Осмондан ергача тортилган арқон

189

Бугунги кунда турли экстремистик ва террористик ташкилотлар ислом ниқоби остида ғаразли мақсадни кўзлаган ҳолда инсонийликка зид турли хатти-ҳаракатларни бажармоқда. Улар ўзларини динимиздаги мўътабар исмлар билан номлаб, динга муҳаббатли, аммо илми етарли бўлмаган ёки дин арконларидан умуман бехабар, содда мусулмонларни изидан эргаштирмоқдалар. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали оят ва ҳадисларни ўз манфаатлари йўлида талқин қилиб, уламоларимизни ҳақоратлаб, низо чиқаришга уринаётганлари ҳам бор гап.

Уларнинг бу ҳаракатлари туфайли баъзи мусулмонлар билиб-билмай тарафкашлик қилиб, иккига бўлиниб олишлари кузатилаяптики, бу жуда ачинарли ҳолатдир. Ваҳоланки, бундай ҳолларда тарафкашлик қилиб муаммо чиқариш эмас, балки ўртани ислоҳ қилишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло “Ҳужурот сурасининг” 9-оятида: “Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг”, 10-оятида эса “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”, дея марҳамат қилади.

Низо ва талашиб-тортишишдан мусулмонларга ҳеч қандай фойда йўқ, фақатгина тушкунликка тушиш ва   заифлашиш бор, холос. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасининг 46-оятида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир”.

Мусулмонларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатлари қанча кўп бўлса, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлаверади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда бу амр қайта-қайта такрорланади. Ушбу оятда зикр қилинаётган ғалаба омилларидан бири ўзаро тортишиш ва низо қилмасликдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Ўзаро низо қилманг” демоқда. Ўзаро низонинг ва тортишишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг ўзида айтилган: “…у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир”.

Мўмин-мусулмонлар бир оила фарзандларидек, дўст-биродар бўлишлари зарур. Уларнинг бир-бирлари билан талашиб-тортишиши, низолашиши ҳаромдир.

Шундай экан, огоҳ бўлайлик, четдан туриб гўёки ҳижрат ва жиҳодга чорлаётганларнинг жимжимадор сўзларига алданиб қолмайлик. Оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, эшитиб, гувоҳи бўлаяпмиз, уларга қўшилганлар бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқдалар, шаҳарларни вайрон этмоқдалар.

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурди. У киши интернет тармоғида жиҳод ва ҳижрат ҳақида сафсата сотаётганларни қаттиқ танқид қилиб, “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман…” Яъни: фикр ва мижоз исломи, уни ихтиро қилганларнинг даъвоси бўйича, гўёки, Қуръон, Суннат ва салафи солиҳлар ҳукмининг фиқҳи эмиш. Аммо, улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар.

Улар исломий маҳкама зиммаларига бирор айбни қўймаган муслима қизларни сўйиб ташлашни “шариат рухсат берган иш” дейдилар.

Улар Батна шаҳридаги шаръий илмлар маъҳади мудирини ҳеч айби бўлмаса ҳам қатл қилиб юборишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар.

Улар оддий йўловчилар тўла учқични ичидаги беайб инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар.

Ҳар биримиз кўзларни юмиб олиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун ичимизда юрибдилар”, деб хаёл қилсин. Ул зот мазкур мижозий исломга рози бўладиларми?! Уни қабул қилиб, бошлиқ бўлиб, унга даъват қиладиларми?”

Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангуга дучор бўлади. Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар.

Ана шундай қабиҳ ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларининг динга қаттиқ эътиқод қўйганлари ҳақида қанчалик лоф урмасинлар, аслида бу ишларни одамлар қалбидан дин-иймонни йўқотиш учунгина қиладилар. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг мақсади илоҳий динни ҳақоратлаш, одамларни ундан четлаштириш ва уларнинг қалбида иймонли одамларга нисбатан нафрат ва ғазаб уйғотиш, холос. Моҳиятига кўра, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки “дин йўлида” амалга оширилган ҳар қандай зўравонлик ва зулм илоҳий дин устидан зулм ҳисобланади.

Демак, адашмаслик, бўлиниб кетмаслик учун “Аллоҳнинг ипи” – динини маҳкам ушлашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (“Оли Имрон” сураси, 103-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг китоби – Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир”, дедилар.

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги “Фазли”  жомеъ масжиди имом-хатиби

Бошқа хабарлар