Татимаётган ҳаловат

181

Пахтачилик уч нафар меҳнат ногирони юраклари тўлиб-тўлиб касаба уюшмаларига хат йўллашди. Меҳнати ортидан орттириб олган дардни тўлаб берилаётган товон пуллари аритса қани эди, аммо бу тўловнинг узилиб қолиши, уларнинг қалбини ўртаб юборган экан.

Касаба уюшмаларининг юридик ва меҳнат бўлимлари томонидан ҳолат ўрганилганида, шикоят муаллифлари ҳақ бўлиб чиқди. «Зиёвуддин толаси» акциядорлик жамияти томонидан нафақат Бахтиёр Бойбўтаев, Шоназар Чўтбоев, Тўлқин Равшанов, балки яна бир неча кишига меҳнатда орттирилган касалликка тўланиши лозим бўлган товон пули тўлаб берилмаётгани аниқланди. Корхона раҳбариятига қонуний талаб ётиғи билан тушунтирилди. Бу ерда иқтисод косодлиги, ҳисобда маблағ йўқ, деган баҳоналарга ўрин бўлмаслиги айтилди.
Корхонада ишлаб соғлигига зарар етган 6 кишининг (уч нафари аризачи) тўлаб берилмаган товон пуллари умумий миқдори 15 миллион 256 минг сўмни ташкил этаркан. Жамоат ташкилоти аралашуви билан адолат қарор топди. Акциядорлик жамияти ­масъул ходимларига тўловларни ўз фурсатида амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди.
Хатони тузатиш, келгусида камчиликларга йўл қўйишнинг олдини олади. Қачонлардир айнан шу корхонада ишлаб соғлигига етказилган зарардан азият чекаётган бу фуқаролар бегона эмас. Улар олаётган товон пуллари татимаётганини ҳам айтишмоқда. Иш берувчиларимиз меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги қоидаларига тўла-тўкис амал қилишганида бундай ортиқча харажатларга ўрин ҳам бўлмасди. Ўзини билган масъул ҳеч маҳал кўнгилсизликка йўл очмайди, ўзидан кейинги келган маъмурларни ҳам ташвишга солмайди. Хулоса ўзингиздан, азизлар.

Усмон КАРИМОВ,
Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими» мудири

Бошқа хабарлар