Озарбайжон шоири  Вагиф  Аслан асари ўзбек тилида чоп этилди

979

 Адабиёт ва шеърият миллат, тил танламайди. Улар ўз кучи билан чегараларни осон забт этиш қудратига эга. Озарбайжонлик машҳур шоир  Вагиф Асланнинг асарлари ҳам ана шундай қудратли кучга эга. Яқинда шоирнинг «Руҳлар  билан  суҳбат»   достони Бишкекда фаолият юритаётган “Туркий тилли давлатларнинг сиёсатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” буюртмаси билан ўзбек тилига таржима қилинди. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир Вагиф Аслан  ушбу тарихий-фалсафий асарни аждодлар мозорларининг энг қадимги  манзилгоҳлари – Гобустон  ва  Азихғорларга  саёҳат қилиб, манбалар ва йилномаларга таяниб  яратган.

Ёзма манбалар  асносида муаллиф Озарбайжон туркчасида ҳали ҳам  жонли ва тасвирий далил сифатида қўлланиб   келаётган сўз ва иборалардан унумли фойдаланган. Умумтуркий тафаккур тарзининг тарихий-генетик манзарасини яратишга ҳаракат  қилган.

Асарда туркий халқлар Совет даврида қандай шафқатсиз тазйиқларга учрагани, рус босқини остида яшаганлиги ҳикоя  қилинади. Шунингдек, хонликларга бўлиниш, буюк туркий давлатларга хос зиддиятлар акс этган.

Бу  шоирнинг  тарихий  ва  фалсафий  қарашларининг  охири  эмас. Муаллиф Шумер даврига  эндигина  йўлга тушишни  ўз  олдига  мақсад  қилиб қўйган «бир оёғи Тинч океанида, иккинчи оёғи  эса Атлантика океанида бўлиб, осмонни  елкасида тутиб турган турк»нинг дунё маданияти ва инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини санаб ўтганида ўқувчи қалби  ғурурга  тўлади. Тарихий мағлубиятларимизнинг сабаблари  ойдинлашгани сари Турон бирдамлигига хизмат қиладиган йўлнинг муқаддаслиги кўзга ташланади. Достон ёвузлик ва ёвузликка элтувчи террорчилар, босқинчи кучларнинг қўлларида бўлган арманилар  устидан ҳақиқат ва адолат жарчиси – туркларнинг ғалабаси билан  тугайди.

Ушбу ўзига хос достон шоира-таржимон Гулзира Шарипова томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Шоир Вагиф Асланнинг Анадолу турки ва ўзбек туркчасида алоҳида китоб сифатида чоп этилган «Руҳлар билан суҳбат» асари яқин кунларда Бишкекда бўлиб ўтадиган «Иссиқкўл-Турк дунёсининг дурдонаси» қўшиқ фестивалида ўқувчиларга тақдим этилиши режалаштирилмоқда. Китоб Бишкекдаги «Улуу ТООЛОР» нашриётида чоп этилди.

Асарни машҳур шоир-таржимон Юсуф Аслан ҳам турк тилига таржима қилган ва бир  неча кун олдин, китоб  турк  тилида  ҳам чоп   этилди.

Шуни таъкидлаш лозимки, фонд ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда китобларни бепул тарқатади. Эслатиб ўтамиз, ушбу жамғарма томонидан шу кунгача 119 та китоб чоп этилиб, бепул тарқатилди.

Бундан  ташқари, Бишкекда бўлиб ўтадиган «Иссиқкўл-Турк дунёсининг дурдонаси» қўшиқ фестивали доирасида  Озарбайжон Миллий  консерваторияси  профессори, санъатшунослик фанлари доктори, мусиқачи Аббасгулу Нажафзоданинг «Озарбайжон  миллий нафас чолғу асбоблари (Органологик ва тарихий тадқиқотлар)» монографияси турк ва ўзбек тилида, Нигор Ҳасанзоданинг «Шеърлар тўплами» турк, ўзбек ва  озарбойжон тилларида, Сайман Арузнинг «Юз йил инқилоб» асарининг ҳам турк ва ўзбек тилларида  тақдимоти режалаштирилган.

Шоир Вагиф Асланнинг «Руҳлар билан  суҳбат» достони қуйидаги веб-сайтда электрон китоб  шаклида  чоп  этилган. Достонни қуйидаги  ҳаволалар  орқали  ўқишингиз  мумкин:

  1. Туркчада: http://turktoday.info/biblioteka-turciya.html
  2. Ўзбек тилида: http://turktoday.info/biblioteka.html

 

Зебо Намозова тайёрлади