Тошкентда байрам арафаси мингга яқий ҳарбийларга янги хонадонлар калити топширилди

214

Бугун, 12 январь куни пойтахтимизнинг Яшнабод туманидаги “Олмос” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун бунёд этилган кўп қаватли уй-жойларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Байрамона тадбирда Мудофаа вазирлиги, Тошкент ҳарбий округи, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “O‘zshahar qurilish invest” инжиниринг компанияси ва қатор ташкилот вакиллари иштирок этиб, хонадон соҳибларини янги тураржой – “Ватан ичидаги Ватан”, қолаверса, яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этишди.

Барчамизга маълумки, ушбу уйлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, “O‘zshahar qurilish invest” инжиниринг компанияси томонидан барпо этилган. 

Байрамона тадбирда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун жами 11 та 7 қаватли 462 хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.

Энг шарафли касб эгалари бўлмиш ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оиласи, фарзандлари кўзларидаги бу кунги қувончни ҳеч нарсага алмашиб бўлмайди. Чунки улар эндиликда янги ва замонавий талаблар асосида қурилган ёруғ ва шинам хонадонларда истиқомат қилишади. 

Ҳарбий оркестр ва ансамбл томонидан намойиш этилган куй ва рақслар, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари, таниқли санъаткор ва сўз усталарининг қўшиқ ва ҳазиллари барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

Маълумот ўринда айтиш жоизки, “Олмос” МФЙ ҳудудида Мудофаа вазирлиги харбий хизматчилари учун 2018 жами 900 хонадондан иборат 31та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, ушбу уйларнинг биринчи қаватидан 4 та болалар боғчаси ва 1 та оилавий поликлиника ҳам ўрин олган.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида байрам шукуҳи Сергели тумани 8 қурилиш ҳудудида жойлашаган янги тураржой мажмуасига ҳам кўчди.

 Бу ерда ҳам 11 та 7 қаватли 438 хонадондан иборат кўркам уйларнинг калитлари ҳарбий хизматчиларга тантанали топширилди. 

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Бошқа хабарлар