«Океан»да улғаяётган чемпионлар

247

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг апрел ойида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган «Океан» сув спорти саройи ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар муассасаси бугун кўп сонли ташриф буюрувчилар хизматида.

Ушбу спорт муассасасида 23 та гуруҳда 16 ёшгача бўлган 200 нафар бола ва 220 нафардан зиёд катта ёшдагиларга 6 нафар мураббий мунтазам хизмат ­қиляпти.
– Тонгги соат 6:00 дан иш жараёнимиз бошланади. Сабаби, ташриф буюрувчи катта ёшдагиларнинг аксарияти ишчи-ходимлар бўлгани боис, уларнинг вақти чегараланган, – дейди «Океан» сув спорти саройи директори Расулжон Низомбоев. – Ҳар бир соатимизни ташриф буюрувчилар билан биргаликда режалаштириб олганмиз. Ҳозирда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тизимидаги корхона, ташкилот, муассасаларда ишловчи ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига имтиёзли чипталар берилган бўлиб, меҳнаткашларни соғломлаштириш мақсадида бу ерда жадвал асосида машғулотлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, болалигидан ногиронлиги бор олти нафар кичик ёшдаги ҳамда етти нафар катта ёшли ташриф буюрувчиларга олий маълумотли мураббийлар томонидан алоҳида машғулотлар ўтказилади. Ҳозирги кунда спорт иншооти ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аёллар учун тўғри овқатланишга асосланган тарзда ­аэробика, шейпинг спорт рақси гуруҳлари ҳам ташкил этган.
– Барча шароитларга эга бундай иншоотнинг вилоятимизда бунёд этилганидан бениҳоя суюндик, – дейди сув спортига фарзандини олиб келаётган Фахриддин Ҳабибхонов. – Қизим бу ерга қатнаётганига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, мураббийларининг ишончини оқлаб, ҳозирги кунда ички мусобақаларда ҳам иштирок эта бошлади.
Бугун «Океан» сув спорти саройи нафақат наманганликларнинг, балки юртимизда сузишга ишқибоз катта-ю кичикнинг оғзига тушгани рост. Жаҳон андазалари талабларига тўлиқ жавоб берадиган ушбу ёпиқ сузиш ҳавзасидаги сув ҳарорати мунтазам 28-29 градус ҳолатни ташкил этади ва тўлиқ иситиш тизими билан жиҳозланган. Испаниянинг «Астрополь» фирмасида ишлаб чиқарилган, ҳар бири 3,5 тоннадан жами 14 тонналик сувни кимёвий тозаловчи, тозалигини назорат қилувчи компьютерлаштирилган тизим ўрнатилган бўлиб, бу сувнинг доимий шаффофлиги, тозалигини таъминлаб беради.
Вилоятда сув спортини ривожлантириш мақсадида ушбу мажмуада байрам саналари муносабати билан болалар ва ўсмир ёшдагилар ўртасида мунтазам мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Бошқа хабарлар