Мажбурий меҳнат жаримаси…

837

Ходимни ўз ихтиёрисиз хизмат мажбуриятига кирмайдиган ҳар қандай иш – ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ишлари, турли тадбирларга жалб қилиш мажбурий меҳнатнинг кўринишларидан бири. Ҳеч ким шахс­­ни «ишдан бўшатаман», «ойлигини қирқаман», «мукофотдан маҳрум қиламан» деган таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.

Меҳнат кодексининг 7-моддасида мажбурий меҳнат, яъни бирон бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланиши белгиланган.
Мажбурий меҳнатга жалб қилиш «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 51-моддасига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима, агар ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга олиб келиши мумкин.
Айни пайтда Фарғона вилоятида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва иш вақтига риоя қилиш мақсадида ташкилот ва муассасаларда мониторинг ишлари бошланди. Бундан кўзланган мақсад эса мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликдир.

Феруза АБДУЛЛАЖОНОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Меҳнат инспекциясининг
Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори