Шавкат Мирзиёев: «Ўзини ҳурмат қилган инсон адабиётни Абдулла Қодирийни бир эмас, бир неча марта ўқиган бўлади»

303

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.

Давлат раҳбари шу ерда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот қилди.

«Битта нарсани ҳаммамиз билишимиз керак. Адабиётсиз иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди. Ўзини ҳурмат қилган инсон Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»и бир эмас, бир неча марта ўқиган бўлади. Нимага десангиз, уни ўқиган одам ҳеч қачон оилага хиёнат қилмайди, керак бўлса ватанга хиёнат қилмайди.

Жадид боболаримиз Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Мунавварқори… Улар иморат қурмаган, ўзига бойлик изламаган. Биттаю битта хазина — не машаққат билан топган пулларига кутубхона қурганлар. Шу «Турон кутубхонасини ҳам ўзларининг маблағларига қуриб, мана шу элимизга, керак бўлса, ўзлигимизга намоён қилиб, тирик ҳайкал қилиб кетган десак тўғри бўлади.

Бу кутубхона намуна бўлиши керак. Бу кутубхонада маърифат нури бизга ҳар томонлама янги-янги зафарлар, натижаларга мададкор бўлиши керак. Бу кутубхонанинг нури ҳаммамизга куч қувват бериб туриши керак.

37-йил нима учун жадидларга ҳужум бўлган? Агар улар ҳаёт бўлиб, қатағон бўлмаганда эди, ҳозир Ўзбекистоннинг ривожланиши мутлақо бошқа йўлда бўларди. Мен бунга ишонаман, бунинг тагида ҳамма асослар бор.

Агар зиёлиларимиз, ёзувчиларимиз, адабиётшуносларимиз қалами билан ҳозирги адолатни қўрқмасдан ёзса, Абдулла Қодирийларни, Чўлпонларни, Фитратларни руҳи шод бўлади.

Вақтлар ўтади. Худо хоҳласа 10-12 йилдан кейин биз ният қилган, бутун дунё билан кураша оладиган ёшлар пайдо бўлади. Менга бунга ишонаман».

Бошқа хабарлар