Ҳақ олинур, аммо…

229

Улуғ бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Ҳақ олинур, берилмаc» деган пурмаъно гапи бор. Аммо… Касаба уюшмаларига ўз ҳақ-ҳуқуқлари борасида ёрдам сўраб қилинган қуйидаги икки мурожаатнинг ўрганиш натижалари эса…

Гап шундаки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига Қашқадарё вилоятида яшовчи Шуҳрат Элмуродов номидан мурожаат тушган. Муаллиф «Қашқадарё нефт-газ қурилиш ва таъмирлаш» АЖда ишлаши, Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»ни реконструкция қилиш пайтида музей биносининг иккинчи қаватидан, 4,1 метр баландликдан тушиб кетиши натижасида жароҳатланганини билдириб, даволаш харажатлари учун моддий ёрдам олишда амалий кўмак сўраган.
Ушбу мурожаат Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари томонидан ўрганилганда, Шуҳрат Элмуродов то мурожаат қилгунча бўлган муддатда жамият томонидан даволаниш харажатлари учун 335-сонли тўлов топшириқномаси орқали 1 млн. сўм, 408-сонли топшириқномага кўра, 1 млн. 500 минг сўм ҳамда 485-сонли тўлов топшириқномаси билан яна 4 млн. 500 минг сўм, жами 7 000 000 (етти миллион) сўм олгани маълум бўлди. Шундай бўлса-да, касаба уюшмалари вакиллари аралашуви билан унга яна 405 минг 460 сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир мурожаатда Қарши шаҳри «Заҳокимарон» МФЙда яшовчи фуқаро Азиза Элмуродова Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига жарроҳлик амалиётига кетган 2 млн. 216 минг сўм маблағ «Қашқадарё пармалаш ишлари» АЖ томонидан тўлаб берилмаётганини билдирган.
Мурожаатни ўрганиб чиқиш баробарида, «Қашқадарё пармалаш ишлари» АЖдан олинган маълумотларга кўра, А.Элмуродовага жамиятнинг 2018 йилда 352-сонли буйруғи асосида 608 минг 190 сўм, 2019 йилда эса 96-сонли буйруққа кўра, 608 минг 190 сўм моддий ёрдам берилгани аниқланди.
Акциядорлик жамиятининг жамоа шартномасида ходимларнинг мураккаб жарроҳлик операциялари ва стационар даволанишга муҳтожлиги учун тиббий хизмат тўлиқ ёки қисман тўлаб берилиши (камида 50 фоиз қийматини тўлаш) назарда тутилган. Шунингдек, А.Элмуродованинг Тошкент шаҳридаги академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисос­лаштирилган жарроҳлик марказида ўтказган жарроҳлик амалиёти мураккаб операциялар турига кирмагани учун унга жами харажатнинг 60 фоизи, яъни, 1 млн. 216 минг 380 сўм маблағ жамият томонидан қоплаб берилган.
Воқеалар ривожида Азиза Элмуродовага ўз ҳуқуқлари доирасида белгиланган меъёрлар даражасида моддий ёрдамлар олгани ва жарроҳлик амалиёти харажатлари жамият томонидан қисман тўлаб берилгани учун унинг навбатдаги талаби қондирилмади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, эндиликда ҳар иккала мурожаат эгаси ҳам ҳақ олинишини, аммо белгиланган меъёрдан ортиғининг имкони йўқлигини англаб етгандир, деб ўйлаймиз…

Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар