ҲАҚИҚАТ ҚАРОР ТОПДИ

527

Аммо бунгача қанча сарсонгарчилик бўлди

Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Бироқ букилган ҳақиқатни қайта тиклаш ҳам осон эмас. 2001 йилдан «Агробанк» тизимида фаолият кўрсатиб, унинг Янгибозор тумани филиали, Хоразм вилояти ҳудудий филиали, Урганч филиали бошқарувчиси лавозимларида ишлаган ёш кадрлардан бири Мансурбек Болтаев тақдири бунинг ёрқин мисолидир.

У Банк молия академиясини битирган, Сингапур давлатида ўқиб келган билимдон мутахассис эди. Аммо… 2018 йил 17 август куни «Агробанк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишда «Агробанк» Урганч филиали бошқарувчиси Мансурбек Болтаевни ишда камчиликларга йўл қўйгани ва ички меҳнат тартиб-қоидаларини бир марта қўпол равишда бузгани учун ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шунга асосан 2018 йил 28 август куни «Агробанк» акциядорлик тижорат банкининг 157-сонли буйруғи чиқарилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Буйруқда видеоселектор баёни, тегишли тармоқларнинг билдиришномалари ҳамда Мансурбек Болтаевнинг тушунтириш хати беришдан бош тортгани тўғрисидаги далолатнома асос сифатида келтирилган.
Албатта, банк тизимида узоқ йиллик тажриба ва юқори малакага эга бўлган мутахассис, 11 йилдан буён раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган, қолаверса, халқ депутатлари Урганч шаҳар депутати бўлган шахс ўз ҳуқуқлари топталишига кўз юмиб кетолмасди. У Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидан манфаатларини ҳимоя қилиб, лавозимига қайта тикланишида амалий ёрдам сўради. Шундан сўнг касаба уюшма аъзоси манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилинди. Даъво аризада Мансурбек Болтаев ноқонуний равишда ишдан бўшатилгани ва уни «Агробанк» Урганч филиали бошқарувчиси лавозимига ишга тиклаб, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарларни ундириш сўралди.
Иш ҳужжатларидаги мавжуд далиллар ва аниқланган ҳолатларни таҳлил қилиб, суд 2018 йил 29 октябрда Мансурбек Болтаев билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 157-сонли буйруқни ғайриқонуний деб топиш ва бекор қилиш, уни «Агробанк» Хоразм вилояти бош­қармаси Урганч филиали бошқарувчиси лавозимига ишга тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди. «Агробанк» акциядорлик тижорат банки ҳисобидан Мансурбек Болтаев фойдасига 9 773 460 сўм иш ҳақи ҳамда 4 900 000 сўмлик маънавий зарар ундириш белгиланди.
Шу тариқа Мансурбек Болтаев ўз фаолиятини давом эттирди. Аммо орадан беш ой ўтиб-ўтмай филиал бошқарувчисини яна ишдан бўшатишди. «Агробанк» акциядорлик тижорат банкининг 2019 йил 23 апрелдаги 69-сонли буйруғида Урганч филиали бошқарувчиси Мансурбек Болтаев билан тузилган меҳнат шартномасини у ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани сабабли 2019 йил 23 апрелдан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига биноан бекор қилиш кўрсатилган. Асос сифатида «Агробанк» акциядорлик тижорат банки Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасида ўтказилган 2019 йил 8 апрелдаги 3-сонли йиғилиш баёни келтирилган.
Мансурбек Болтаев яна ўзини ноҳақ ишдан бўшатилган деб ҳисоблаб, Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидан ёрдам сўради. Бирлашма яна судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. «Агробанк» раҳбарларининг талабига кўра даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судида видеоконференция алоқа режимида кўриб чиқилди.
Суд Мансурбек Болтаевни ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун жавобгардан 12 кунлик иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.
Лекин… Мансурбек Болтаев «Агробанк» тизимида бошқа ишлай олмаслигини билдирди. Бунинг ўрнига ўртача ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида компенсация ундириб беришни сўради. Суд бу талабни қаноатлантирди. Мансурбек Болтаев ҳисобига ундирилган маблағларнинг умумий миқдори 38 миллион сўмдан зиёд. Англашиладики, «Агробанк» раҳбарларининг Мансурбек Болтаевни икки марта қонунга хилоф равишда ишдан бўшатишга уриниши давлат божи билан қўшиб ҳисоблаганда банкка 54 миллион 600 минг сўмга яқин зарар келтирди. Мутасаддилар қимматбаҳо вақтларини суд жараёнларида ўтказишди. Мансурбек Болтаев эса руҳан эзилди. Ваҳоланки, бу маблағ ва бу вақт эзгу мақсадларга ҳам сарфланиши мумкин эди.
Мансурбек Болтаев ўтган йил 13 майдан бош­лаб янада масъулиятли лавозимда иш бошлади. Айни пайтда у Урганч шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари ­бўйича ўринбосари сифатида юрт равнақига ҳисса қўшмоқда.
Ушбу малакали ёш раҳбар тақдирини баён этишдан кўзланган мақсад касаба уюшмалари ходимлар манфаатлари йўлида курашга тайёр эканини таъкид­лашдир. Қолаверса, халқимиз таъбири билан айтганда олтин зангламайди. Малакали мутахассислар ҳеч қачон кўчада қолмайди. Уларга қилинган адолатсизликлар иродаларини букмайди, аксинча, янада қатъиятли ва шижоатли бўлишга ундайди.

Мурод ХУДОЙБЕРГАНОВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси
юридик бўлими етакчи мутахассиси

Бошқа хабарлар