Тўй ўтказиш тартибини бузганга жавобгарлик белгиланмаган

298

Тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар давом этаётгани оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Шу сабабли тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўшма қарори қабул қилинди ҳамда «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги низом ишлаб чиқилди. Хўш, бу жойларда қандай бажарилмоқда?

Илк қонунбузар аниқланди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Темирдарвоза»  маҳалласида ўтган тўйдаги кўнгилсизлик шов-шувга айланди. Маълум бўлишича, туманда яшовчи Собир Азимов ва ака-ука Рамзиддин ҳамда Рамазон Самадовлар аввалдан бир-бири билан жанжаллашиб юрган. Тўй куни эса улар арзимаган сабабга кўра муштлашиб кетган ва бу иш охири пичоқбозлик билан тугаган. Тарқалган видеотасвирдан кўриш мумкинки, «Муҳташам»  тантаналар мажмуасида қарорда белгиланганидан кўп одам йиғилган. Дабдабабозликни эса, айтмай қўя қолайлик.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида ҳам 4-5 январь кунлари ўтказилган айрим тўйларда меҳмонлар сони 200 нафардан ортиб кетган. Масалан, Самарқанд туманидаги «Хўжа Аҳрор Валий» маҳалласидаги базмга 370 нафар меҳмон ташриф буюргани аниқланди. Худди шундай манзара «Ширинобод» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кузатилган.

— Бу каби кўнгилсизликлар қайта такрорланмаслиги учун тарғиботни янада кучайтирдик, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши раисининг ўринбосари, ҳудудий мувофиқлаштирувчи комиссия штаб раҳбари Юсуфжон Салимов. — Ҳар бир тўйхона эгаси билан суҳбат олиб боряпмиз. Тўйларни шартнома асосида  ўтказиш лозимлигини тушунтиряпмиз. Бу орқали меҳмонлар сонини  назорат қилиш ҳам осонлашади. 200 нафардан ортиқ киши тўйда иштирок этишига йўл қўйилмайди. Қолаверса, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик ҳам назоратга олинмоқда. Бунинг учун фақат лицензияга эга бўлган автокорхоналар хизмат кўрсатишини йўлга қўй­япмиз. Ҳар куни ишчи гуруҳи билан ўрганиш олиб боряпмиз.

Хўжа Аҳрор Валий  маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган тўй бўйича тўхталадиган бўлсам, фуқаро ва тўйхона эгаси ҳозирча қарор талабини бузганлик учун жавобгарлик масаласи белгиланмагани учун Самарқанд туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан огоҳлантирилди, холос. Ҳозирча қарор талабини бузганлик учун жавобгарлик масаласи белгиланмаган. Бу иш Адлия вазирлиги зиммасига юкланган бўлиб, шу кунларда Маъмурий кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳуқуқий ҳаракат олиб борилмоқда. Бу ишни имкон қадар тезлатиш керак.

Афсуски, ижтимоий тармоқда айрим блогерлар томонидан юқоридаги вазият нотўғри талқин қилиниб, гўёки, айбдорлар жаримага тортилгани ҳақида «бонг»  урилмоқда.   

Комиссия фақат қонунбузилишларни рўйхатга олмайди

Мавзу доирасида бу ишга масъул ходимлар фикри билан ҳам қизиқдик.

— Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан қарор талабини бажарилиши бўйича мониторинг ишлари бошланди, — дейди тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси масъул котиби Азизбек Турдиев. — Жойларда қарор талабини бажариш мақсадида тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. Комиссиянинг вазифаси қарор ижросини назорат қилиб, қонунбузилишларни рўйхатга олиш эмас, балки шундай нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик. Ҳамма нарса ҳам бошида осон бўлмайди. 

Қарор чиққани яхши, аммо…

 — Тўйларни камчиқим ўтказиш бўйича қарор қабул қилингани яхши бўлди, энди унинг ижросини таъминлаш зарур, — дейди Наманган вилоятида яшовчи Гулчеҳра Қирғизова. — Жавобгарлик масаласини янада қатъийлаштириш керак. Жарима суммасини каттароқ миқдорда белгилаш лозим. Чунки дабдабали тўй қилаётганлар учун жаримани тўлаш қийин эмас. Кимнингдир пули кўпайиб кетган бўлса, мактаб, кутубхона қурсин, жуда бўлмаса, ночорларга ёрдам берсин. Қарорга яна қўшимча киритиш керак, деб ўйлайман. Мисол учун, битта тўйни  иккита тўйхонада ўтказиш ҳолатини назоратга олиш механизми мавжуд эмас. Шу жиҳат ҳам қонунийлаштириб қўйилмаса, қарор ижроси бажарилмай қолаверади. Яна бир таклифим — «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси орқали барча санъаткорларни категорияларга ажратиш, тўй ва маросимларни ўтказиш учун нарх белгилаш керак.

Масъуллар нима дейди?

Юқорида суҳбатдошларимиз таъкидлаганидек, қарор қабул қилингани яхши бўлди. Аммо ундаги барча талабларни бажариш масъулларга оғирлик қилмаяптими? Мисол учун, меҳмонлар сони қандай ҳисобланмоқда? Маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва профилактика инспекторлари қийинчиликка дуч келмаяптими?

— Қарор жуда вақтида қабул қилинди, — дейди Андижон вилоятидаги Абдураҳмон Жомий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сотиволди Солиев. — Унинг ижросига бир қатор ташкилотлар масъул этиб бириктирилган. Айниқса, тўйга ташриф буюрувчи меҳмонлар сонини назорат қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ҳудуд нозирлари зиммасига тушади. Бу иш шаҳарда бироз осон. Чунки базм, наҳорги ош тўйхонада бўлади. Меҳмонлар сонини ўртада тузилган шартнома орқали билиш мумкин. Аммо қишлоқларда аксарият тўйлар хонадонда, эрталабдан кечгача давом этади. Бу эса бизга муаммо туғдиради. Ахир, маҳалла фуқаролар йиғини раиси тўй ўтгунча шу хонадонда ўтира олмайди-ку! Шу каби жиҳатларни ҳисобга олиб, маҳалламизда қарор ижроси юзасидан ички тартиб ишлаб чиқдик. Унга кўра, фаоллар, кўчабошилар, ошпаз ва дастурхончилардан иборат жамоатчилик кенгаши туздик. Шулар билан бирга тўйларни ихчам ўтишига эришамиз, деб ўйлайман.

Ички ишлар ходимидан норозими?

— Қарор ижроси доирасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги қўшма қарор ишлаб чиқди, — дейди Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, майор Аброрбек Худойбердиев. — Бу бўйича асосий масъулият профилактика инспектори ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларига юкланган. Аммо қонунбузарларга жавобгарлик аниқ белгиланмагани учун ҳозирча бироз қийин бўлмоқда. Масалан, қайсидир тўйда одам сони кўп бўлса, қандай чора кўриш ноаниқ. Шаҳарларда бунинг йўли осон, аммо хонадонларда тўйларни назорат қилиш анча қийин кечмоқда. Ёки дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни («етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайит», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларни) қарор талаби бўйича ўтказмаётган фуқароларга ходимларимиз қандай чора белгилашга қийналади. Шундай ҳолларда профилактика нозири эътироз қилса, халқ ёмон кўряпти. Менимча, бу ишни ҳудуддаги имомлар зиммасига юклаш керак. Халқ бу мавзуда биздан кўра, уларга эргашади. Мисол учун, профилактика ходими жанозани уч кундан ортиқ қилмайсан, деса, одамларда ички ишлар ходимига нисбатан норозилик уйғониб қолмоқда. Барча тизим ҳамкорликда ишлаши керак. Битта профилактика инспектори ёки маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳеч нима қила олмайди.

Қарорда тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозимлиги белгиланган. Аммо фуқаролар бундай қилмаяпти. Яқинда Бойсун туманидаги «Темирдарвоза»  маҳалласида содир бўлган кўнгилсизлик ҳам айни шу сабаб келиб чиққан. Тўйхона эгаси ва тўйбоши қарорда белгиланганидек, бизни огоҳлантирмаган.

Хулоса

Тўйларда дабдабабозликнинг авж олиши минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки жамиятимиздаги маънавий муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Демакки, мазкур салбий иллатга чек қўйиш — оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.  Шу маънода тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш даврнинг талаби, дейиш мумкин.

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

Манба: “Mahalla” газетаси, 3-сон

Бошқа хабарлар