28 май – Озарбайжонда Республика куни

939

      Озарбайжонда ҳар йили 28 май миллий байрам – Республика куни сифатида нишонланади. Сабаби, 1918 йилнинг шу куни биринчи марта Озарбайжон Демократик Республикаси эълон қилинди. Бу озарбайжон халқи тарихига мамлакат бирлашишини белгилаган энг ёрқин саҳифа сифатида кирган.

Мамлакатда ушбу  санани  Озарбайжон давлатчилигининг тикланиш куни деб ҳам аташади, чунки узоқ вақт давомида Озарбайжонни аввал Эрон, кейин эса Россия империяси бошқарган. 1918 йилда Россиядаги инқилоб ва озарбайжон халқининг узоқ йиллик миллий озодлик курашидан сўнг, Мамад эмин Расулзода бошчилигидаги Озарбайжон Миллий Кенгаши давлат суверенитетини эълон қилди.

Бироқ 1920 йил апрель ойида Қизил Армия бўлинмалари Деникин қўшинларининг қолдиқларини мағлубиятга учратиб, Озарбайжон чегарасини кесиб ўтиб, 28 апрелда Бокуга киришди. Худди шу куни ОДР ҳудудида Озарбайжон Совет Социалистик Республикаси (Озарбайжон ССР) ташкил этилгани эълон қилинди.

Озарбайжон Демократик Республикаси атиги 23 ой мавжуд бўлганига қарамай, миллий давлатчилик тарихида муҳим из қолдирди. Кейинги йиллар, ўн йилликлар озарбайжон халқининг ёрқин воқеалари, улкан ютуқлари билан ажралиб турадиган мамлакат ҳаётининг муҳим босқичларини ташкил этди. Буларнинг барчаси биргаликда, ҳозирги мустақил Озарбайжоннинг иқтисодий, интеллектуал ва маданий салоҳиятини яратди.

Ушбу воқеа шарафига Бокудаги кўчалардан бири ва метро бекатига “Истиглалият” (Мустақиллик) номи берилди. Мустақиллик декларацияси матни билан монумент ўрнатилди. Тбилисида, Кавказдаги собиқ вице-сарой зали деворида озарбайжон, грузин ва инглиз тилларида ёзилган ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган.

1918 йил 28 майда Тбилисидаги Кавказдаги собиқ губернатор саройининг залида қуйидаги асосий фикрлардан иборат Мустақиллик Декларацияси имзоланган:

  1. Бундан буён Озарбайжон халқи суверен ҳуқуқларнинг ташувчиси бўлиб, Шарқий ва Жанубий Закавказияни қамраб олган Озарбайжон тўлақонли мустақил давлатдир.
  2. Демократик республика мустақил Озарбайжоннинг сиёсий тузилиши шакли сифатида ташкил этилган.
  3. Озарбайжон Демократик Республикаси халқаро алоқанинг барча аъзолари ва айниқса, қўшни халқлар ва давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилади.
  4. Озарбайжон Демократик Республикаси барча фуқароларга миллати, дини, ижтимоий мавқеи ва жинси фарқ қилмасдан ўз фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини ўз доирасида кафолатлайди.
  5. Озарбайжон Демократик Республикаси ўз ҳудудида яшовчи барча халқларга эркин ривожланиш учун кенг имкониятлар яратиб беради.

Ушбу фикрлар ҳали ҳам Озарбайжон давлат тузилишининг асосини ташкил этади, шунинг учун Республика куни расмий равишда 1992 йилдан буён нишонланиб келинадиган ва ишламайдиган кун бўлган мамлакатдаги энг муҳим байрамлардан биридир.

 

Зебо Намозова тайёрлади