Кузатув кенгаши ташаббуси билан

228

Республикамиздаги барча ўрта умумтаълим мактабларида таълим-тарбия ишига кўмаклашиш мақсадида «Кузатув кенгашлари» ташкил этилгани ўз самарасини бермоқда.

Жамоатчилик асосида фаолият юритадиган кенгашнинг вазифалари кўлами жуда кенг бўлиб, хусусан, мактабимизда «Кузатув кенгаши» ташаббуси билан собиқ битирувчилар орасидан ҳомийлар гуруҳи шакллантирилиб, таълим муассасаси кутубхонасига китоблар ҳамда ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур анжомлар совға қилинди.
Яқинда мактабда Президентимиз белгилаб берган бешта муҳим ташаббусни амалга татбиқ этиш мақсадида «Ёш китобхон» кўрик-танлови ҳамда шахмат мусобақаси ташкил қилинди.
Тадбирларда ғолиб чиққан ва фаол қатнашган ўқувчилар ҳомийлар томонидан муносиб тақдирланди.
– Бир неча карра Ўзбекистон чемпиони бўлган Сарвиноз Эргашева ушбу мактабда таҳсил олган, – дей­ди шахмат ишқибози Зафар Ражабов. – Сарвиноз чекка бир қишлоқда яшаса-да, астойдил интилиши туфайли обрў-эътибор топди. У республика ўсмирлар терма жамоаси сафида Ҳиндистон, Испания, Франция каби давлатларда ўтган халқаро турнирларда муносиб иштирок этди.
Албатта, чемпионлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Ҳатто гроссмейстерлар ҳам дастлаб шу каби оммавий спорт мусобақаларида дастлабки кўникмаларга эга бўлишади.
Мактаб «Кузатув кенгаши» ҳамда касаба уюшма қўмитаси биргаликда январь ойида шахмат бўйича педагоглар ўртасида касаба уюшма қўмитаси соврини учун турнир ташкил этишга келишиб олди. Демак, энди навбат устозларга.

Озода ЖЎРАЕВА,
Чироқчи туманидаги
13-ўрта умумтаълим мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар