ҲАРБИЙ ҚИСМДА “ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ”

145

Бухоро шаҳридаги 42-мактаб ўқувчиси Алпомиш Муҳаммедов келажакда ҳарбий бўлиб, юртимиз сарҳадларини қўриқлашни дилига туккан. Шу боис у ҳарбийлар ҳаётига жуда қизиқади.

Мана энди унинг бу нияти амалга ошди. У кўплаб тенгқурлари қатори Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларининг Бухоро вилояти алоҳида қўриқлаш батальонида “Армия – менинг фахрим, ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида ўтган “Очиқ эшиклар куни”да қатнашди.

Қутлуғ айём муносабати билан уюштирилган мазкур тадбирда Бухоро шаҳридаги таълим даргоҳларининг саккиз юзга яқин ўқувчилари ҳарбий қисм таркиби аъзоларининг яшаш шароитлари, ўқув-машғулот жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ҳарбий акалари уларга техникалар, аслаҳа ва технологияларнинг ишлаш механизмлари ҳақида маълумотлар беришди.

Бундан ташқари, мазкур батальоннинг бир гуруҳ ҳарбийлари Бухоро шаҳридаги “Бухоро китоб олами” савдо мажмуасида ўтказилган “Китоблар ярмаркаси”да иштирок этиб, диёримизда нашр этилган янги адабиётларни харид қилдилар.

Рустам ИБРАГИМОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар