Остонадаги учрашувлар

1020

Мактабларда давлат раҳбарининг топшириғи билан 2021 йил 1 апрелдан ижодий- маданий ишлар тарғиботчиси лавозими таъсис этилди. Унга ижодкорлар жалб қилинди. Газетадаги хабардан

Ўқитувчи нега газета ўқимайди?

Мактаб даргоҳига қадам қўйиш болалик билан юзлашувга ўхшайди. Илк лаҳзаларданоқ тотли хотиралар қамраб олади, сергап ҳамроҳдек этагингдан ушлаб, йўл бўйи қўйиб юбормайди. Маърифатли ­дунёда инсоннинг тақдири шу масканда ҳал бўлади, ­дейилса, бу гапда асло ёлғон йўқ. Боланинг мактаб бағрида кечирган йиллари, унда олган сабоғи 99 фоиз одамнинг келажагида қўрғошиндан қўйилган муҳрдек ўчмас бўлиб қолади: ким шу даврни яхши ўтказган бўлса, ҳаёти яхши, ёмон бўлса, бу ҳалқадан чиқиб кетиши қийин.
Озода, файзли даргоҳга илк қўйилган қадам қадрдон ҳисларни ато этди. Биринчи лаҳзадаёқ, ёш, ҳали гард қўнмаган нигоҳлар, беғубор ва ўзбекона содда ҳаракатларга дуч келиш кишида ички бир ҳаяжон қўзғайди. Мактаб раҳбари ташқарида кутиб турган экан. Шинам, файзли хонада суҳбат тез қўр олди, мақсад аниқ, ният холис, эҳтиёж сезилган, шунинг учун бу ҳаракатни – мактабларда маънавий-маданий ишлар ташкилотчиси бўлишни икки томон ҳам маъқуллаган эди. Таассуротлар ёруғ, бу балки болаликка хос беғубор кайфиятдир, лекин моҳиятга разм солиб қаралса, халқ таълими соҳасида, мактабларда жиддий муаммолар тўпланиб қолган. Бу ҳолнинг сабаблари маълум, энди вазиятни ўнглаш шарт. Мактаб масаласи, донишманд боболаримиз таъкидлаганидек, ҳар доим ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган.
– Ижодкор ўқувчиларимиз кўп, – деди мактаб раҳбари уларнинг юзага чиқмаётганига ўзи айбдордек хижолат бўлиб. – Аммо машҳурларимиз йўқ.
– Халқимиз талантли-да, – оҳангни пастга туширмай давом этаман, – эзгуликнинг кечи йўқ.
– Энди сизлар келдингиз, ёрдам берарсизлар…
– Албатта, мақсад ҳам шу-да. – Бирдан касб синд­роми қўзғайдими, жиддий саволлар кўндаланг бўла бошлайди:
– Газета ўқиб борасизларми?
Ўйчан нигоҳлар сергакланади, бош ҳам хиёл кўтарилади. Шахт билан шундай сўзлар янграйди:
– Биз газета ўқимаймиз…
Бу гап оҳангида «Бизни жиноят устида қўлга туширмоқчи бўляпсизми? Йўқ, кечирасиз, биз халқнинг ишончли зиёлиларимиз, интизом биринчи бурчимиз ва биз юқорининг буйруғи (балки иродаси)ни оғишмай амалга оширамиз» деганга ўхшаш таадди бор эди!
Ҳа, маърифатга элтувчи ягона йўл – мутолаа, мутолаанинг энг қулай воситаси – кундалик газеталар, сингари ақидалар билан яшаётган одам «Биз газета ўқимаймиз!» деган сўзларни эшитса, ажабтовур ҳолга тушар экан. Қандингни ур, муаллим! Самимий айтилган бу эътирофда асло ғаразлик йўқ эди, фақат соҳанинг энг «каттакон»и томонидан «Биз мажбурий обунага қаршимиз» тарзида изҳор қилинган, бефаросатларча айтилган фикрнинг оқаваси эди бу гап.
Халқимиз табиати қизиқ-да, қизиқлигининг бир қирраси – «катта»ларни жуда ҳурмат қилади. (Бу ҳол ҳам яхши, ҳам ёмон экан). Ана шу нозик нуқтани анг­лаган ва аллақачон олғирликка ўрганган баъзи кимсаларнинг «катта»ликка интилиши шундан. Бинобарин, «катта»нинг гапини қонун ўрнида кўради. Шундай бўлгач, кимсан вазирнинг гапи ГАП-да! Деворни суяттириб қўйса (албатта, «катта»лардан бири) нимагалигини сўрамай, 2-3 кун ҳам суяб турадиган халқнинг вакилига бошқа эътироз билдириб ўтириш ортиқча эканини сезиб, сукут сақладик. Демак, «мажбурий обуна», умуман обуна деб тушунилган, изидан газетага обуна бўлмаслик, умуман ўқимаслик, деб тушунилган. Мана, моҳият!
Мактаблар ҳаётида ­кейинги йилларда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Аммо янгиланишлар жараёнида бир нарса ўзгармай қолаётган экан (биринчи таассуротданоқ шуни англадим): ўқитувчининг ­дунёқараши! Ўтган ўн йилликларда бу соҳа қандай ислоҳотларни бошдан кечирмади? Шу буҳронда ўқитувчининг ўз устида ишлаши учун имкон берилмаган экан; ҳаммаси – оммавий: тадбирлар, мусобақалар, аттестациялар ва ҳоказо. Лекин ўқитувчидан «Шу ўзгаришларга улгуряпсизми? Вақтингиз етарлими?» деб сўралмаган, сўралса ҳам, жавоби эшитилмаган ёки инобатга олинмаган экан. Оқибатда, ўқитувчи ўзини мукаммаллаштирмай, ўз устида ишламай қўйган – институтда олинган «багаж», дарсга нари-бери, мажбурият юзасидан тайёрланган, лекин изланмаган. Чунки бунга зарурат бўлмаган: ҳар куни тадбир, ҳар куни комиссия. Кошки бу «тадбир»лар маънавиятга хизмат қилса?! Оқибатда, зеҳни лойқалашиб, касбга муҳаббати ҳам сўниб кетган, «инсон қалбининг меъмори»га эмас, оддий ходимга, ҳар ойда маошни кутадиган истеъмолчига айланиб қолган. Бундай одам газета ўқийдими, китоб ўқийдими? Ахир бу машғулот учун пул тўлашмайди-ку (тушунча шу даражага етган). Қолаверса, юқоридагиларнинг ўзи ўқимайди-ку!
Қаршимда содда, самимий, ишчан раҳбар ўтирарди, бунинг устига бугун анқонинг уруғига айланиб қолган эркак зотидан. У соҳанинг ҳозирги талабларини жуда чуқур билади, унча-бунча савол-жавобда менга тутқич бермаслиги ҳам аниқ. Шу ҳолни билгач, кўнгилга таскин берувчи мавзулардан гаплашдик. Ҳаммамизнинг мақсадимиз эзгу. Бу даргоҳда фарзанд­ларимиз вояга етяпти, фарзандлар эса келажагимиз. Ким, қандай ақлли одам келажагига бефарқ бўлади?! Ижодкорларнинг келишидан мақсад ҳам шу жойларга бугунги кунларнинг ЯНГИ нафасини олиб кириш. Яқинда чиққан китобимни совға қилдим. Раҳбар уни лоқайд қўлига олди, балки фикрида «Буни нима қиламан?» ёки «Мақсад нима?» деган саволлар айланаётгани аниқ эди. Эҳтимол, эски «дард» – китобни сотиб бериш ташвиши қийнаётгандек.
– Беғараз, – дедим. – Агар яна учрашувлар насиб этса, мен ҳақимда тасаввур ҳосил қилишингиз учун тақдим этдим. Бошқа мақсад йўқ. Ўқинг, тил-адабиёт ўқитувчиларига ҳам беринг. Ҳатто ичида «Адабиёт муаллими» деган мақола ҳам бор…
Хайрлашдик. Раҳбар мамнуният билан кузатиб қўйди.

Ҳаёт кўзгусидаги акс

…Топшириқ жиддий бўлди. Ўзи, гап 2-3 ойдан бери айланиб юрган, аниқ ечим бўлмаётган эди. Ниҳоят, шу туман ташкилий ишларда ҳаммадан орқада қолибди ва қаттиқ танқид қилинибди. Барчани тўплашди, мактаб раҳбарларини койишди, тарғиботчиларга фаол бўлиш топширилди. Эрталабдан ҳужжатларим билан бир халтага турли китоблар, газета-журналларни жойлаб мактабга шошдим. Бугун режа бўйича тил-­адабиёт ўқитувчилари билан учрашиш белгиланган эди.
Мактаб яна файзли қучоғини очиб кутиб олади. (Бу даргоҳда икки ярим минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олар, эртадан-кечгача иш қайнар экан). ­Навбатчиларга ўзимни таништириб, раҳбарни сўрадим.
– Йиғилишдалар. Ўринбосарлари борлар.
– Чақиришнинг иложи борми?
– Ҳозир.
Раҳбарнинг хонаси узоқ эмас, кириш жойга яқин, ўринбосар ҳушёр турган эканми, кўриниш берди. Менга юзланиб:
– Ҳа, Лутфи Жўллиевич айтувдилар келишингизни. Ўзлари тестдалар, келинг, – дея йўл ­бошлади. «Тест» нималиги билан қизиқиб ўтирмадим, раҳбарларнинг йиғилиши кўп бўлишини биламиз, бу ҳам шулардан биридир-да…
Қўнғироқ чалинди, зал шовқинга тўлди. Издиҳомда ўринбосар баттар шовқин соларди:
– Шоир келди… Шоир келди.
Нега бундай қилди, тушунмадим. Менга юзланиб деди:
– Сиз бугун ўқитувчилар билан учрашишингиз керак-а? Ҳозир келишади.
– Коридорда шовқинлашиб ётмайлик, ичкарига кириш мумкинми? – болалар ўтиб-қайтяпти, назаримда, ҳамма «шоир»га қизиқсиниб қарарди, ноқулай бўлди.
Қабулхонага кирдик. Ўринбосар бепарво, ҳатто ўтиришга ҳам таклиф қилмади. Бир четга чўкдим-да, бир оз қизишиб:
– Сиз «шоир» деб масхара қиляпсизми? Ўзи, тирик шоирни кўрганмисиз? – дедим. Болалик беғуборлиги ва қилиқларидан қутула олмаган норасида болага ўхшарди у.
Ўринбосарда асло норози бўладиган аломат йўқ эди, унинг бори шу эди чамаси. Бу ёғи маълум: ота ёки турмушга чиққан бўлса, эри пулдор, диплом ҳам, «зам»лик ҳам шу воситада ҳал бўлган. Ҳозир бунақа ходимлар тиқилиб ётибди, ишдан бўшата олмайсан ҳам, иш ҳам бермайди. Хонага узун-қисқа бўлиб уч-тўрт аёл кириб келди. Улар тил-адабиёт ўқитувчилари экан.
Энди маърифат масканининг сершовқин ва тиғиз дунёсида бирор тинчроқ жой топиб гаплашиш муддао бўлиб қолаётганди. Ҳар бир бурчак ҳисобда, ҳамма синфлар банд.
– Боғимизга ўтайлик, – дейишди опалар. – Баҳонада кўрасиз. Роса ораста қилиб қўйганмиз.
Узун коридор бўйлаб кетдик. Кўзим «Кутубхона» деган ёзувга тушди.
– Кутубхона ҳам бўлаверади, боғда шароит қанақа?
– Кутубхоначи ишга чиқмаяпти… – дея дудуқланишди. Олдинги сафар ҳам кутубхонани сўраганимда мужмал гап бўлган эди. Балки нимадир юз бергандир, бегона одамга ҳаммаси айтилавермайди-ку, яна ўқитувчилар жуда оғзига маҳкам бўлади, деб эшитганман.
Ташқарига чиқиладиган эшик қулф экан, бироз кутиб турдик. Опаларга разм соламан, емакхоналарнинг «гул»и бўлиб ўтирадиган «гап»чи хотинлар кўз олдимга келади. Муаллималарда зиёлилик ҳам, униси ҳам бордек туюлади.
Боғ деганлари оранжерея экан, деразадан дарахт­лар кўзга ташланади. Унинг ҳам эшиги қулф, яна кутиш, аммо хижолатпазлик йўқ, мактаб ҳаётида бунақалар оддий ҳол, шекилли. Ниҳоят, омонат ўриндиқларга жойлашиб, «оламшумул» мулоқотга киришамиз.
Вазиятни соддалаштириш учун бизнинг ташрифимиздан мақсад нималигини, бу соҳада муаммолар мавжудлигини, давр шиддат билан ривож­ланаётгани-ю юртимиз улуғ режалар билан яшаётганини узоқ изоҳлашга тўғри келади. Гап асносида ҳурматли устозларнинг салоҳиятига баҳо бермоқчи бўламан. Назаримда, газетани қарғаганлари рост, бироқ анчадан бери китоб ҳам ўқимай қўйгандек, атроф­­да кечаётган ўзгаришлар билан қизиқмаётгандек, бутунлай лоқайдлашиб қолгандек туюлаверадилар. Шу маҳаллада туғилиб-ўсган, ўзини реклама қилмай, камтарона яшаб ўтган таниқли ёзувчини сўрадим, билмайди. Ҳатто номини ҳам эшитмаган. Мактаб­ларда тўгараклар аллақачон йўқолиб кетган. Ўрнини пуллик тайёрловлар олган. Тарих, тил, адабиётнинг ўқитилишидан кўзда тутилган мақсадлар ҳақидаги мулоҳазалар хаёлнинг кўчасидан ўтмайди. Дунё­қарашлар маҳдудлашиб, бир хонадон доирасида қолиб кетганми, деб ўйлаб қоласан киши. Бунақада оламшумул мақсадларга қандай етамиз?! Мулоқот шу билан поёнига етдики, бир-биримизни анча тушуниб қолдик. Ўзиям, қаттиқ-қаттиқ гаплар бўлди-да. Устоз­лар муносабат ўзгараётганини сезишди-ёв!
Хуллас, мактаб – ҳаётимиз кўзгуси, деган гап рост. Ҳаммамиз бу даргоҳдан узоқлашиб кетган эканмиз. Бугун унинг ташвишлари умуммиллий тус олган экан, келажакда улуғ натижаларга эришилиши аниқ. Фақат ўша кунлар тезроқ насиб этсин.

Китоблар мактабга бегонами?

Нуқул бошқаларни ўқитиб юрган одамнинг бирдан бошқадан «панд-насиҳат» тинглашга кўникиши қийин бўлса керак, суҳбатдошларим нуқул жиловни қўлга олишга ҳаракат қилишар, гўё улар гапириши, мен тинглашим керак эди. Бугун эса «кутилмаган воиз»дан эшитишга тўғри келганди.
Шундай қилиб, устозлар газетанинг ортиқча бўлиб қолганини роса уқтиришди. Мен ҳам бўш келмадим: Япониядан мисол келтирдим. «Бўлмаган гап. Японлар жуда билгич халқ, агар гапларингиз рост бўлса, улар асло ортиқча чиқим қилмай, газеталарини ёпиб ташлашарди. Машҳур «Асахи»ни биласизларми, кунига икки марта босилади. Унинг адади ҳамон миллиондан ортиқ экан».
Шундан кейин ҳовурлари анча босилди, Япония­­ни билар экан, бир балоси бор, чоғи, деб ўйлашди, чамаси, бу ёғи бемалолгарчилик бўлди (содда, гўл деса ҳам бўладиган муаллималарнинг таги бўш мулоҳазалари шавқимни қўзғаб юборди). Бундай чегараланган қарашлар амалиётга ҳам ўз таъсирини ўтказган, мактабга анча йиллардан буён на биронта газета, на журнал келар экан. Ва мактаб даргоҳига кириб-чиқиб юрган минглаб-миллионлаб (мамлакат бўйича) шундай кайфиятдаги ўқитувчилардан биронтаси ҳафсала қилиб, қўлига бу «эскирган матоҳ»ларни олишини тасаввур қилиб бўлмайди. Мана, аҳвол!
Кунлар эса ўтаверади, ташвишлар тиқилиб ётибди, шу кун қўлингга қалам олиб бир ҳарф ёзмасдан мактабга келсанг ҳам фаолиятинг «мазмунли» ўтади: болаларни сафга тизиш, кечикканларни муҳокама қилиш; нари борса, салом бериш одоби ёки ота-онани ҳурмат қилиш фарзлиги ҳақида ўқувчилик йиллари эшитган «қайроқи ­гап»ларни такрорлаш. Фаолиятнинг мазмуни, тахминан, шу баландлик ва кенг­ликда. Ана шундай муҳитга тушиб қолган «келажак эгаси» эса мактаб таълимидан қониқмайди ва «репетитор» деган «сеҳргар»га мурожаат қилишга мажбур бўлади. Репетитор деганлари пулингни олади-да, илм­нинг мағзини каллангга жойлаб қўяди. Ҳолбуки, репетиторга тўланадиган пулни давлат устозларга тўлаб ­қ­ўйибди, репетитор кўрсатган мўъжизани устоз намоён этиши шарт.
Ўйлаб қоласиз: бундай икки қаватли ёндашув нимага керак, репетиторга ота-оналар чўнтагидан қанча маблағ сарфланишини биров ҳисоблаб чиққанми? Агар шу ҳол ҳақиқат бўлса, ё унисидан, ё бунисидан воз кечиш керак. Ўқитувчига тўланадиган пул нимага хизмат қиляпти? Кейинги йилларда булар ҳақида бош қотирилмай, телефондан қандай фойдаланиш юзасидан «изланиш»лар олиб борилганга ўхшайди.
Суҳбат муҳити юзага келгач, халқ таълими олдида турган муаммоларни тилга олдим, бу билан лоқайдлашган зеҳнлар очилар, вазиятни теранроқ тасаввур қилишар, деб ўйладим.
– Тасаввур қилинг, бу синфда дарс кетяпти, ёндаги хонада эса зериккан ўқитувчилар қарта ўйнаб ўтирибди…
– Шу мактабда бўлибдими, қачон бўлибди? – бирдан ҳаяжонланиб қолишди.
– Йўғ-эй, республикамизнинг чекка бир туманида. Халқ таълимига хос муаммолар ҳамма жойни қамраб олган…
«Шундайми?» дегандек ҳомуза тортишади. ­Бошқа қандай ҳам бўлиши мумкин, уларнинг рес­публиканинг узоқ бир жойида рўй берган воқеа билан нима ишлари бор, шунга асабларини бузишлари шартми, ўз кулбалари тинч бўлса, етарли-да. Газета орқали янгиликдан бохабар бўлмаган одамнинг ҳафсала билан «Ахборот» вақтини пойлаб, телевизор кўришини тасаввур қилиб бўлмайди (бу ёқда сериаллар қўшқўллаб бағрига тортиб турса-я!). Шундай бўлгач, юрт, дунё ҳаёти билан қачон танишадилар? Маърифат соатлари, ҳафталик сиёсий ўқишлар теле­экранлардаги «Дунёда нима гап?» қабилидаги кўрсатувлардек аллақачон йўқ бўлиб кетган экан.
Газета ўқимаган одамнинг китоб ўқишини хаёлга келтириб ҳам бўлмайди. Айниқса, бадиий адабиётларни. Мактаблардаги қадимги «Спартанча тарбия услуби»ни ёдга туширадиган иш тартибларини мушоҳада қилиб, китоблар мактаб ҳаётидан чиқиб кетганми, деган хулосага бориш мумкин.
Ҳозирги замон одами амалиётчи бўлиб кетди, фантазияга кўп ҳам эрк беравермайди, дейишади руҳшунослар. Бадиий адабиёт мутолааси эса қалбга малҳам беради, кишидаги раҳм-шафқат, меҳрибонлик, оқибат, ҳалоллик сингари эзгу туйғулар илдизига ҳаёт бағиш­лайди. Афсуски, мактаб фаолиятида бу машғулотларга ўрин бўлмагач (китобхонлар конференцияси, «Бир асар муҳокамаси», китобхонлик танловлари сингари тадбирлар йўқ бўлиб кетгач), бу юмуш ҳам эсдан чиқиб кетган, унутилган. Шунинг учун ҳам «Мактабга китоб ёзган одам келди» дейишса, китобфуруш келди, деб тушунишади ва китоб сотиб олиш ортиқча харажат бўлганидан ундан қочишади…
Тортишувлардан кейин икки томон анча-мунча бир-бирини тушуниб, муроса йўлига тушиб қолганди. Энг асосийси – устозлар эътибордан, рўй бераётган янгиликлардан мамнун эдилар. Фақат узоқ вақт депсиниб қолган ғилдираклар бирдан тезланиш олиб кетиши қийин кечаётгани кўриниб турарди. Яна, янгича ёндашувларга, теран педагогик илмий тавсияларга, ташаб­бусларга ўрин борлиги сезилиб қолаётган экан. Гўё туман тарқаган, энди йўлни қайси томонга олиш керак, кимнинг ортидан эргашиш лозимлигини аниқлаб олиш зарур экан.
– Биргаликда давом эттирамиз, – дедим хайрлашаётиб шодон.
– Албатта, – дейишди улар ҳам тагдор қилиб. ­Эътироф оҳангида «Кўрамиз, ким-кимни енгади?» (спартанча беллашувларда бўладиганидек) деганга ўхшаш иддао ҳам бор эди.

Қоғозбозлик ҳақида

Мактаб фаолияти қоғозлар уюми остида қолгани ҳақида роса гап-сўз бўлган эди. Ўқитувчи қувватини дарсга эмас, ёзиш-чизишга сарфлайди, синфга номига кириб чиқади, текширувчилар ҳам таълим-тарбия сифатини эмас, ҳужжатни ўрганади, қабилидаги гаплар урчиб кетганди. Бу эътирофлар юз фоиз ҳақлигига ҳали асосий ишга киришмай, амин бўлдим.
Ишга қабул қилишни расмийлаштириш учун ҳужжатлардан нусхалар (нечадир дона, яна ранг­­ли ва ҳоказо)ни қўйиб турайлик, битта маълумот неча марта «ўйиб муҳрланиши»ни ҳисобга олайлик. Масалан, туғилган вақти таржимаи ҳолда, шахсий варақада, ички ишлар, ҳарбий комиссариат ва яна қаерларгадир зарур анкеталарда. Ота-она, ҳатто қайнота-қайнонанинг исми-шарифи, туғилган йили, иш фаолияти, яшаш жойи (ёки вафот этган вақти, сабаби) – ахир бу маълумотлар паспорт столида, асосий иш жойида, маҳаллада ва яна аллақаёқларда бор-ку. Агар зарурат туғилса (қачон, қандай ҳолатда зарурат туғилади?) бир тугмачани босиш билан топса бўлади ҳозир.
Булар ҳали ҳолва, «Қариндошларингиз тергов остида (?) бўлганми?» қабилидаги 2 та сўроққа, «Чет элларда қариндошларингиз борми, улар…» сингари 3-4 сўроққа жавоб бериш талаб қилинади, қайта-қайта (ёзма равишда). Даста-даста қоғозларни қабул қилиб олаётган мулозим айтадики, «Ҳали булар ҳаммаси эмас, ҳар бир ҳужжатни суратга олиб, компьютерга соламиз, анкеталарни ҳам компьютерда сақлаймиз» дейди.
Юз йиллар олдинги «тўр»ларнинг ҳамон ­амалиётда бўлгани ажаблантиради. Ахир ҳозирги технологиялар шароитида бир маълумотни исталган манбага жойлаш ёки исталган маълумотни сўраб олиш мумкин-ку. Бу қоғоз тўлдиришлар вақтни олишдан ташқари ортиқча харажат эмасми? Балки бу масалаларни ҳам мутасаддилар ўйлаб кўрар, негаки, мактаб ҳаётида кичик нарсанинг ўзи бўлмайди.
Нима бўлганда ҳам мақсад атрофида айланиб юриб, асосий юмушга, ҳатто объектга яқинлашганимиз йўқ эди. Ҳали ўқувчилар билан юзма-юз бўлмадик, уларнинг беғубор, умидли нигоҳлари қаршисида ҳисобот бериш насиб этмаяпти.

Умид учқунлари

Адабиёт муаллималари билан суҳбат якунида иқтидорли болаларни жамлаб, бир тўгарак ташкил қилиш таклифи изҳор қилинган эди. Улар иқтидорли болалар кўплигини, бу борада муаммо бўлмаслигини таъкидлашди. Бугун иқтидорлар билан учрашиладиган кун.
…Мактабга бориб билдимки, тўгарак тузиш масаласи ҳал қилинмабди, қолаверса, ўтган галги мулоқот (гарчи мен бақир-чақир билан анча нутқ ирод этган, масаланинг жиддийлигини таъкидлаган бўлсам ҳам) шунчаки йўлида бўлган учрашув тарзида қабул қилинган, чамаси, ҳатто менинг келишим кутилмаганга ҳам ўхшайди, масала очиқ қолаётганди.
Мен вазиятни қўлга олиб, «Бирор алоҳида синф бўлса ҳам майли. Гаплашиб кетаверамиз, мавзулар етарли, тил топишамиз», дедим. Устознинг чиройи очилди. «Ҳа-я, ўзимнинг синфимга бора қолайлик. Ўқитувчи келмаган эди, бўш ўтиришувди», деди.
Юқори қаватга кўтарилдик, қаршимда тоза либосларда ораста ва нафис йигирма чоғли хилқат ўтирарди. Мен уларга салом бердим, шунчаки қўзғалиб қўйишди. Нима деб жавоб қайтариш ўргатилмаган. Мабодо дабдаба билан кириб келинганда ва «Ҳурмат!» дейилганда, томнинг шифтини кўтариб юборадиган шовқин билан «Ассалому алайкум!» деб ҳайқирган бўлишарди. Бу ҳолат ҳам айни пайтда ўқув даргоҳларида жорий қилинган оддий тартиб. Лекин ўқувчига хонага кириб келган киши салом берганда, ўрнидан ирғиб туриб, алик олиш ўргатилмаган. Болалар ўргатилганини қилишади. Камдан-кам ҳолларда гўдак зеҳнларига юклама беришади. Аслида, мактабнинг бош мақсади – айтилганига амал қилишни эмас, мустақил фикрлашни ўргатиш. Бу жуда теран мавзу, алоҳида муҳокамани талаб қилади.
Синфни руҳан тайёрлаб олгач, саволни кўндаланг қўйдим: «Хўш, айтинг-чи, олим билан ижодкорнинг фарқи нимада?». Болалар жим, ҳайтовур, бирданига ёғлиқ луқма еган одамдек, қийналишаётганди. Мен оддийлашдим, жўнлашдим. «Мана, сизларда дарс ҳар куни тўққизда бошланади. Бунга ҳамма кўниккан. Лекин кимдир «Нега тўққизда келишимиз керак, шуни ўнга кўчирса бўлмайдими?» деб хаёл қилади. У ҳаммага маъқул ечимга ўзининг янги таклифини ­билдиряпти. Ана шу ҳолат – ижодкорлик».
Ўзим топган мантиқдан бирданига нашъа қила бошладим, гапларим ўзимга ёқаётганди… Яна жўшиб, ижодкорлик ҳамма касблар учун хослиги, ижодкорлик тирикчилик манбаи бўлолмаслиги ва бошқа – шу руҳда бир оз маъруза қилдим.
Болалар ҳушёр тортиб қолишди. Бир устоз ўргатганидек, жиндай артистлик ҳам бўлди, қизиқ латифа ҳам айтилди ва бир зумда бу издиҳомдан ажралгим келмай қолди. Хонада оқ куйлак ва қора шим кийган йигитчалар, бошяланг ёки ўраниб олган қизалоқлар қўр тўкиб ўтирарди. Ҳайтовур, кийиниш ҳам бугун жиддий масалалардан, айниқса, қизларнинг рўмол ўраши анча муҳокама бўлди. Рости, бола ўн ёшгача қандай кийиниш масаласини мустақил ҳал қила оладиган даражага етиши шарт, деб ўйлайман. Балки ­маорифнинг ўрни ўсмир ҳаётида ана шу илк муаммони қанчалик ечганида билинади. Мактаб соатма-соат бола дунёсини ўзгартириб боради. Лекин болаларнинг кийиниши олақуроқ, билим даражаси ҳам шу алпозда бўлса керак… Бироқ шу пайтда қўнғироқ чалинди. «Биламан, қўнғироқдан кейин азон ҳам қулоққа кирмайди», дедим-да, нутқимни якунлаб, тезда синфни тарк этдим.
Болаларнинг нигоҳлари тийран эди, уларнинг қониқтирадиган, тўйинтирадиган маънили гап эшитмаганлари (ёки кам эшитганлари) сезилиб турарди. Гўё дарё бўйидаги сувга зор дарахтга ўхшарди улар…

Олимқул СОҲИБОВ