Умидсиз «умид ниҳоллари», юзсиз «юлдуз»…

2470

ёхуд оромга муҳтож оромгоҳлар «Ishonch» назарида

Май ойи болалар оромгоҳларида мавсумга тайёргарлик авжига чиқадиган палла. Хўш, айни кунларда ободонлаштириш, таъмирлаш ишларини якунига етказиш, зарур жиҳозларнинг кам-кўстини тўғрилаш, болажонларнинг ёзги таътилни қизиқарли ва мазмунли ўтказиши учун қай даражада тайёргарлик кўрилмоқда?
Афсуски, бу борада амалга оширилган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган болаларнинг ёзги дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг кенгайтирилган видеоселектор мажлисида ёз мавсумида болаларнинг оромгоҳларда дам олишларини ташкил этиш масаласи танқидий кўриб чиқилди.
Таъкидландики, сўнгги йилларда болаларни оромгоҳларга жалб этиш кўрсаткичи йилдан-йилга тушиб бормоқда. Масалан, 1998 йилгача стационар турдаги оромгоҳлар сони 400 тадан ортиқ бўлиб, уларда 12 фоиз болалар дам олдирилган. Бугунги кунда эса болалар қамрови кескин камайиб кетмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг кўп Андижонда 13 та, Наманганда 10 та, Тошкент шаҳрида 6 та, Сурхондарёда 4 та, Жиззахда 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида иккитадан оромгоҳ (жами 48 та оромгоҳ) маблағ масаласи ҳал этилмай ёпилган ёки бузиб ташланган. Афсуски, бузилиб кетган ўша оромгоҳларда бугунги кунда қўшимча равишда 50 мингга яқин болани соғломлаштириш имкони бор эди. Вазият шундай давом этса, яқин йилларда қамров 1-2 фоизга тушиб кетиши аниқ. Модомики шундай экан, янги мавсум бошланишига қисқа фурсатлар қолган бир пайтда айни йўналишдаги ишлар қай даражада амалга оширилган? Янаям аниқроғи, оромгоҳлар болаларни қабул қилиш учун ҳар жиҳатдан тайёрми?
Яқинда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибидаги ишчи гуруҳлар аъзолари ушбу саволларга аниқлик киритиш мақсадида мамлакатимиздаги болалар дам олиш оромгоҳларининг бугунги ҳолати билан танишдилар. Қуйида ана шу ўрганишлар жараёнида аниқланган айрим камчилик ва муаммолар тафсилотлари эътиборингизга
ҳавола этилади.

Еридан ажралаётган «Коинот»

Ғиждувон туманидаги «Денов» маҳалласига борсангиз, қурилаётган кўп қаватли бинога кўзингиз тушади. Бу иншоот туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги «Коинот» оромгоҳи ҳудудида қад ростлаяпти. Унинг «шарофат»и билан масканнинг футбол ва баскетбол майдончалари, сув минораси бузиб ташланган.

Бир навбатда юз нафаргача ўғил-қизни соғломлаштиришга мўлжалланган ушбу даргоҳда ўзбошимчалик билан ана шундай «бунёдкорлик»ка қўл урилибди. Бунинг оқибатида болажонлар жазирамада чўмилиб, танларини чиниқтиришдан мосуво бўлишлари, «Коинот» эса ўз еридан ажралиши ҳеч гап эмас.
Ҳозирги аҳволида «оромгоҳ» дейишга ҳам тил бормайдиган ­масканда электр тармоғи ўчирилган, газ қувурлари кесиб ташланган. Газ қувурига шланг орқали ўзбошимчалик билан уланилган. Маъмурий бино, тиббиёт блоки, ётоқхоналар, ошхона таъмирга муҳтож. Қолаверса, очиқ электр симлари изоляция қилинмаган. Энг қизиғи, масъуллар ишчи гуруҳга оромгоҳнинг кадастр ҳужжатларини топиб бера олишмади.
Оромгоҳ ҳудудини «тижорат» майдонига айлантиришдек яна бир салбий ҳолат Бухоро туманидаги «Бунёдкор» номли масканда ҳам кузатилди. Туман ҳокимлиги балансига шу йилнинг 5 январида ўтказилган бу даргоҳ вилоят ҳудудий танлов комиссияси қарори асосида савдога чиқарилиб, «New Profi Technology» МЧЖ­га «1» сўм қийматида сотилган. Айрим масъулиятсиз масъуллар учун оромгоҳлар бедарвоза, шекилли?!
Бухородаги ўн битта оромгоҳни ўрганиш давомида Вобкент тумани ободонлаштириш бўлимига қарашли «Зарафшон», Аму Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг «Ромитан» ДУК тасарруфидаги «Ёш ирригатор», Пешку тумани ҳокимлиги балансидаги «Ёшлик» оромгоҳларида ҳам мавсумга тайёргарлик қониқарсиз экани аниқланди.

Рустам ИБРОҲИМОВ,
«ISHONCH»

«Қиш уйқуси»дан уйғонмаганлар

Самарқанд вилоятида бу йил 20 та ёзги оромгоҳда 9630 нафар болани соғломлаштириш кўзда тутилган. Афсуски, янги мавсумга тайёргарлик кўришда ҳали «қиш уйқуси»дан уйғонмаганлар ҳам бор экан.

Ургут туманида жойлашган «Гўзалкент» оромгоҳи Пастдарғом тумани халқ таълими бўлимига қарашли бўлиб, бу даргоҳ ниҳоятда аянчли аҳволда. Гўёки эгаси кўчиб кетиб, қаровсиз қолган ҳовлига ўхшайди.
Табақалари занглаган, ён-атрофини ўт-ўланлар қоплаган дарвозани зўрға очиб, ичкарига мўраладик. Сўнгра аранг йўл топиб, мунғайиб турган бинолар олдига бордик. Назаримизда, бу гўшага анчадан буён одам оёғи тегмаган кўринади.
Тўғриси, саксон ўринли, мавсум мобайнида 320 нафар ўғил-қизни соғломлаштириши лозим бўлган бу ­масканнинг аҳволи қандайлигини тасвирлашга тил ожиз. Павильонлар эскириб, авария ҳолатига келиб қолган. Стол-стуллар, шкафу тумбочкалар, музлатгич, телевизор ва бошқа жиҳозларнинг деярли барчаси фойдаланиш учун яроқсиз. Чўмилиш ҳавзаси ва тоза ичимлик сув йўқлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Пастдарғом тумани ХТБ мутасаддиларидан Нуробод туманининг Меҳнат қишлоғида янги оромгоҳ барпо қилинаётганини эшитдик. Янги гўша иккинчи мавсумдан бола қабул қилишни ҳам бошлаб юборармиш. «Гўзалкент» оромгоҳи раҳбари Соҳиб Мамасолиев, туман халқ таълими бўлими вакили Учқун Санақулов билан қурилиш майдонида учрашдик. Бир ҳовуч металл конструкциялардан нимадир ясалаётганига кўзимиз тушди, холос. Тасвирдаги қурилиш кўламига ўзингиз баҳо берарсиз.
Вилоят дон маҳсулотлари корхоналарига қарашли «Баҳора» оромгоҳидаги нураган ётоқхона ўрнида янгиси қурилиши режалаштирилган бўлса-да, ҳалигача иш бошлангани йўқ. Атрофидаги деворларни янгилаш – кечиктириб бўлмас вазифа.
«Соғлом авлод» оромгоҳи тақдири билан қизиқадиган одамнинг ўзи йўқ. Республика «Ўзпахтасаноат» уюшмаси балансига ўтказилган бу даргоҳга одам қадами тегмаганига нақд икки йил бўлди-ёв. Уюшма бу масканни таъмирлаб, ишга тушириш ўрнига уни «пуллаш» ташвишига тушиб қолган. Наҳотки, мавсумда 750 нафар болани қабул қилиш қувватига эга бўлган бу масканнинг ­кейинги тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаса?

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»

«Йиғлаётган» масканлар

Жиззах вилоятининг Зомин, Фориш, Бахмал тумани тоғлари бағридаги хушманзара табиат қўйнида 13 та болалар оромгоҳи жойлашган. Маълумотларга кўра, бу йил оромгоҳларнинг 8 таси мавсумда болажонларни қабул қилолмас экан. Натижада болалар қамрови ўтган йилларга нисбатан деярли икки баробарга камаяди.

* * *

Фориш туманидаги «Табассум» оромгоҳининг аҳволига «маймунлар йиғлайди». Оромгоҳдаги ётоқхона, ошхона, кутубхона, спорт майдончалари ва бассейнга қараб бўлмайди. Бино томидан ўтган чакка туфайли кўрпа-матраслар яроқсиз ҳолга келган. Ошхона санитария талабларига мутлақо жавоб бермайди.
Хусусий тадбиркор Зоҳид Аманов оромгоҳни ўз ҳолича ташлаб қўйган. Наҳотки, тадбиркор ёшлар учун барча шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда бундай бепарволик ва сансоларликка йўл қўйса?

* * *

«Зарбдор пахта тозалаш» АЖ таъсисчилигидаги 150 ўринга мўлжалланган «Зомин болалар оромгоҳи» ишчилари оромгоҳда нима қилишини билмай боши қотган. Сабаби, таъмирлаш ишларини бошлашга маблағ йўқ. Таъсисчилар эса оромгоҳни аукцион савдосига қўйишган.
– Болалар оромгоҳига берилган йўлланмалардан 2021 йил 1 апрель ҳолатига вилоятдаги мавжуд пахта тозалаш корхоналари 186 миллион 615 минг сўм қарздор, – дейди оромгоҳ раҳбари ўринбосари Алишер Хоринов. – Қизиғи, пахта тозалаш корхоналари тугатиляпти. Агар ушбу маб­лағлар ташлаб берилганда эди, таъмирлаш ишлари билан бир қаторда оромгоҳнинг моддий техника базасини ҳам яхшилаб олардик.
Хуллас, болажонларни қабул қиладиган оромгоҳлар сони яна биттага камайди.

* * *

Фориш туманидаги «Матлуботчи» болалар оромгоҳи «Аҳмад ота Файз» хусусий фирмасига қарашли. Оромгоҳ дарвозаси ёнида бир тўда қорамоллар, мас­кан ҳовлисида эса бир тўда эчкилар «базму жамшид» қилишмоқда. Балки тадбиркор Аброр Нарзиев ҳовлидаги ўт-ўланларни тозалашнинг шундай «инновацион» усулини топгандир?

* * *

Фориш туманидаги оромгоҳларга олиб борувчи йўллар сел келиши оқибатида яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бу мавзу ҳар йили матбуотда кўтарилади, бироқ мутасаддилар жим…

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»