Қалбимиз олдида юзимиз ёруғ(ми?)

1146

«Ishonch» газетасининг 2021 йил 18 майдаги сонида чоп қилинган «Қопқоқ остида совғами ё ғавғо?..» сарлавҳали мақолани ўқиб…

Ҳамкасбим – ёш келин таажжуб ва таассуф билан гап бошлади:
– Қариндошимизнинг ўғли уйлангач, ичкуёв бўлиб яшаётганди. Кеча онаси бизникига меҳмон бўлиб келганида қудаси ўғлига енгил машина олиб бергани ҳақида боши осмонга етгудай бўлиб, қувончга тўлиб гапирди… Мен йигит киши қайнотасининг бунақа катта совғасини хотиржамлик ва хурсандчилик билан қабул қилганини ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман…
…Аллоҳ раҳматига олгур Қозоқвойҳожи бобом ўғил-қизларини йўқлаб борганида ҳеч қачон дарвозадан кира солиб, набирага совға-салом улашмас экан. Келтирган нарсаларини уй бекасига топшириб, «Буларни набираларимга худди ўз уйингиздан олиб чиққан каби беринглар. Агар меҳмонлар остона хатлабоқ, кичкиналарга нималардир бераверса, болалар бунга ўрганиб, келган одамнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолади. Худо кўрсатмасин, уларни таъмагирликка ўргатмайлик», дер экан.
Жойлари жаннатда бўлгур онажоним эса тўй-маъракалар дастурхонидан айрим аёлларга ўхшаб чўнтакларига нималардир солиб келмасди. Баъзилар: «Болаларингизга озгина ширинлик олинг. Бошқалар оляпти-ку», деса, «Ўзимиз меҳмон бўлдик, шукр», дер экан.
Биз улғайиб, фарзандли бўлганимизда, онажоним бу одатлари ­моҳиятини яхшилаб тушунтирганди: «Болага бугун бировнинг дастурхонидан сўраб-сўрамай нимадир олиб келиб берсанг, эртанги кун ҳам бор-ку. Эртага у борига қаноат қилмасдан яна нималардир кутилмаган жойдан тайёргина келиб қолишидан ёки қаёққадир борсанг, ўша ердан нимадир кўтариб келишингдан умидвор бўлиб қолиши мумкин».
«Бировнинг таомига назар солма», «Ерда тушиб ётган нарсаниям олма», «Бировнинг нарсасини уйга кўтариб келма», «Чақирилмаган жойга борма», «Қорнинг оч бўлса ҳам, назаринг тўқ бўлсин»… Бизнингча, катта авлоднинг бундай панд-насиҳатлари зурриётларини тамагир, ғурурсиз, ўз нафсига қул бўлишдан ор-ҳазар қилишга чорловчи талаблари бўлиб келган.
Шу сатрларни ёзар эканман, бир қўшнимнинг яқиндагина менга дил ёргани ёдимга тушди: «Арафа куни бир нечта тугунда егуликлар, қайнонасига, қизим ва куёвимга совғалар билан ­ҳайитлик жўнатгандим. Қудам: «Биттагина қиз бўлсанг ҳам онанг яхши нарсалар юбормабди», деб таъна қилибди. Ҳомиладор қизим асабийлашганми, шифохонага тушиб қолибди…».
Афсус, бу гаплар янгилик эмас. Ёшларнинг ўзига келин ёки куёв танлашда бойликни, мансабни, қуда томоннинг катта ташкилотларда таниш-билиши бор-йўқлигини асосий мезон қилиб олиши баъзи ҳамюртларимиз учун оддий ҳолга айланиб қолди. Оилавий ришталарни шулар асосида боғламоқчи бўлганлар аслида бир-бирининг ана шу жиҳатларидан манфаат кутаётганлардир. Янаям аниқроғи, улар соғлом ва мустаҳкам оила қуриб ­жамиятга муносиб фарзандлар тарбия­лашни эмас, балки никоҳ боғлашдек муқаддас ишда ҳам фақат шахсий-маиший эҳтиёжларини қондирмоқчи бўлган тамагир, ориятсиз, андишасиз кишилардир. Бу иллатлар кимлардадир энди-энди куртак отаётган бўлса, кимлардадир аллақачон ғовлаб кетган.
Қуда-андалар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ҳамкасблар, савдо ходимию харидорларнинг ўзаро муносабатида тез-тез учраётган, борган сари наинки инсоф-диёнат, балки одамийликнинг оддий қоидаларига ҳам тўғри келмайдиган – қуюшқонларни-да вайрон қиладиган ҳолат-воқеалар кўз ўнгимизда: бир қулоч ер талашиб туғишганлар бир-бирини суд­­га берган… пулдор ота мактабдаги боласининг баҳосини ҳам ўзи хоҳлаганча қўйдириб олишини ошкора гапиришдан уялмайди…
Дарвоқе, яқинда қуйидаги воқеанинг гувоҳи бўлдик: тўрт қаватли уйнинг юқори қаватига кўчиб келган бир оила аъзолари ўша подъездда яшайдиган қўшнилардан сўрамай, томга чиқишга мўлжалланган умумий йўлак қулф-калитини янгилаб, ўзиники қилиб олди. Маҳалла қўмитаси, ЖЭК, маҳаллага масъул ички ишлар бўлими вакилларию қўшнилар бир тараф, янги қўшни бир тараф бўлди. У: «Томда иши борлар бош­­қа подъездлардан чиқаверишсин», деб ҳаммага қўл силтади. Бу ўринда кўпчиликнинг йўли ёпиб ­қўйилгани, икки қулоч жой кимгадир ўтиб кетгани эмас, балки янги қўшнининг бу қадар худбин, уятсиз, бурни тагидан нарини кўролмаслиги ҳайратланарли ва ачинарли ҳолдир.
Юқоридагиларни ўқиб айрим кишилар: «Муаллиф «Қопқоқ остида совғами ё ғавғо?..» мақоласи ҳақида сўз бошлаб, бош­­қа томонга ўтлаб кетди», деб ўйлаётган бўлишлари мумкин. Лекин… Жамият тараққиётию иқтидорлар камолига, соғлом оилалар вужудга келишига, эркин ижобий баҳсу мусобақаларга тушов бўладиган коррупция, порахўрлик, адолатсизлик, бемеҳрлик ва шафқатсизлик каби иллатларнинг туб илдизлари аслида инсон қалбида қачондир ниш урган тамагирликка, ишламасдан тишлашга интилишга, бошқалар ютуғига ҳасад қилишу уларнинг топганига кўз тикишга бориб тақалади.
Аждодларимиз улоқда ғолиб чиққанларни, Қуръон мусобақаларида тиловати гўзалларни, ҳунармандлар орасида қўли гулларни… пазандалар, каштачилар, деҳқонлар, шоиру санъаткорлар – барча-барчасини меҳнату маҳорати, изланиши, ҳалоллиги, эришган натижаларига қараб, саралаб олганлар, олқишлаганлар, мукофотлаганлар, сийлаганлар. Бундай адолатли, натижаси хайрли бўладиган ҳаётий анъаналар ҳикматини мулоҳаза қилганинг сайин минг-минглаб болаларни, баъзида ота-оналарни ҳам чиқитга ташланиши керак бўлган ёки ташланган қопқоқларни йиғиштириб, қандайдир қоғозга беркитилган рақамларни очиб, инсон қалбига заррача зиё бермайдиган акцияларда иштирок этиб, совғалар ютиб олишга тарғиб қилиниши қанчалар уятли, аламли, тарбияга зид эканини чуқурроқ ҳис этасан.
Яқинда нишонланган ийд Рамазон кунлари ижтимоий тармоқларда ёритилган ва анча шов-шувларга сабаб бўлган воқеани – бир «бойвачча»нинг атрофида тўпланиб турганларга пул сочишини ва даврадагиларнинг хатти-ҳаракатларини кўриб, қалбимни ­доимий оғриқли савол яна тирнаб ўтди: «Наҳотки, шунча одам орасидан шаҳд билан чиқиб, «Эй, нима қиляпсан? Сен кимсан ўзи? Кўпчиликнинг устидан кулишга нима ҳаққинг бор?» дейдиган уч-тўрт киши топилмаган бўлса?!».
Келинг, «Кўп гапириляпти, аммо фойдаси йўқ», «Барибир, буни ҳеч ким эшитмайди» каби ночорлик, таслимликка ҳозирлик туйғуси кишанидан қалбимиз, тилимиз, журъатимизни озод этайлик. Уламоларнинг айтишларича, нотўғри ишга тўғридан-тўғри қаршилик қилиш – имоннинг бутунлигидан, қайсидир иш нотўғрилигини кўра-била туриб, уни фақат қалбдагина инкор этиш имоннинг сустлигидан далолатдир. Жамият эса имони бутун шахсларни шунчалар соғинди-ки…
Шундай шарафга интилмоқ, унга эришмоқ билан ўз қалбимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиб яшасак, қандай ­саодат!

Муҳтарама УЛУҒОВА,
Республика маънавият
ва маърифат маркази
масъул ходими