Касалликдан холи ток кўчатлари қандай етиштирилмоқда?

1744

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда турли хил вирусли касалликлардан холи ток кўчатларини етиштириш ва узумзорлар кўламини кенгайтириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Анжуманда айтилишича, дунё андозаларига жавоб берадиган узум ва унинг қайта ишланган маҳсулотларини ишлаб чиқаришга замин яратиш учун инновацион  in-vitro лабораторияларида микроклонал усулда пайвандланган ток кўчатларини етиштиришни ташкил этиш жуда муҳим. Бу усул ток кўчатларини вируслардан ва бошқа касалликларда тозалашга имконият беради ва узум кўчатлари ирсиятининг бир хиллигини таъминлаб беради.

Юқори ҳосилли, йирик мевали, уруғсиз, турли муддатларда – жуда эртаги (ультраранний) ва кеч пишадиган узум навларини яратиш бўйича селекция ишларини йўлга қўйиш бўйича хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Дастлабки қадам сифатида, 2021 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш Агентлиги жамғармаси ҳисобидан 10 млрд. сўм миқдордаги маблағ Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказ AKIS (Миллий Марказ)га тўғридан-тўғри беғараз асосда ўтказиб берилди. Унда вируссиз, юқори ҳосилли, йирик мевали, уруғсиз, турли муддатларда – жуда эртаги ва кеч пишадиган узум навларини яратиш бўйича селекция ишларини “IN-VITRO” лабораториясида йўлга қўйиш ҳамда 2021 йил куз мавсумида 1,0 млн. дона, 2022 йил баҳорда
1,0 млн. дона кўпайтириш ва фермер хўжаликларига етказиб беришга келишиб олинди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги “Стандарт Кросс Агро” МЧЖга қарашли 53 гектар майдонда ва Туркия давлати инвесторлари томонидан Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Новдали Агро” МЧЖга қарашли 40 гектар майдонда дунё бозорида харидоргир, экспортбоп, юқори қийматга эга маҳсулотларни тайёрлашда ишлатиладиган узум навлари, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, қишда совуққа чидамли ва кўмилмайдиган пайвандланган кўчатларни етиштириш бўйича замонавий питомник кўчатхонасини ташкил этиш бўйича амалий харакатлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Самарқанд вилоятида “Oxalik oltin bogi mevasi” МЧЖ маҳаллий технологиялар асосида сифатли ток кўчатлари тайёрланмоқда. МЧЖ тасарруфида Корея технологиялари асосида қурилган иссиқхона, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган “IN-VITRO” лабораторияси мавжуд. Шунингдек, жамият томонидан Италия давлатининг “ROUSHEN” компаниясидан келтирилиб экилган “RKASITELI”, “FIANO”, “VIOGNER”, “CABERNET SAUVIGNON”, “SYRAH, “PRIMITIVO”, “MONTEPULCIANO”, “NEGRO AMARO”, “SAPERAVI”, “RIESLING BLANC”, “PINOT NUAR”, “SAUVIGNON BLANC” ҳамда “CHARDONNAY” каби техник узум навларининг пайвандланган ток кўчатларидан 2 млн. дона қаламчалар тайёрланиб, 2021 йилнинг куз мавсумида ташаббускорларга етказиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимларининг “Узумчилик селекциясига биотехнологик услубларни жалб қилиб, қимматли хўжалик белгиларига эга гибрид (дурагай) авлодларни олиш” ва “Асосий узум навларининг ўзига хос генетик ва морфологик хусусиятларига мос келадиган ДНК реестри (паспорти)ни яратиш” илмий лойиҳалари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази билан қиймати 2 млрд. сўм қийматда 200 та узум навларининг ГЕНЕТИК ПАСПОРТ (реестр)и яратиш учун шартномалар имзоланмоқда.

Ички имкониятлардан келиб чиқиб, республикамизда жаҳон андозаларига мос вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш имконини берадиган саноатбоп узум кўчатларини етиштириш мақсадида Тошкент вилоятида “Ботаник трее” МЧЖ, «Деярли Мавлоно» ф/х, «Гулбоғ Бурҳон» ф/хлари, Самарқанд вилояти Самарқанд тумани «GOLD LINE ECO AGRO SERVISE» МЧЖлари томонидан 4 млн туп талабгир кўчатлар тайёрланмоқда. Ушбу кўчатлар 2021 йилнинг куз мавсумида экиш учун тайёр бўлади.

Шу билан бирга, агенлик мутахассислари дунё миқёсида узумчилик ривожланган Франция, Италия, Испания, Молдова, Жанубий ва Шимолий Америка давлатларининг салоҳиятли ташкилотлари билан In-vitro шароитида микроклонлаш услубида апикал меристемадан олинган узум эксплантларини республикамизга пробиркаларда олиб келиш ва кўпайтириш мақсадида келишувлар олиб борилаяпти.

 Соҳага оид маълумот

 2021 йил 1 январ ҳолатига республикадаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари тасарруфида 90 минг гектар узумзорлар мавжуд бўлиб, шундан 34 минг гектар хўраки, 40 минг гектар кишмишбоп, 16 минг гектар саноатбоп узумзорларни ташкил этади.

Охирги икки йил давомида янги узумзорларни барпо этишда сезиларли ўзгаришлар бўлиб, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 38,7 минг гектар, шундан 2019 йилда 15,7 минг гектар ва 2020 йилда 23,0 минггектар майдонда узумзорлар барпо этилди (шундан,2019 йилда 3,5 минг гектар ва 2020 йилда 5,4 минггектар жами 8,9 минг гектар майдонда саноатбоп узумзорлар барпо этилди).

 

Зебо НАМОЗОВА,

“Ишонч”