Дунёнинг турли бурчакларида мактабга элтувчи энг хавфли йўллар

256

Одатда ота-оналар фарзандларининг таълим олиши учун борадиган мактаб ва уйлари ўртасидаги масофа яқинроқ бўлишини истайди. Бироқ дунёда шундай мамлакатлар борки, у ерларда билим олиш ҳақиқий жасоратни талаб этади, деб ёзмоқда Самарқанд нашри электрон сайти.

Бунга ишониш қийин. Бироқ болаларнинг мактабга етиб олишлари учун соатлаб йўл юришлари ва йўлдаги хавфли даражадаги қийинчиликларни ҳар куни енгиб ўтишларига тўғри келади.  

Колумбиядаги пўлат арқонли “йўл”

Мактабга элтувчи йўлларнинг энг хавфлиларидан бири Колумбияда жойлашган. Мактаб ўқувчилари шунчаки, пўлат арқонга ўрнатилган ғилдиракчаларга ўзларини боғлаб, Рио-Негро дарёси устидан, ўқув қуролларини қучоқлаганча учиб ўтадилар. Баландлик 800 метрни ташкил этади.

Хитойдаги тоғли йўл

Хитой ўзининг мактабга бориш учун оғир шароитли йўллари билан машҳур. Хитойнинг Гулу вилоятида мактаб ўқувчилари ўлкан баландликдаги ингичка йўлакча бўйлаб, 5 соат йўл юради. Чжанцзявань маъмурияти қишлоқларининг бирида мактаб ўқувчилари, тошли қояларга ўрнатилган зиналардан катта баландликка кўтарилади. 

Индонезия сув ҳавзалари

Индонезияда тимсоҳлар сузиб юрадиган сув ҳавзалари мавжуд. Уларнинг устидан кўплаб кўприклар қурилган. Умуман айтганда, уларни кўприк, деб ҳам атаб бўлмайди. Қурилма (кўприк) бор-йўғи вертикал ётқизилган иккита ёғичдан иборат. Айнан шу ёғочлар аҳоли учун кўприк вазифасини ўтайди. Мактаб ўқувчилари ҳам шундай кўприклардан ўтиб мактабга қатнайди. 

Шри-Ланкадаги жарлик

Шри-Ланканинг Форт Галле қишлоғида ўқувчилар мактабга қатнашлари учун биринчи навбатда дорбозлик санъатини ўзлаштиришлари зарур. Улар тоғнинг иккинчи қисмига ўтиш учун жарлик устида ётқизилган бир дона тахта устидан юриб ўтишлари талаб этилади. Масофа олис бўлмаса-да, тахта жарлик устида жойлашган. 

Ўқувчилар учун вертолёт

Россия Федерациясида мактаб ўқувчиларининг хавфсизлиги таъминланган. Бироқ Россиянинг Узоқ Шимол ҳудудида ҳам мактабга қатнаш масаласида айрим қийинчиликлар мавжуд. У ерда ўқувчилар мактабга вертолетда олиб кетилади. Мактабларда интернат тизими жорий этилган. Ўқувчилар куз ойида мактабга келади ва ёзги таътилгача уйларига қайтмайди. Ёзги таътил бошланиши билан, вертолётлар уларни яна уйларига қайтариб олиб кетади.  

Ҳимолой тоғлари орқали мактабга

Непалнинг Занскар вилоятида мактаб-интернатлари жойлашган. Аммо маҳаллий ўқувчиларнинг мактабга етиб олишлари жуда оғир шароитда ўтади. Ўқувчилар мактабга етиб олиш учун Ҳимолой тоғларининг музликлари ва тошли қояларини пиёда босиб ўтади.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси

Бошқа хабарлар