ЧОДИР АТРОФИДА НИМА ГАПЛАР БЎЛДИ?

177

Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳудуддаги ҳарбий қисм вакиллари, байналмилал жангчи-фахрийлар, юзлаб ўқувчи ёшлар иштирокида жонли мулоқотлар ўтказилди.

Улкан мониторларда Қуролли кучларимиз, юртимиз мудофаа салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Бирлашма биноси олдида тикилган ҳарбий чодир, армиядаги таомнома асосида рамзий маънода тузалган дастурхон, табиийки, ёш иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Ўқувчилар жонли тадбирга гувоҳ бўлгач, ҳарбий қисмдан келган меҳмонларни саволга кўмиб ташлашганини кузатиб турдим, – дейди бирлашма раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Файзулло Дадажонов. – Соҳанинг нонини еб пенсияга чиққан фахрийлар ҳам ўтмиш хотираларига қайтиб, кўплаб ибратли воқеаларни эслашди, йигит-қизларни руҳлантиришди. Ҳарбий либос кийган бир гуруҳ ўқувчилар эса форманинг масъулияти ҳамда фахр туйғусидан кўзлари чақнаб турганини яширишмади.

Жанговар куй-қўшиқлар янграган тадбир ватанпарварлик ҳақидаги ҳиссиз машваратлар, баландпарвоз гап-сўзлардан фарқли ўлароқ ёшларнинг жўшқин сайлига айланди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар