Булунғур сув омбори қурилиши: «ҲАММАСИ ЯХШИ КЕТАЁТГАНИ» РОСТМИ?

2116

Ҳар сафар Булунғурга борганимда, ҳамқишлоқларим ­ҳаётида юз бераётган ўзгариш ва янгиликлар билан қизиқаман. Сўнгги 1-2 йилдан бери қурилиши бошланган «Булунғур сув омбори» тўғрисидаги миш-­мишлар қўни-қўшни, маҳалладошлар оғзидан тушмайди.

Қурилиш ҳақидаги хабар тарқагач, тумандаги Фозил Йўлдош номидаги хўжалик ҳудудидаги Пахтабоши, Оқтош, Калтепа каби қишлоқларда яшаётган аҳоли кўнглида бироз ҳадик ва хавотир уйғонган. Сув омборининг шундоқ биқинида жойлашган қишлоқ аҳолисини битта савол ўйлантирмоқда: қурилиш сифатли бўляптими?
Хавотирга асос ҳам бордек. Онда-сонда аҳоли орасида «Қурилишдаги ишчилар арматура сотаётган экан», «Цемент, ёнилғи сотилаётган экан» деганга ўхшаш миш-мишлар тарқалиб туради. Шу боис, қурилиш кетаётган ҳудудга бордик.

Иншоот иқлимга таъсир этадими?

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Булунғур сув омборини қуриш лойиҳасини амалга оширишда буюртмачи «Самарқандсувқурилишинвест» ДУК, бош лойиҳачи «UzGIP» МЧЖ, бош пудратчи этиб «Зарафшон махсуссувқурилиш» МЧЖ белгиланган. Қурилиш-монтаж ишларига давлат томонидан 505,23 ­миллиард сўм ажратилган бўлиб, шу йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 204,614 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.
Иншоот битказилгач, у орқали 36 минг гектар – нафақат Булунғур, балки Жомбой ва сув танқис бўлган ­Пайариқ туманидаги ерларни ҳам суғориш имкони пайдо бўлади. Сув омборига қуйи­лувчи асос – Бахмал туманидан оқиб келувчи Туятортар канали суви. Омбор суви эса «Булунғур» ва «Бот-бот» каналлари орқали Зарафшон дарёсига, сўнг қўшни туманларга етиб боради.
Иншоот 100 миллион куб метр ­ҳажмдаги сувни йиғишга мўлжалланган. Тўғоннинг узунлиги 9 200 метр, баландлиги эса 21-25 метр атрофида бўлиши режалаштирилган. Бу юртимиздаги мавжуд сув иншоотлари билан таққослаганда – у қадар катта эмас. Масалан, Сурхондарёда 1988-2001 йиллар давомида шу пудратчи компания томонидан қурилган «Тўпаланг» сув омборида 187 метр баландликда тўғон кўтарилган. Намангандаги «Резаксой» сув омбори 600 миллион куб метр сувни тўплашга мўлжалланган ва у Булунғур сув омборидан олти марта катта.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳозирда ҳудудда икки метрдан сўнг ер ости зах сувлари чиқаётган бўлса, келажакда омбор сув билан тўлгач, ўн километр радиусдаги ҳудудларда зах сувлар кўпайиши, ҳатто бир метр чуқурликдан ҳам сув чиқиши мумкин. Бундан ташқари, омбордан кўтарилаётган сув буғлари таъсирида ҳавонинг намлиги ортиб, атрофдаги қиш­лоқларда иссиқлик ҳарорати 2-3 даражага пасаяр экан.

Цемент ишлатилмаяпти(ми?)

Баландлиги 21-25 метргача бўлиши кутилаётган 9 километрлик дамба қурилишида цемент ишлатилмаётган экан. Бунинг сабабини «Зарафшон махсуссувқурилиш» МЧЖ раҳбари Абдували Шарипов шундай изоҳлади:
– Омбор қурилишида энг мустаҳкам ва ишончли усул тупроқдан дамба қуриш ҳисобланади. Масалан, цемент ёзда зичлашиб, қишда кенгайиш хусусиятига эга. Агар ундан бўлак-бўлак қилиб тўғон қуриладиган бўлса, оқибатда ёриқлар ҳосил бўлади ва сув кетиб қолиши хавфи ортади. Агар тупроқ сифати белгиланган меъёрларга жавоб берса, у сув билан зичланганда худди нон учун тайёрланган хамир каби пишиқ ва мустаҳкам бўлиб, сув ўтказмайди. Шу боис, тўғон қурилишида ­тупроқ таркиби муҳим роль ўйнайди. Ушбу қурилишда ерни сув билан зичлашдан олдин лаборатория текширувлари олиниб, талабга жавоб берсагина, ўша тупроқдан фойдаланилмоқда. Акс ҳолда, ўша ерга бош­­қа жойдан тупроқ олиб келиняпти. Тўғон қурилишида бир метр куб майдонга 1,7 тонна тупроқ зичланмоқда.
Лаборатория қайд дафтарларига таянадиган бўлсак, қурилиш ­жараёнида шу пайтгача 8360 маротаба ­тупроқ таркиби ўрганилиб, ундаги қум, оҳак, туз, гипс ва тоза тупроқ миқдори текширилган.

Қурилиш ашёлари сотилган…(ми?)

– Сув омбори қуришда биргина сув тўпланадиган жой атрофини кўтариб, тўғон қуриш билан иш битмайди, – дейди Абдували Шарипов. – Аввало, ­омборга қўшимча иншоотлар қурилиши керак. Иш ўтган йил январидан бошланган бўлса, ҳозиргача иш бош­қариш биноси, ишчилар учун ётоқхона, ошхона ва штаб биноси қуриб битказилган. Айни пайтда 5,45 километр узунликдаги кирувчи канал, 4,9 километр узунликдаги чиқувчи канал ва 6 километр узунликдаги айланма каналлар қурилмоқда. Тўғон қурилишининг 9-10 фоизи бажарилган. 12 та сел ўтказувчи иншоот битказилган. Жараёнда 300 нафарга яқин ишчи ишламоқда. Аксарият ишчилар Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларидан бўлса, 40 фоизга яқини – маҳаллий аҳоли.
Шундан сўнг халқ орасида тарқалган гап-сўзлар ҳақида сўрадик:
– Цемент, ёнилғи ва арматура сотилаётгани ҳақидаги миш-мишлар нега пайдо бўлмоқда?
– Ҳақиқатан ҳам, иш жараёнида шундай ҳолатлар содир бўлди, – дейди Абдували Шарипов. – 2020 йилда яширинча арматура ва цемент сотиш билан шуғулланган 6 нафар, шу йил бошида эса солярка сотиш билан шуғулланган 3 нафар ишчи аниқланди. Айни пайтда уларнинг иши судга оширилиб, ўзлари меҳнат фаолиятидан четлатилди. Аммо булар сув омбори қурилиши жараёнида эмас, вақтинчалик ётоқхона, ошхона, иш юритиш биноси қурилиши пайтида юз берган. Омбор қурилишидаги ҳар бир ҳолат қаттиқ назорат остида. Биз билан биргаликда буюртмачи корхона «Самарқандсувқурилишинвест» ДУК ва бош ­лойиҳачи «UzGIP» МЧЖнинг ходимлари туну кун шу ерда бўлиб, ҳар бир жараённи кузатиб турибди.

«Ҳаммаси яхши кетяпти, деяверинг…»

Шундан сўнг «Самарқандсувқурилишинвест» ДУК ходими Зафар Умаров ва бош лойиҳачи «UzGIP» МЧЖнинг сув омбори қурилишига назоратчи сифатида бириктирилган ходими Абдуллатиф Қурбонбоевга иншоотдаги қурилиш ишлари ҳақида саволлар бердик.
Зафар Умаров иш жараёнини бевосита кузатиб бораётгани, лекин бирор дафтарга қайд этмаётганини ­айтди. А.Қурбонбоев эса «Ҳаммаси яхши ­кетяпти, деб ёзаверинг, ­лойиҳага қанча қурилиш маҳсулоти ишлатилиши ­керак бўлса, шунча ишлатил­япти. Мен шахсан кўриб, керакли ҳужжатларга имзо чекиб боряпман», деб жавоб берди. Аммо назоратчи сифатида бирор ножўя ишнинг олдини олгани, кам ёки кўп маҳсулот ишлатилаётганини аниқлаб, ҳолатни тузатгани ҳақида тайинли мисол айтмади. Шунча илтимос қилган бўлсак-да, маълумот беришни истамади.
Тўғриси, аввалига «назоратчи» вазифасидаги масъулнинг маълумот беришни истамагани сабабини тушунолмадик. Балки назоратчи ўз иши ҳақида гапириб, қурилиш фирмасининг обрўсига путур етказмасликни ўйлагандир…
Сув омборига яқин ҳудуддаги қиш­лоқда яшовчилар билан суҳбатлашганимизда ҳамон солярка сотилаётгани, фақат уни қурилишда ишлаётган номаълум шахслар ишончли одамларигагина сотиб, бегоналарга сотмаётганини айтишди. Демак, назоратчининг нега маълумот беришни истамаганини ҳам тушунгандек бўлдик. Чунки ҳаммаси у айтганидек «жойида» эмас.
Тупроқ-чанг ичида, офтоб тагида ишлаётганига қарамай, айрим ишчиларнинг оёғидагина резина этиклар, аксариятида шу резина этиклару махсус кийим ва махсус ҳимояловчи бош кийимлар ҳам йўқ. Улар эса биз билан суҳбатда ўз ишларидан мамнунлиги ва даромадларидан рози эканини айтишдан нарига ўтишмади.
Фикримиз шуки, қурилиш объектида назоратчилар фаолияти холис йўлга қўйилиши, маълумотлар вақти-вақти билан омма учун очиқ айтилиши, жараёнда шаффофлик бўлиши керак. Бу, бир томондан, қурилишдаги масъулиятни оширса, иккинчи томондан, талон-торож ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Маълумотларнинг ёпиқлиги эса фақат ва фақат миш-мишларнинг кўпайиши, аҳоли ишончсизлиги ва охир-оқибатда иккала томоннинг моддий ва маънавий зарар кўришига сабаб бўлади.
Ўйлаймизки, Сув хўжалиги ҳамда Қурилиш вазирликлари ушбу ҳолатга ва берилаётган таклифларга беэътибор бўлмайди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»