Масъул ташкилотчи нимага масъул?

226

Энг фидойи одамлар касаба уюшмаларида ишлашади десак, ишонаверинг. Масъул ташкилотчи ишни идорада битиради, дейдиганларга бугун жиддий эътирозимиз бор. Негаки, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Ифтихор Раҳимовга бир кун ҳамроҳлик давомида бунга яна бир бор амин бўлдик.

– Қуйи ташкилотлар фаолияти 25 та йўналиш бўйича мониторинг қилинади, – дейди И.Раҳимов. – Ҳафталик режалар ижроси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Режалаштирилган юмушларнинг бажарилиши тармоқда белгиланган рейтинг талаблари асосида баҳоланади. Иш услубимизда ўзгаришлар ясашга интиляпмиз. Тизимдаги 2152 та бошланғич ташкилотимиз иш берувчи кўмаги билан компьютер билан таъминланган. Ҳужжат айрибошлаш тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади…
Ифтихор ака бир дақиқа, дея телефон гўшагини тутиб, сайлов якуни бўйича депутатликка сайланган ҳамкасбларига қўнғироқ қилиб қутлади. Туман тармоқ касаба уюшма кенгашларининг 4 нафар раҳбари маҳаллий кенгаш депутатлигига сайланишибди. Бу ўтган сайловдаги рейтингдан анча баланд. Жамоат ташкилоти вакилларининг ҳам муҳим сиёсий жараёнда фаоллиги халқ эътирофига сазовор бўлаётганидан далолатдир.
Тармоқ касаба уюшмасининг жойларда амалга ошириб келаётган «жамоатчилик қабуллари» самарадорлиги таъминланмоқда. Хусусан, туман кенгашлари томонидан юздан ортиқ масала ўз жойида ечим топган бўлса, масъул ташкилотчи тўғридан-тўғри 40 дан ортиқ мурожаатни ҳал этган.
Масъул ташкилотчининг кун­­далик юмушлари ичидаги энг долзарбларидан бири касаба уюшмалари сафини кенгайтириш бўлмоқда. Ҳар куни у ёки бу масалага бирлашма кенгаши, тармоқ туман кенгашлари ва бошланғич ташкилотларни жалб этган ҳолда бир қур назар ташлашни одат қилган. Ишларнинг тизимли ташкил этилгани боис, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятдаги 209 та ташкилотда бошланғич касаба уюшма ташкилоти тузилишига эришилган. 1934 нафар киши янги тузилган касаба уюшма ташкилотлари аъзолигига қабул қилинган.
– Касаба уюшмаларининг қуйи бўғини бўлмиш бошланғич ташкилотлар билан жуда кўп ишлашимиз керак, – дейди Ифтихор Раҳимов. – Улар фаолиятини жонлантиришда ЎзКУФК ташаббуси қўл келмоқда. «Сешанба бошланғич ташкилотлар куни», дея эътироф этилгани, бир иш кунининг уларга амалий ёрдам кўрсатишга бағишланиши иш самарадорлигини таъминлаяпти. Белгиланган кунда тизимдаги барча мутахассислар бошланғичлар ҳузурида бўлишмоқда.
Соҳада тажрибали, салоҳиятли етакчилар жамлангани ­масъул ташкилотчилар оғирини енгил қиляпти. Масалан, тармоқ масъул ташкилотчиси ва Пайариқ тумани кенгаши ҳамкорлигида ишлаб чиқилган «Бош­ланғич ташкилотлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш бўйича қўлланма» қуйи ташкилотлар ишини жонлантир­япти. Қолаверса, меҳнатга муносиб шароит яратиш, ходим меҳнатини муҳофаза қилиш борасида ҳам ҳафталик тадбирлар тақвими ишлаб чиқилган.
Тармоқ масъул ташкилотчиси вазифасида ишлаб келаётган Ифтихор Раҳимовнинг кунлик иш режасида ходимлар меҳнатини муҳофазалаш алоҳида ўрин тутади. 167061 нафар аъзони бирлаштирган тармоқда хавфсиз ва кафолатланган иш ўрни яратиш – ўзига хос жиддий масала. Тизимда меҳнат қилаётган аёллар сони эса қарийб юз минг нафарга етади. Уларнинг хавфсизлигига кафолат керак.
– Бу масалада ҳар куни шаҳар ва туман кенгашлари, бошланғич ташкилотлар билан фикрлашишимизга тўғри келади, – дейди И.Раҳимов. – Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича билимларни муттасил оширмасдан бу йўналишда мувозанатни сақлаб бўлмайди. Бошланғич ташкилотларнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлашда касаба уюшмалари қошида ташкил этилган «Самарқанд касаба зиё» ўқув марказининг фойдаси катта бўлаётир.
Ходимлар ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш, ижтимоий муҳофазалаш, жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёзлардан баҳраманд­лик даражасини ошириш ҳам бевосита масъул ташкилотчи назоратига бориб тақалади. Ўтган фурсатда вилоятдаги 455 нафар соҳанинг пенсия ёшига етган ходимига моддий ёрдам кўрсатилган. 493 нафар кам таъминланган оила фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарслик­лар харид қилинган. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзанди бор 200 нафар ёш онага 41,7 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. 1159 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига 246,1 миллион сўмлик кўмак берилган. 42 нафар ходимнинг олий ўқув юртида ўқиётган фарзанд­ларининг контракт-шартнома пуллари қисман қопланган. 36 нафар ногирон фарзанд тарбиялаётган ота-оналарга 20,2 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган. Вилоятдаги соҳа мутасаддиси сифатида юздан ортиқ спорт тадбири, 60 яқин ўқув-семинари, ўнга яқин танловлар иштирокчисидир.
– «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши фаолиятимизнинг янги босқичига хизмат қилади, – дейди И.Раҳимов. – Айни чоғда муҳим жараён арафасида турибмиз. Бу йил ташкилотларимизда ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтади. Бу жамоат ташкилоти фаолиятига холис ва ҳаққоний баҳо бериш имконияти ҳамдир. Ҳар бир йиғилишнинг жонли ва фаол ўтишига ҳам биз масъулмиз. Янги йилнинг илк кунлариданоқ муҳим демократик жараёнга тадорикни бошлаб юборганмиз.
Масъул ташкилотчига бир кунлик ҳамроҳлик давомида тармоқ касаба уюшмаси фаолиятининг бир шингилинигина илғаб улгурдик. Бир замонлар тўрт-беш киши уддалаган вазифани битта масъул бажараётганига эса тан бермай илож йўқ. Фидойилик бундан ортиқ бўлмаса керак.

Нурилла ШАМСИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар