Нега таҳририятларда касаба уюшмаси йўқ?

757

Маълумки, касаба уюшмаларининг вазифалари кейинги йилларда, айниқса, жиддий тус олди. Аммо, афсуски, бугун Андижон вилоятидаги қатор таҳририятларда касаба уюшма қўмитаси мавжуд эмас.

Бундан бир неча йиллар муқаддам сиҳатгоҳга йўлланма олиш учун Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилдим. Шунда «Агар таҳририятингизда касаба уюшмаси бўлсагина, йўлланма олишингиз мумкин», деган жавобни олдим-у, бу масала очиқ қолди. Чунки мен ишлаётган таҳририятда касаба уюшмаси йўқ эди.
Айни мавзу таҳририятларда ҳамон очиқ қоляпти. Қизиғи, на Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бўлими, на Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими бу масалага қизиқаётгани йўқ. У ёғини сўрасангиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бўлими, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг ўзида ҳам бирлашган касаба уюшмаси мавжуд эмас.
Яна ҳам қизиғи шуки, туман ва тармоқ нашрлари муҳаррирлари бу масалада асло бош қотиришни исташмаётгани ажабланарли. Нега? Чунки уларнинг қорни тўқ, усти бут. Ходимларга арзимаган маош тайинлаб, шуни ҳам ойлаб-йиллаб судрашади. Бундай вазиятда инсон манфаати ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, албатта. Минг афсуски, айни масала йиллар давомида очиқ қолмоқда ва муҳаррир, мутасаддиларга бир неча бор айтилганига қарамасдан, улар кўзларини кўр, қулоғини кар қилиб келишмоқда. Тўғри-да, қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор! Бу – бориб турган адолатсизлик.
Бугун инсон манфаати, унинг ҳаёт даражасини ошириш биринчи ўринга чиққан. Шундай экан, тармоқ ва туман таҳририятларининг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш керак. Кечиктирмасдан таҳририятларда касаба уюшмаси ташкилотини очиш, ходимларнинг ҳаёт сифати даражасини юксалтириш чорасини кўриш лозим.
Ана шунда ҳар бир инсон ҳаётидан ва меҳнатидан рози бўлади, пенсияга чиққанида ҳам орқасида қўллайдиган ташкилот – касаба уюшмаси борлигини ҳис қилиб, хотиржам меҳнат қилади.
Тўғрими? Нима дедингиз?

Икромжон АСЛИЙ,
журналист