Ёшлар – эртамиз эгаси

249

Ўтган йил мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдиргани, шубҳасиз. Айниқса, касаба уюшма ташкилотлари томонидан ёшлар ҳаётига жиддий эътибор қаратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар салмоқли бўлди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши билан ҳамкорликда тасдиқланган «Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси тизимида 2019 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури»да ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш асосий вазифа қилиб белгиланди. Корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятида ёшлар масаласига кенг ўрин берилди.
«Менинг келажакдаги иш жойим» акция­­си доирасида ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, ўзларига муносиб иш жойларини топишга кўмаклашиш мақсадида Навоий кончилик ҳамда педагогика институтлари талабалари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бир гуруҳи иштирокида «Навоий эркин иқтисодий зонаси»даги қўшма корхоналарда танишув тадбирлари уюштирилди. Хоҳиш билдирганларни ушбу корхоналарда иш билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Навоий шаҳридаги «Кураш мактаби»да вилоятимизнинг корхона, ташкилот ва муассасалари ходимларининг оилалари ўртасида «Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори» шиори остида ўтказилган спартакиада навоийлик замондош­ларимизга чексиз қувонч бахш этгани ҳам сир эмас. Якунда спортчи оилалар ҳамда ташкилотчи замондошларимиз учун вилоят бадиий ҳаваскорлик жамоалари, таниқли санъаткорлари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди. Ғолиб ва совриндорларга бирлашма кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган «Энг фаол ёш ишчи касб эгаси» кўрик-танловида Ғолибжон Ҳалимов, Суннатилло Саъдуллаев, Гулруҳ Икромова каби кўплаб ёшлар фаол қатнашиб, ўзларининг катта иқтидорга эга эканликларини намойиш этдилар.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган «Касаба уюшмалари стипендияси» эса Навоий давлат педагогика институтининг тарих факультети 3-босқич талабаси Мирсаид Жалиловга насиб этди. Навоий давлат педагогика институтининг ижтимоий ёрдамга муҳтож талабаси Розиддин Акобировга «Зомин» санаторийсида дам олиши, соғлигини тиклаши учун бепул йўлланма берилди. 100 нафардан ортиқ ёшлар Хоразмга, қишлоқларда яшаётган бир-неча ўнлаб ўғил-қизлар мамлакатимиздаги муқаддас қадамжолар, маданият ва санъат марказларига саёҳатларга жўнатилди. 1 июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан кўмакка муҳтож ва эҳтиёжманд оила фарзандларининг 50 нафари Самарқанд шаҳрига саёҳатга олиб борилди.
«Ёшлар куни» ҳамда «Ёшлар ойлиги» доирасида корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда соғломлаштириш оромгоҳларида ёшлар иштирокида турли спорт мусобақалари, концерт дастурлари, семинар-тренинглар ташкил этилди. Томди туманидаги 10 нафар кам таъминланган оила фарзандлари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Навбаҳордаги шундай оила фарзандларига эса болаларбоп китоблар совға қилинди.
Айниқса, 2019 йил ноябрь ойида иш берувчилар ўртасида «Энг масъулиятли ёш иш берувчи» танловининг уюштирилиши навоийлик ёшлар қалбида келажакка бўлган умид ва ишончни янада мустаҳкамлади. Мазкур танлов вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларга раҳбарлик қилаётган, 35 ёшгача бўлган иш берувчилар ўртасида ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
Умуман олганда, бирлашма томонидан ёшлар манфаатлари доирасида ўтказилаётган барча тадбирлар кўпчилик замондошларимизни хурсанд қилмоқда. Бу каби тадбирлар, ёшларимизни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар 2020 йилда ҳам давом этади.

Дилафрўз ЎРОЗОВА,
Навоий вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисининг Ёшлар масалалари
бўйича маслаҳатчиси

Бошқа хабарлар