Касбилик деҳқонлар «хизмат доираси»дан ташқарида(ми?)

262

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кластер усулида етиштириш ва қайта ишлашга ўтилаётгани иқтисодиётимиз учун муҳим янгиликлардан бири бўлди. «Ҳалқа», «занжир» маъноларини англатувчи кластер атамаси иқтисодиётда ҳам яхлитлик яратиши билан аҳамиятлидир. Аммо ишчи-ходимларнинг ҳимояси, уларнинг манфаатларини ҳам ўз ичига олган бу яхлитликни барча ҳам тўғри тушун­яптими? Хусусан, Касби туманида бу ҳолат кўнгилдагидекка ўхшамаяпти…

– Айни пайтда туманимиздаги қатор фермер хўжаликлари кластер усулидаги «Индорама Агро» масъулияти чекланган жамиятига кирган, – дейди Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Касби тумани кенгаши раиси Ботир Исломов. – Биз ушбу МЧЖ ходимларига қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишини назорат қилиш, пахтакор деҳқонларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш мақсадида корхонада касаба уюшма тузиш мақсадга мувофиқлигини сўраб, мурожаат қилдик. Аммо «Индорама Агро» МЧЖ ижрочи директори Равшан Тожиев бир вақтнинг ўзида «Қўқонтекстил» комбинатининг ҳам директори ҳисобланади. Шу боис, у касаба уюшма қўмитасини Касби туманида эмас, Қўқонда тузишга ҳаракат қилаётир. Яъни, «Қўқонтекстил» комбинатининг касабақўми Касби туманидаги фермер хўжаликлари ишчиларининг иссиқ-совуғидан, яхши-ёмон кунидан, ишидаги меҳнат муҳофазаси-ю, соғломлаштириш, маънавий-маърифий, маданий ва жисмоний тарбия ишларини юргизар эмиш…Ваҳоланки, Касаба уюшмалари Республика кенгашларининг таклифлари асосида қайта ишланган «Ўзбекистон касаба уюшмалари картаси»да қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари Ўзбекистон фермерлар кенгаши аъзолари агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасида бирлашиши белгилаб қўйилган. Шу боис, «Индорама Агро» МЧЖ бош директори Дипак Рейнага иш берувчи сифатида касаба уюшмаси фаолияти учун етарли шарт-шароитлар яратиб беришда кўмак сўраб, хат билан мурожаат қилгандик. Бу масалада МЧЖ ижрочи директори Равшан Тожиевга ҳам бир неча бор учрашдик. Чунки тумандаги деҳқонларнинг тақдирига бефарқ қарай олмаймиз.
Кенгаш раиси тўғри таъкидлади. Шу вақтга қадар агросаноат мажмуи тармоғи фермер хўжаликлари ишчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ифода этиб келган. Туман кенгашига 2017 йилда аъзолардан 320 миллион 500 минг сўм ­аъзолик бадали тушган бўлса, 2018 йилда 168 миллион 383 минг сўм, 2019 йилда эса 169 миллион 747 минг сўм қабул қилинган.
Албатта, кластер корхонасида касаба уюшма қўмитаси тузилмагани сабабли ундаги фермер хўжаликларидан бир сўм ҳам аъзолик бадали тушмаган. «Пахтакор» ҳудудидаги хўжаликлардан эса туман кенгашига аъзолик тушуми 0,3 фоизга бажарилган, холос.
Аъзолик бадалининг йилдан йилга камайиб бориши эса, табиийки, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясидаги чора-тадбирларнинг ҳам заифлашиб боришига сабаб бўлмоқда. Аниқ мисол келтирадиган бўлсак, Касби тумани деҳқонлари учун касаба уюшма бюджети ҳисобидан 2017 йилда 34 та, ижтимоий суғурта ­маблағидан 31 дона йўлланма ажратилган бўлса, 2018 йилда 47 ва 38 дона, 2019 йилда эса 16 ҳамда 26 дона йўлланма эгаси санаторийларда ҳордиқ чиқарган.
Касби чўл ҳудуди бўлиб, ёзнинг жазирамасида ўғил-қизларни салқин оромгоҳларда дам олдиришни иқлимнинг ўзи тақозо этади. Шунга кўра, 2017 йилда 101 нафар агросаноат мажмуи тармоғи ходимларининг фарзанди сўлим масканларда соғломлаштирилган бўлса, 2018 йилда 120 нафар ўғил-қиз дам олган. 2019 йилда эса бу кўрсаткич «нол»га тенг. Яъни, касбилик тармоқ ходимларининг болалари ушбу йилнинг ёзида ҳеч қаерда дам олишмаган.
Албатта, бунга туман кенгаши аъзолари сонининг тобора камайиб бораётгани ва фермер хўжаликларининг кластер корхонасига қўшилиб, у ерда касаба уюшма ташкилоти тузилмаётгани ва маблағ тушмаётгани энг асосий сабабдир.
– Бундан бир-икки йил муқаддам пахтакор деҳқонлар ўртасида йилига уч-тўрт марта ­анъанавий спорт мусобақалари ўтказиларди, – дейди агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Касби тумани кенгаши ҳисобчиси Ходи Муртозаев. – Қанчадан-қанча меҳнат фахрийларини пенсияга кузатиш тадбирларини, турли маънавий-маърифий учрашувларни ташкил этганмиз. Энди эса маблағ тушмаётгани учун қўлимиз ҳам калталик қилиб қоляпти. Бу ҳатто ойлик маош­ларимизга ҳам таъсир қилди. Яъни, туман кенгаши раиси 2019 йилнинг сентябрь ойидан бош­лаб, тўртинчи разряд учун ойлик олса, ҳисобчининг маоши иккинчи разрядга туширилди. Бунга қадар эса бизга олтинчи ва тўртинчи разряд бўйича маош тўланарди…
– Умрим далада ўтган, – дейди 70 ёшли меҳнат фахрийси Бобоназар Каримов. – Ҳозир пенсиядаман. Ўғилларим фермер хўжалиги далаларида меҳнат қилиб, рўзғор тебратарди. Улар ишлайдиган фермер хўжалиги кластер корхонаси таркибига ўтгач, фарзандларимни ишдан бўшатишди. Иш ўрни сақланиб қолинган баъзи бир ҳамқиш­лоқларим ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб, қайси касаба уюшма ташкилотига боришни билмаяпти. Ўтган йили невараларимизни оромгоҳларга ҳам жўната олмадик…
Касби далаларида қишин-ёзин ер билан тиллашадиган яна қанча-қанча деҳқон бор! Уларнинг талаб ва истакларини узоқ Қўқондаги «Қўқонтекстиль» комбинатининг касабақўм етакчиси қондира олармикан? Бунинг устига, у Истеъмол товарлари тармоғининг мутахассиси бўлса? Қўли қадоқ деҳқоннинг дардини тўлиқ ҳис эта олармикан?

Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар