Бу ардоққа муносибсиз аёллар

610

«Аёллар дафтари»га киритилган 30 нафар хоразмлик хотин-қиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги «Хонқа» санаторийсида соғломлаштирилмоқда.

Санаторийда аёллар Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси мутасаддилари ва санаторий жамоаси томонидан тантанали кутиб олинди.
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Эргаш Юсупов бепул йўлланмаларни ўз эгаларига тақдим этар экан, бугун мамлакатимизда хотин-қизларни ардоқлаш ва эъзозлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлаб, вилоятда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида гапириб берди.
Санаторий бош шифокори Шуҳрат Собиров бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан таништирди.
Сиҳатгоҳга ташриф буюрганлар нафақат тиббий муолажалар олишади, балки мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам имкониятлар яратилган. Нонушта ва муолажалардан сўнг жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир намуналарини мужассам этган кутубхонада мутолаа завқларини туйишлари, теннис ўйнаб ёшликка қайтишлари, шахмат баҳсларида қатнашиб ақл гимнастикаси билан шуғулланишлари мумкин. Кечки салқинда сиҳатгоҳ ҳовлисида санъаткорлар, бахшилар, ҳаваскорлар иштирокидаги концерт дастурлари кўнгилларга хушнудлик бағишлайди.
Санаторийда кечадиган ҳар бир кун аёллар қалбида бир умрга муҳрланиши шубҳасиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch»