Партияларимиз сайловчиларнинг талабларини бажара оладими?

274

Бугун Халқаро матбуот марказида Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига такрорий овоз бериш жараёни якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди деб ёзмоқда UzA. 

Якунига етган сайлов натижаларида ижобий ўзгаришлар катта бўлди. Унда парламентда аёллар сони ортгани ва қонунчилик палатаси “яшар”гани эътироф этилди. 
“Янги Ўзбекистон, янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловлар Ўзбекистоннинг сиёсий хаётини ўзгартирадими, янгилай оладими? Ушбу саволга Халқаро пресс-клуб раиси, шунингдек марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаев қуйидагича жавоб берди.
“2020 эпохаси Ўзбекистон тарихида янги сиёсий даврни бошлаб берди. 
Такрорий сайловлардан сўнг ижтимоий тармоқларда яна турли фикр-муносабатлар пайдо бўла бошлади. “Аввалги сайловдан сўнг, такрорий сайловда нима ўзгарди, улар нимаси билан фарқ қилади?” деган саволлар ўртага ташланди. Такрорий сайловлар фақатгина миллий тикланиш партияси иккинчи ўринга чиққани, партиялар ўрни алмашгани билан фарқланмайди. Янги сайловлардан сўнг ижобий ўзгаришлар катта. Парламентнинг 48 нафар депутатлари аёллардан иборат бўлди, ёш жиҳатдан ҳам қонунчилик палатаси яшарди. Энг ёш депутатимиз Шерзод Раҳмонов 26 ёшда.
Энг муҳим ўзгариш, менимча, энди сайловлардан кейин бошланиши керак. Сайлов олди дебатларда сайловчилар партия вакилларига жиддий саволлар билан юзланди. Бу электоратимиз партиялардан қанчалик кўп нарсаларни кутаётганини англатди. 
Партияларимиз уларни бажаришга тайёрми, йўқми? Улар сайловчиларнинг талабларини бажара оладими? Бугун сиёсий партиялар олдида муҳим ва оғир масалалар, яъни уларни сайлаган электорат талаблари турибди. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар одамларимиз партияларга нисбатан қанчалар танқидий назарда эканлигини кўрсатди.
Агар сиёсий партиялар беш йилдан унумли фойдалана олмаса, ваъдаларини амалга оширмаса, бу катта йўқотиш бўлади. Партиялар фаолиятларини эртадан бошлашлари ва албатта, фаол бўлишлари лозим. Ўзбекистондаги сиёсий воқеълик бутунлай ўзгарди. 
Бугун одамларимизда танқидий назар кучли, улар талаблари ва саволлари билан партияларни шошириб қўйди. Ўзбекистонда 2020 эпохаси, яъни янги сиёсий давр, муҳит бошланмоқда”, дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаев.

Бошқа хабарлар