«Мақсадимиз — илғор педагогларни рағбатлантириш»

349

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан жорий йилда илк бор Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан «Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти Лауреати» ­Республика кўрик-танлови ташкил этилмоқда. Халқ таълими тизимидаги педагог­ларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган ушбу лойиҳада юртимиз бўйлаб мавжуд 10 мингдан ошиқ барча мактабда меҳнат қилаётган илғор устозлар иштирок этишлари мумкин. Айни пайтда танловнинг дастлабки босқичи ўз ниҳоясига етди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши раиси ­­­­Равшан БЕДИЛОВ билан суҳбатимиз мана шу жараён хусусида бўлди.

– Равшан ака, танловдан кўзланган мақсад нима? Унда қайси фан ўқитувчилари иштирок этиш­лари мумкин?

– Аввало, айтиб ўтишим керакки, ўқитувчининг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, меҳнат шароити ва турмуш тарзини яхшилашга Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор қаратмоқда. Касаба уюшмалари ҳам ана шундай эзгу ташаббус­ларга елкадош бўлишни мақсад қилган. «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти Лауреати» Республика кўрик-танлови ҳам ана шундай лойиҳалардан биридир.
Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши ўртасида имзоланган қўшма қарорга асосан, танловда таълим муассасаларининг математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилари иштирок этиши белгиланган. Шу асосида танлов «Юксак натижага эришган математика фани ўқитувчиси», «Юксак натижага эришган физика фани ўқитувчиси», «Юксак натижага эришган кимё фани ўқитувчиси», «Юксак натижага эришган биология фани ўқитувчиси», «Юксак натижага эришган инглиз тили фани ўқитувчиси», «Юксак натижага эришган информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси» номинация­лари ­бўйича алоҳида ташкил этилади.
Беллашувда иштирок этиш истагини билдирган юқоридаги олтита фан ўқитувчилари дарс бераётган фани бўйича олий маълумотга, камида 5 йил педагогик фаолиятга эга бўлиши ва дарс бераётган фани бўйича биринчи ёки олий малака тоифасига эга бўлиши лозим.

– Кўрик-танлов бос­қичлари ва шартлари тўғрисида ҳам айтиб ўтсангиз?

– Кўрик-танлов 2021 йил апрель-сентябрь ойларида, уч босқичда ўтказилади. Яъни, биринчи босқич – 20 апрель – 20 май кунлари давомида номзодлар ustozfondi.uz электрон платформаси орқали ўзлари тўғрисидаги зарур маълумотларни киритишди. Ўқитувчиларнинг танловда иштирок этиш истак­ларини учинчи бир шахслар аралашувисиз, ўзлари тўғридан-тўғри тақдим эта олиш­ларига алоҳида эътибор қаратдик. Номзодларнинг ҳужжатлари комиссия томонидан уларнинг педагогик иш таж­рибаси, илмий даражаси, тоифаси, сўнгги беш йилда ўқувчилари халқаро ва рес­публика фан олимпиадаларида ғолиб бўлгани, фаолиятининг республика миқёсида ­оммалаштирилгани каби мезонлар бўйича баҳоланади. Шундан сўнг, Қорақалпоғис­тон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятдан фанлар кесимида энг юқори натижа қайд этган 30 нафар номзод июнь ­ойида танловнинг 2-босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Иккинчи босқичда танлов қатнашчиларига иштирок этаётган фани бўйича уч хил ­қийинлик даражасидаги 30 та тест топшириқлари (I қисм (1-10 гача) 1,1 балл; II қисм (11-20 гача) 2,1 балл; III қисм (21-30 гача) 3,1 балл) берилади ҳамда ҳар бир ҳудуддан фанлар кесимида энг юқори натижани қайд этган бир нафардан ўқитувчи танловнинг учинчи (республика) босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Тест натижаларига кўра, биринчи ўрин учун бир нечта номзоднинг баллари тенг бўлган тақдирда, берилган тест топшириқларининг юқори балл бериладиган қисми (III ва II қисмлар) бўйича кўп балл тўплаган номзод устунликка эга бўлади. Ҳар бир қисм бўйича ҳам баллар тенг бўлган тақдирда номзодларнинг тоифаси юқори бўлгани устунликка эга бўлади. Юқоридаги ҳолатларда ҳам номзодлар бир хил натижа қайд этса, уларнинг барчасига ­кейинги босқичда иштирок этиш имконияти берилади.
Учинчи – Республика босқичи 2021 йил август ойида ўтказилади. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ва Халқ таълими вазирлиги шакллантирган комиссия томонидан номзодларнинг касаба уюшмаси фаолияти ва меҳнат ҳуқуқи йўналишидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилади, номзодларнинг педагогик маҳорати улар томонидан ўтиб бериладиган дарслари орқали баҳолаш мезонига мувофиқ баҳоланади. Танлов комиссияси натижаларни умумлаштиради ва фанлар кесимида энг юқори балларни қўлга киритган олтита фан бўйича 3 нафардан иштирокчини 1-, 2-, 3-ўрин соҳиблари деб топади. Жами 18 нафар ғолиб аниқланади.

– Ҳозирги кунга қадар танловда иштирок этиш учун қанча ўқитувчи ҳужжат топширди? Ғолибларни тақдирлаш масаласи қандай белгиланди?

– Бугунги кунга қадар 5000 нафардан ортиқ ўқитувчи танловда иштирок этиш учун ҳужжатларини тақдим этди. Бунда, айниқса, математика ва инглиз тили бўйича рақобат жуда юқори даражада ўтмоқда. Биз бу йўналиш­ларда ўз устида ишловчи, илғор устозлар кўплигидан мамнун бўлдик. Ғолибларни тақдирлаш масаласига келсак, ҳар бир фан бўйича 1 нафардан, жами 6 нафар 1-ўрин соҳиб­ларига Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти Лауреати» кўкрак нишони ва ўттиз миллион сўм, 6 нафар 2-ўрин соҳибларига йигирма миллион сўмдан, 6 нафар 3-ўрин соҳибларига ўн миллион сўмдан пул мукофотлари 2021 йил 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан ташкил этиладиган тадбирда тантанали топширилиши режалаштирилган.
Танлов узоқ йиллик самарали фаолияти натижасида иқтидорли ва истеъдодли ёшларни тарбиялаётган ўқитувчиларни рағбатлантирибгина қолмай, касаба уюшмалари фаолиятидаги ўрни ва ролини оширишга ҳам хизмат қилади, деган умиддамиз.

Суҳбатдош:
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»