Шакарни ғамланг! Нархи ошиши мумкин

460

Чунки у давлат назоратидан чиқарилди. Яъни шакар муҳим халқ истеъмоли товарлари рўйхатидан ўчирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПҚ-4484-сонли қарори 1-бандида келтирилган.Энди унинг баҳосини бозор белгилайди.

Бу эркин бозор форматига ўтаётган иқтисодиёт учун қонуният бўлиши мумкин. Бироқ ҳадик шундаки, шакарнинг ҳам “эга”си чиқиб қолмасмикан? Худди олдингига ўхшаш…

Илгари иқтиcодиётимиздаги ёпиқ ва соядаги, яъни “теневой” сиёсат кўплаб валломатларни пайдо қилганини ҳамма билади. Боҳо шакарчи, фалон миллионер, фалон олигарх… Уларни биз, ўзимиз яратгандик. Божхонада махсус йўлаклар очиб, махсус рухсатномалар бериб ва бошқаларга бу йўналишда табу қўйиб… Оқибатда “вайронадан чиққан бу миллионерлар” қанча шаталоқ отишди. Жабрини одатдагидай халқ кўрди. Айтмоқчи бўлаётганим, яна шундай бўлмайдими? Шакарни хоҳлаган тадбиркор олиб кира оладими? Агар шундай бўлса, нарх-наво эркин бўлади. Акс ҳолда…

Ўзи, умуман, монополияга қарши курашни янада кучайтириш керак, деб ўйлайман. Эшитишимизча, ҳозир қурилиш ишларида урф бўлган алюмин профилларни четдан олиб киришга фақат “Имзо” ва “Акфа”га рухсат бор эмиш. Бу, албатта, бозордаги рақобатни йўқ қилиб, ана шу фирмаларни яккаҳокимга айлантиради-да. Бундай йўсинда мазкур компаниялар эгаси нафақат шахсий самолёт, балки Бойқўнғирда ўзига ракета сотиб олибди, дейишса ҳам ишониш мумкин.

Хуллас, қонунлар ҳаммага бирдай ишласа, бир тўда одамларга эмас, бутун халққа яхши бўлади. Ватан ва миллат мавқеини эса ҳар доимгидай саноқли бойлар эмас, меҳнаткаш ва фидойи халқ белгилайди.

platformauzb

Бошқа хабарлар