан олиб келиш учун у бечора юборган пулдан ҳам кўп ­маблағ сарфлади. Оқибатда турмуш ўртоғидан эрта айрилгани қолди, холос.
Гоҳида биз – аёлларнинг жонимиз қирқта, сабр-бардошлимиз, пайғамбарларни ҳам оналар туққан, эрни эр қилиб юрган ҳам ўзимиз, дея кериламиз. Аммо англамаймизки, отамиз, акамиз, турмуш ўртоғимизнинг ҳурматини жойига қўймасак, қадрламасак, уларга фидойи бўлмасак, у ҳолда биз ким деган одам бўламиз?!
Шулар ҳақида ёзаяпман-у хаста эрига жонидан бир парча жон ҳадя эта олган ўша аёл ҳақида яна ўйлаб қоламан, у билан ғойибона суҳбатлашаман. Бу омонат дунёда умр йўлдошини азиз билган, бетоб чоғида ҳам атрофида парвона бўлган фидойи аёллар бор экан, меҳр, садоқат, вафо уруғлари қалбдан қалбга юқиб бораверади.
Фидойилигингиз, садоқатингиз, меҳрингизга тасанно!

Орзугул РУСТАМОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар