“Умумжаҳон пул ҳафталиги” доирасидаги тадбир – Сурхондарёда

630

      Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “Умумжаҳон пул ҳафталиги” (Global money weekGMW) доирасида ўтказилган “Молиявий саводхонлик бўйича энг яхши дарс” танлови натижалари эълон қилинди. Унда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 12-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ташкил этилган Фарҳод Болтаев мураббийлигидаги дарс машғулоти ғолиб деб топилди.

Биз кундалик ҳаётимизда деярли ҳар куни дуч келадиган жараёнлар, пул билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар молия соҳасини ўз ичига олувчи улкан бир дунё. Молиявий саводхонлик эса молия ва молия дунёсида оқилона қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган тушунча, билим ва кўникмалар мажмуидир.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳар йили ўтказиладиган “Умумжаҳон пул ҳафталиги” доирасида болалар ҳамда ўсмир ёшларнинг молиявий билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган қатор лойиҳалар ўрин олган.

Ана шундай тадбирлардан бири “Молиявий саводхонлик бўйича энг яхши дарс” танлови жорий йилда тижорат банклари  орқали республикамиздаги барча таълим муассасаларини кенг қамраб олди.

Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ушбу танлов Сурхондарё вилоятидаги умумтаълим мактаблари ҳамда меҳрибонлик уйида ташкил этилди. Натижада Термиз шаҳридаги 12-сонли меҳрибонлик уйидиректорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фарҳод Болтаев томонидан тайёрланган дарс машғулоти танлов мезонларига лойиқ топилиб, ғолиб бўлди.

–GMW доирасидаги мазкур танлов аввало, таълим тизими учун молиявий саводхонлик соҳасида таълим сифатини оширишга, бу борада педагоглар тажрибасини шакллантиришга ва ўқув жараёнининг услубий таъминотини такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Ф.Болтаев. – Шунингдек, тадбир ўқувчиларнинг молиявий маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиб, уларнинг молия, жамғарма, инвестиция ва бизнес ҳақида эрта тушунчага эга бўлиши ҳамда ўз сармоясини тўғри бошқариб, шахсий ҳаётини чиройли бунёд этишларида муҳим омил бўлади.

Дарҳақиқат, Банк томонидан аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида унинг ижтимоий тармоқларида ҳам совринли танлов ўтказилди. Ўқувчи-ёшлар учун Банкнинг Сурхондарё минтақавий филиалига қарашли Банк хизматлари марказларига экскурсиялар ташкил этилиб, илғор банк ускуналари ва технологиялари ҳамда молиявий жараёнлар билан яқиндан таништирилди.

–Сўнгги йилларда рақамли молиявий хизматлар анчайин ривожланди, мамлакатимизга янги молиявий технологиялар, воситалар ҳамда чакана банк хизматларининг кириб келиши жадаллашди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Сурхондарё минтақавий филиали бошқарувчиси ўринбосари Комил Нурмуҳаммедов. – Бу, ўз навбатида, мунтазам равишда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва замонавий банк хизматлари билан таништириб боришни тақозо қилади.

“Умумжаҳон пул ҳафталиги” халқаро таълим кампанияси иши эса мана шу жиҳатларига кўра муҳим аҳамият касб этади.

Ўз   мухбиримиз