Изланиш мевалари

224

«Ўқитувчи ижодкор бўлса, ўқувчи ижодкор бўлади».
«Ўз касбининг моҳир эгалари» кўрик-танловининг республика босқичи ғолибаси Дилноза Бердиеванинг энг кўп такрорлайдиган гапи бу.

Китоб туманидаги 1-ихтисос­лаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берадиган Дилноза Бердиева тимсолида бугунги кун ўқитувчиси яққол мужассам топган. Яна шуни айтиш жоизки, қаҳрамонимиз ўрта мактабларда 8-синф ўқувчиларига мўлжалланган «Она тили» дарс­лигининг масъул муҳаррирларидан бири ҳамдир.
– Ижодга қизиқиш, адабиётга ошнолик болалигимда бошланган, – ­дейди у. – Уч ёшимда чўлдаги пахта далаларида тарозибон бўлиб ишлайдиган отамни «Пахта иши» бўйи­­ча қамашди. Рўзғор юки, икки болага нон топиш юмуши онамнинг елкасига тушди. Бувимнинг тарбиясида эртак-маталлар тинглаб улғайдим. Ёмонлик устидан яхшилик, туҳмат тўқмоғидан адолат ғолиб чиқиши ҳақидаги турли эртаклар бизни ҳаде­май ёруғ кунлар келишига ишонтирарди.
1989 йилда олти йиллик жудоликдан сўнг отамни оқлашди. Ўн ёшимда ота меҳрини сездим, бағрим бутун бўлди. Падаримнинг ғамгин юзида қувонч жилваларини кўриш учун ҳам ўқишга зўр бердим. Не бахтки, пойтахтдаги Низомий номидаги педагогика олий ўқув юртига энг кўп балл билан ўқишга қабул қилиндим.
Институтни битириб, ишга келар эканман, дарсларни ўзига хос тарзда ўтишни мақсад қилдим. Масалан, бир дарсимда бутунича ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдиришга, бошқасида дўстлик, яна бошқасида меҳнатсеварлик ҳақидаги тасаввурларни бойитишга эътибор қаратдим. Ёзиладиган иншолар, шеърлар, савол-жавоблар шунга асосланди. Ўқувчиларим «Ҳали бундай дарсни бизга ҳеч ким ўтмаганди» дея иқрор бўлишлари, ўтилаётган мавзуни жон қулоғи билан тинг­лаши, алал-оқибат улар мавзуни мукаммал ўзлаштириши учун тинимсиз изланиш – одатий иш услубимга айланди. Бўш вақт топсам, ижтимоий тармоқлардан мавзуга оид қўшимча маълумотлар қидиришдан эринмадим.
8-синф «Она тили» дарслигининг масъул муҳаррирларидан бири бўлган Дилноза опадан дарсликларнинг олдингиларга қараганда анча мураккаблашиб кетгани, ўқитувчининг ўзи мавзуни тўлақонли тушуниб етмаса, уни қандай қилиб ўқувчига етказа олиши ҳақида сўрайман.
– Дарсликлар бундан ўн беш-йигирма йил олдингига қараганда мураккаблашгани рост, – дейди опа куйиниб. Бироқ биз шиддаткор замонда яшаёганимизни унутмаслигимиз даркор. Ўқитувчи ҳам замон билан ҳамнафас одимлаши шарт. Олдин фақат мавзуни ўтиш талаб қилинган бўлса, энди шу мавзуни чуқурлаштириб ўргатиш талаби қўйилмоқда. Бундан беш-олти йил аввал университетни битирган ўқитувчининг олган билими бугунги кун дарс­лигини мукаммал ўқитишга етарли бўлмайди. Айниқса, юқори синф ўқувчилари учун. Ундан ўз малакасини тинимсиз ошириш, дарсликдан ташқари қўшимча маълумотларни излаш, мухтасар айтганда, ўз устида тинимсиз ишлаши талаб этилади. Афсуски, бир жойда қотиб қолган педагогларимиз ҳали ҳам анчагина.
Она тили ва адабиёт фани бўйича семинарларда ўқитувчиларга методик-услубий кўмак бериб келаётган опа бу борадаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашади.
– Бир ойда икки марта ўқитувчиларга «Маҳорат дарси» ўтаман – дей­ди у. – Биласиз, Китоб тумани тоғли ҳудуд. ­Макрид, Деновбола, Коина, Обиканда каби қишлоқлар туман марказидан 30-40 чақирим узоқликликда, тоғлар бағрида жойлашган. Мутахассис етишмайди. Олий маълумотли, малакали фан ўқитувчилари кам. Дарсларни ўрта махсус маълумотли педагоглар ўтаётган мактаб­лар ҳам йўқ эмас. Табиийки, бу қиш­лоқлардан олий ўқув юртига кирадиган ўқувчилар сони мақтанарли эмас. Айримларнинг назарида ўқитувчилик қилиб, рўзғор тебратишдан кўра, чорванинг ортидан кун кўриш қулайроқ туюлади. Қатнаб дарс ўтадиган ҳамкасбларим ҳам бор. Аммо улар йўл ва тушлик харажатлари ошиб бораётгани туфайли кўп сонли эмас. Нима учундир, узоқ қиш­лоқларга қатнаб, ойлигига қўшимча маош қўшиладиган ҳудудларга Китоб туманидан бирорта ҳам қишлоқ кирмаган?! Мутасаддилар ушбу масалани ўйлаб кўришса, яхши бўларди…
2017 йилда республикада «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» деб топилган Дилноза Бердиева шу кунларда 8-синф «Она тили» дарслиги учун қўшимча ўқув қўлланма тайёрлаётир. Жорий йилда Китоб туманига бутун мамлакатимиз бўйлаб фан ўқитувчиларини таклиф қилиб, семинар ташкил қилиш ҳам режасида бор.
Дилноза Бердиеванинг иқтидорли шогирди Фарзона Зокирова туман миқёсида «Энг чиройли ҳуснихат эгаси» деб топилган бўлса, ўқувчилари Руҳшона Ўроқова, Гўзал Иброҳимова, Севинч Хуррамова «Мен ҳам келажакка овоз бераман» иншолар танловида вилоятда ғолиб чиқишди. Яна бир шогирди Дилноза Нуъмонова «Фан олимпиадаси»нинг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.
Дарҳақиқат, ўз касбига меҳр қўймоқ кишининг маҳоратини чархлайди…

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар