Тур, Баҳодир, сени спорт кутяпти!

— Эшитдингизми, Баҳодир полвон инсулт бўлиб қолибди.
Ушбу хабардан юрагим қалқиб кетди. Полвон билан охирги суҳбатимни эслашга уриндим. У ҳақида очерк тайёрлаш мақсадида учрашгандим. Бирон соат суҳбатлашганимиздан сўнг Баҳодир ака анча толиқиб, «Узр, қон босимим кўтарилди, шекилли, кейинги пайтларда 200 дан ошиб кетаяпти, докторлар қимирламай ётинг, дейишган, тинч ўтириш ҳеч қўлимдан келмаяпти», деганди. Суҳбатимиз чала қолгач, эътиборсизлигим оқибатида очерк ҳам тугатилмади.

Орадан уч-тўрт ой ўтиб эса нохуш хабарни эшитдим. Очиғи, шундан бери орадан икки ярим йил вақт ўтди. Ҳар сафар полвоннинг хасталиги ҳақида ўйласам, ўша суҳбатдаги яна бир гапи эсимга тушади: «Мен баъзида ўзимга ўзим, Баҳодир, қўй, олтмиш бешга чиқдинг, энди дам олсанг бўларди, деб қўяман. Бир зум ўйланиб тураман-да, ие, Баҳодир, энди олтмиш бешга чиқдинг, отанг саксон ёшигача юрт хизматида бўлган, сен ҳам яна камида 20-30 йил ишлашинг керак, ҳали қиладиган ишларинг кўп, дейман».
«Юрагида ёлқин бор» деган таъриф Баҳодир акага мос. У ҳар доим чапдаст ҳаракатлари билан атрофдагиларни ҳайрон қолдириб келган. Тиниб-тинчимас бу инсонни таниганлар: «Шу одамнинг жони темирдан бўлса керак», деб қўйишарди. Инсон Аллоҳ яратган мавжудод­лар ичра энг кучлиси, энг қудратлиси, энг иродалиси. Баҳодир Бекжонов тақдирини талқин қилганда, хаёлимдан мана шу фикрлар кечади.
У кишининг қирралари кўп. Албатта, полвонлиги биринчи ўринда туради.

Сулола

Полвонлик Баҳодир аканинг қонида бор. У киши давомчиси саналган сулоланинг бошида Оллаберган полвон номи тилга олинади. Бобо ўз даврида кўплаб рақибларининг курагини ерга теккизган. Деҳқончилик қилиб, ҳалол ризқ топ­ган. Урганч туманининг Чаккашоликор ­қишлоғида истиқомат қилувчи нуронийлар ҳозир ҳам невара-чевараларига Оллаберган полвон ҳақида кўп гапиришади.
Сулоланинг кейинги авлоди Бекжон Оллаберганов бўлиб, у Амударёда кема дарғаси бўлиб ишлаган, деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланган. 1938 йилда халқ душмани сифатида (ҳозирги Қатағон қурбонлари хиёбони ҳудудида) отиб ўлдирилган.
Бекчановлар сулоласи вакилларидан икки нафари «Эл-юрт ҳурмати» ордени, икки нафари «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонларига, «Жасорат» ва «Шуҳрат» медалларига сазовор бўлган. Тўрт нафари спорт устаси, 30 дан зиёди спорт усталигига номзод бўлиб етишган.

Спорт яшашни ўргатади

Оиладаги муҳит Баҳодирнинг қалбида спортга, хусусан, курашга меҳр уйғотди. Болалигида ака-укалари, қариндошлари билан кураш тушиб тобланган ўспирин олдин қишлоқда, кўп ўтмай вилоятда танилди.
Баҳодир 10-11 ёшларидан бошлаб кураш тушади. Давраларда нафақат тенгқурларини, ундан катталарни ҳам мағлуб қилди. Ўртабўй, қорамағиз йигитча чайирлиги, эпчиллиги билан рақиб­ларини доғда қолдирарди. Тиришқоқлиги, ғалабадан сармаст бўлиб кетмаслиги, мағлубиятдан чўчимаслиги ва руҳан ҳар доим тетик юриши кейинчалик унинг моҳир спортчи бўлиб етишишини таъминлади.
— Спорт инсонга яшашни ўргатади, — деганди Баҳодир ака бир суҳбатимизда. — Сизнингча, полвоннинг ғалаба қозонишида нима муҳим ўрин тутади? Кучми? Йўқ. Зийраклик, ҳалоллик, ҳаракат ва мақсад. Ҳаётда бирон нарсага эришиш учун шу хислатлар жуда зарур.
Ҳа, шу хислатлари туфайли Баҳодир Бекжонов нафақат полвон, балки ҳакам сифатида ҳам довруқ қозонди. 1999 йилда Тошкентда бўлиб ўтган кураш бўйича катталар ўртасида биринчи жаҳон чемпионатида унинг энг яхши ҳакамлардан бири сифатида эътироф этилгани фикримиз исботидир.

Устозлик —улуғ мартаба

Баҳодир акани эл аро азиз қилган яна бир жиҳати унинг ажойиб устозлигидир. У 1976 — 2000 йилларда жамоатчилик асосида эркин кураш ва кураш бўйича Хоразм вилоят терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб борди. Бу даврда вилоят терма жамоаси турли мусобақаларда 21 марта бош совринни қўлга киритди. Кейинги йилларда эса унинг ўн икки нафар шогирди ­республика мусобақаларида ғолибликка эришган.
2006 йилдан то хасталик тўшакка михлагунга қадар Урганч туманидаги Паҳлавон Маҳмуд спорт мажмуасида фаолият олиб борди. Бу даврда, айниқса, қизлар ўртасида курашни оммалаштиришга эътибор қаратди. 2015 йилгача «Кураш спорти маликалари» мусобақалари мунтазам ўтказиб келинди. Гулёр Отажонова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганида, Баҳодир ака шогирдининг муваффақиятидан ҳаммадан кўп қувонганди. Умумий ҳисобда 48 йиллик фаолияти давомида Баҳодир Бекжонов 5 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 40 нафар спорт устаси, 600 дан зиёд оммавий ­разрядли спортчиларни етиштирган.

«Мен ҳаётни севаман»

….2000 йили унга инсулт деб ташхис қўйишди. Олти ой шифохонада даволанишига тўғри келди. Иккинчи гуруҳ ногиронлигига чиқаришди. Унинг ори келди. «Йўқ, спортчи ногирон бўлмайди — мен ногирон эмасман…», деди ўзига ўзи. Ва кўп ўтмай ирода кучи билан оёққа турди.
— Ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Грузияга кураш мусобақасига ҳакамлик қилиш учун бордим. 70-75 ёшли ҳакамларни кўриб, ҳайрон қолдим. Улардан «Нафақага чиққанмисиз?» деб сўрагандим, қаттиқ хафа бўлишди, — дея ҳикоя қилганди Баҳодир Бекжонов. — Ўша суҳбат бутун умр ёдимда қолган. Мен ҳам ўша ҳакамлар каби ҳар доим ёш ва серғайрат бўлишни истайман.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Баҳодир Бекжонов умрининг 58 йили курашларда кечди. У нафақат ғалаба учун, балки ҳаёт учун, ғурур ва шаън учун курашди. Бу курашлар уни тоблади. Яшашга ундади.
Яқинда Баҳодир ака билан телефонда гаплашдим. Овозлари анча дадил. Биламанки, у киши яна оёққа туради. Яна ўша арслонга айланади, яна кўплаб шогирдлар етиштиради.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Фикр билдириш

Your email address will not be published.