Обуна: эътибор нега суст

270

Мамлакатимизда таълим нашрларини ривожлантириш, педагогларнинг ахборот билан таъминланишини яхшилаш, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида даврий нашрлар мутолаасини тарғиб қилиш мақсадида 2019-йилнинг 23-октабр куни Халқ таълими вазири Ш.Шерматов имзоси билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари раҳбарларига 2020-йил учун вазирлик тасарруфидаги газета-журналларга маҳаллий буджет ва буджетдан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан обуна ташкил қилиш тўғрисида тавсия хати юборилган эди. Унга кўра, 2020-йил ва ундан кейинги йилларда вазирлик тасарруфидаги ҳар бир умумтаълим мактаби ва кутубхонасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002-йил 25-январдаги 33-сон қарорининг 5-банди асосида маҳаллий буджет ҳамда буджетдан ташқари топилган маблағ ҳисобидан “Маърифат”, “Учитель Узбекистана”, “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари ва “Халқ таълими”, “Халқ таълими ахборотномаси”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Бошланғич таълим”, “Гулхан”,
“Ғунча”, “Аниқ ва табиий фанлар методикаси” журналларига камида 2 тадан йиллик обуна қилиш тавсия этилади.

Мухбирларимиз ушбу тавсия хатидаги кўрсатмалар нечоғлик бажарилаётгани билан қизиқиб, кичик таҳлил ўтказдилар.


Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Халқ таълими вазирининг хати туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларига таништирилган ва электрон кўринишда етказилган. Аммо унинг ижроси ҳозиргача таъминланмаган, дейиш мумкин. 12-декабр куни ўтказган сўровимиз натижасида фақат Мингбулоқ, Чуст ва Норин туманларидагина Халқ таълими вазирлиги муассислигидаги газета-журналларга обуна уюштирилганининг гувоҳи бўлдик. Жумладан, Мингбулоқ туманида “Маърифат” газетасига 37 та бир йиллик, Чуст туманида 28 та бир йиллик ва Норин туманида 29 та олти ойлик обуна маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан расмийлаштирилган. Учқўрғон туман халқ таълими бўлими мутасаддилари билан учрашганимизда эса мазкур масала бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси бюджет маблағлари ҳисобидан обуна қилинадиган қишлоқ мактаблари рўйхатини тақдим этишни сўрагани, рўйхат шакллантирилиб, бошқармага топширилганини айтишди. Бироқ Учқўрғонда 36 та қишлоқ мактаби бўла туриб, рўйхатда 28 та мактабни қолдириш с
ўралганини тушунтириб беришолмади.

Уйчи туманида эса туман халқ таълими бўлими мудири Шуҳрат Муродовнинг вазирлик хати келган-келмаганидан ҳатто хабари ҳам йўқ. Обуна ҳақидаги маълумотга ҳам эга эмас. Худди шундай ҳолат Янгиқўрғон туман халқ таълими бўлимида ҳам бор экан. ХТБ мудири Шавкат Мамарасулов ушбу хат бўйича ҳеч қандай чора кўрмаган. Шунинг ўзи туманлар халқ таълими бўлими раҳбарларининг ижро интизомига муносабатини билдириб турибди.


Қашқадарё вилояти Нишон туман халқ таълими бўлими мудири Норсафар Ёқубов айни кунларда мамлакатимизда қизғин кечаётган сайловларга тайёргарлик жараёни билан мутахассисларнинг банд эканлигини, тез кунларда Халқ таълими вазири тавсия хати бўйича ҳам ишлар якунига етказилишини айтди. Туман ХТБда ушбу жараён учун маҳаллий буджетдан қанча маблағ ажратилганлигини ҳисобчи Аброр Мўминов иш ўрнида йўқлиги боис аниқлай олмадик. Ёхуд бу биздан сир тутилди.

Косон туман халқ таълими бўлимида бўлганимизда ҳам юқоридаги каби салбий ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Туман халқ таълими бўлими мудири Сойиб Давидов билан телефон орқали боғланиб, мақсадимизни билдирганимизда, у туман ХТБ ҳисобчиси Музаффар Нарзуллаев бизнинг барча саволларимизга жавоб беришини айтди. Ҳисобчи эса биздан туман прокуратурасидан махсус рухсатнома ва юқори ташкилотлардан буйруқ бўлсагина бу каби маълумотларни тақдим этишини, бўлмаса ишига халал бермаслигимизни кескин уқтирди. Ҳисобчидан бу каби рухсатнома ва буйруқлар оммавий ахборот воситалари ходимларидан талаб этилиши қай бир меъёрий ҳужжатларда кўрсатилганлиги борасида сўраганимизда у биз билан ҳатто суҳбатлашишни ҳам истамади.

Шундан сўнг биз яна мудир билан боғландик ва маҳаллий бюджет орқали мактаб кутубхоналари фондини бойитиш давлат сири ҳисобланмаслигини, биз ОАВ тўғрисидаги қонун талабларидан четга чиқмаган ҳолда маълумотларни сўраётганлигимизни тушунтирдик ҳамки, раҳбардан бирор-бир жўяли жавоб бўлмади.

Туман ХТБдаги югур-югурларимиздан сўнг шу нарсани аниқлай олдикки, туман миқёсида 83 та умумтаълим мактаблари обунаси учун маҳаллий буджет маблағилар ҳисобидан 107 миллион 640 минг сўм ажратилар экан. Белгиланган газета ва журналларнинг қай бирига ва неча донадан, қанча муддатга обуна ташкил этилиши ҳамон мавҳумлигича қолди.

Қарши туман халқ таълими бўлимида тақсимотлар ўз вақтида амалга оширилган бўлса-да, “Халқ сўзи”, “Қашқадарё” газеталари ҳам рўйхатга киритилган. Ваҳоланки, вазирлик хатида ушбу даврий нашрлар қайд этилмаган. Яна ачинарлиси, белгиланган газета ва журналларнинг айримларигина 12 ой, қолганлари эса 4-6 ойга мўлжалланиб обуна қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ХТБ мутахассиси Абдирасул Холёров қуйидагича изоҳ берди:

— Хатда белгиланмаган нашрларни рўйхатга қўшишимизнинг боиси, бизга ҳам юқори ташкилот раҳбарларидан, туман ҳокимлигидан топшириқлар бўладики, шундай қилишга мажбур бўламиз. Агар шундай бўлмаганида, белгиланган таълимга оид газета, журналларимиз ҳар бир мактабларимизга тўлиғича етиб борган бўларди.


Халқ таълими соҳасида хизмат қилаётган барча педагоглар ўзлари учун зарур бўлган қўлланма, тавсия ва илғор тажрибаларни ўрганишда матбуот нашрларига мурожаат қиладилар. Афсуски, 21 та таълим муассасида 600 нафар педагог меҳнат қиладиган Зафаробод туманидаги мактабларнинг биронтасига маҳаллий буджет ҳисобидан обуна учун маблағ ажратилмаган.

Пахтакор туманидаги 31-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби кутубхонасида ҳам таълимий нашрлар жуда кам. Мактаб директори Ҳаётхон Бўронованинг айтишича, буджетдан ташқари топилган маблағдан мактаб кутубхонаси учун бир дона “Маърифат” газетасига обуна расмийлаштирилган. Мактаб раҳбари обуна учун маҳаллий буджетдан маблағ ажратилмаганлигини таъкидлади. Таълимий нашрлар камлиги боис ўқитувчилар кутубхонага деярли киришмайди.

Шароф Рашидов тумани Жиззах вилоятидаги катта ҳудудлардан бири. Туман марказидан 100 км узоқликда жойлашган мактаблар ҳам кўп. Педагоглар учун босма нашрлар энг қулай ахборот воситаси саналади. Халқ таълими бўлими мудири Дурбек Носиров ҳозирча мактабларга маҳаллий буджетдан маблағ ажратилмаганлигини айтди. Демак, келгуси йилда мактаб кутубхоналари таълимий нашрлар билан етарли даражада таъминланмайди.

Ҳукумат қарорларининг бажарилишини таъминлаш мутасадди идоралар учун мажбурийдир. Вазирлар Маҳкамаси қарорининг амалда бажарилмаётгани вилоятдаги 557 та таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагогларнинг мактаб кутубхоналаридаги зарур таълимий нашрлардан фойдаланиш имкониятини чеклайди.


Ўз тасарруфида 19 та умумтаълим мактабини қамраб олган Термиз шаҳар халқ таълими бўлими мудири Олтибой Садатов обунани ташкил этиш бўйича тегишли чоралар кўрган. Чунки ундан ахборот сўраб борганимизда, айнан мактаб директорлари билан маслаҳатлашув олиб борилаётганининг устидан чиқдик. Улар билан суҳбатда бир гуруҳ мактаб раҳбарлари ҳеч қандай ундов ва тарғиботларсиз мавсум аввалиданоқ дастлаб ўзи якка тартибда, қолаверса, ўқитувчилар (методбирлашмалар алоҳида) таълимнинг бош нашрига ихтиёрий обуна бўлаётганини, хоҳласак, почта бўлимида расмийлаштирилган квитансияларини кўрсатишини айтишди. Вилоят маркази бўлгани учунми, ҳар ҳолда, мазкур шаҳарда обуна уюшқоқлик билан амалга оширилган.

Термиз туманида жами 36 та умумтаълим мактаби фаолият юритади. Туман ХТБ мудири Ўктам Ҳақбердиев вазирлик хати билан таниш эканини маълум қилди. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар битта мактабга “Маърифат” ва “Учитель Узбекистана” газеталарига обуна тақсимоти шакллантирилган рўйхатни тақдим этди.

П.С. Халқ таълими вазирининг тавсия хатида вилоят халқ таълими бошқармалари жараённинг бориши хусусида ҳар ойнинг 15-санасига қадар вазирликнинг Ахборот хизматига маълумот бериши лозимлиги қайд этилган.

Манба: “Ma’rifat” газетаси

Бошқа хабарлар