Мурожаат ҳал этилди

226

ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси «Ишонч телефони»га Гулистон шаҳрилик Людмила Мавлютова меҳнат ҳуқуқлари тикланишини сўраб мурожаат қилди.

Гап шундаки, мурожаатчи Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида 2011 йилдан буён ишлаб келмоқда. Бироқ, негадир, 2018 йилда бошқарма бошлиғи ва ходима билан қайтадан бир йил муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилган. Ажабланарлиси, аввалги меҳнат шартномаси бекор қилинмаган. Муддат тугаши муносабати билан ходимга огоҳлантириш хати берилган. Ана шунда Людмила касаба уюшмалари билан боғланган.
Мурожаат вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, ходимлар бўлими мудири, шунингдек, бош­ланғич касаба уюшма қўмитаси раиси иштирокида ўтган йиғилишда ушбу ҳаракатлар ноқонунийлиги тушунтирилди. Шу куннинг ўзида муддатли меҳнат шартномаси бекор қилиниб, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси асосида Л.Мавлютова ўз вазифасини давом эттирадиган бўлди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар