Ҳотами Тойи ҳақида нималарни биламиз

326

Ҳотами Тойи ҳақида эшитганмисиз? Кўпинча, саховатли, қўли очиқ кишиларга нисбатан ана шу исмнинг сал қисқарган шакли – “Ҳотамтой“ ибораси ишлатилади. Ҳар бир сўзнинг ўзига яраша тарихи бўлганидек, бу атама ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, албатта. Мурувватпешалиги билан шуҳрат қозонган Ҳотами Тойидан қолган ном бора-бора сифатга айланиб кетган.
Манбаларда номи афсоналарга йўғрилиб кетган бу шахснинг асл исми Абу Сафона (Адий) Ҳотам ибн Абдуллоҳ бинни Саъд бўлиб, қачон туғилгани маълум эмас, тахминан милодий 578 йилда вафот этган. Арабларнинг Той қабиласи бошлиғи бўлган. Унинг дилбар шеърлар ёзгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Шарқ адабиётида Ҳотам сахийликнинг энг олий тимсоли саналади. Кўплаб мутафаккирлар Ҳотам номини ҳурмат билан ёдга оладилар. Алишар Навоийнинг “Ҳайрат-ул аброр“ достонида ҳам у ҳақда ибратли ҳикоят келтирилади.
Ҳотами Тойига бир озодавашДедики “Эй ҳимматинг озодакаш.Токи сахо бўлди кафинг варзиши,Кўрдинг экинму бир ўзингдек киши?..”
Эмишки, Ҳотамдан “ўзингиздан кўра ҳиммати баланд одамни кўрганмисиз?“ деб сўрашганида, у оддий бир ўтинчи чолни айтади. “Бир пайтлар бутун саҳро аҳлини чақириб катта зиёфат бергандим. Юзта туя, минглаб қўй-қўзиларни сўйиб, қозонлар осилди. Авжи зиёфат пайтида кўнглим танҳоликни тусаб, саҳрога чиқдим. Қарасам бир чол бели букилиб, ўтин орқалаб кетяпти. “Эй, бенаво, Ҳотам бутун саҳро аҳлини чорлаб катта базм бераётир, сен ҳам елкангдаги тиканни ташла, бориб, кайф-сафо қилсанг-чи?“ Шунда чол менга қараб, эй тамагир инсон, сен меҳнат билан топилган нон лаззатини билмайсан. Машаққат чекиб топилган бир-икки дирҳам пул, Ҳотам берган хазинадан ҳам кўра аълороқдир, деганди. Унинг ҳиммати меникидан кура юқори эди“.
Ривоятларга кўра, у умрини одамларга яхшилик қилишга бағишлайди. Бутун бойлигини хайр-эҳсон йўлида харжласа-да, унинг давлати борган сари ортиб бораверган. Айтишларича, унинг қасрида етмиш икки дарвоза бўлиб, ҳожатталаб киши уларнинг барчасига бирма-бир кириб ўтса-да, ҳеч биридан қуруқ чиқмас экан.
Ҳотам дунёдан ўтгач, унинг ўрнини эгиз биродари эгалламоқчи бўлади. Онаси бунга эътироз билдиради:
– Ўғлим, Ҳотам битта эди. У энди қайтиб келмайди. Сен эса, ҳеч қачон Ҳотамчалик сахий бўлолмайсан.
Ўғли онаизорнинг гапига қулоқ солмайди ва Хотамнинг маснадига бориб ўлтиради-да. эл аро ўзини иккинчи Хотам деб эълон қилади. Унинг матонатини синаб кўрмоқчи бўлган онаси, фақир тиланчи кийимида ҳалиги эшикларнинг биридан садақа сўраб келади. Ҳотамнинг укаси уни танимайди ва унга катта инъом-эҳсон бериб кузатади. Кейин иккинчи, учинчи… хуллас етмиш иккита дарвозадан кириб садақа сўрайверади. “Иккинчи Ҳотам“ эса, акасининг одатига амал қилиб, уни сийлаб кузатаверади. Онаси барча дарвозалардан бир-бир кириб чиққач, яна қайтиб биринчи дарвозага қайтади. Буни кўрган ўғил ғазабдан ҳайқириб юборади:
– Инсофинг борми. етмиш икки эшигимдан кириб, қўни-қўнжингни тўлдириб чиқдинг. Етар энди!
Онаси шунда ўзини танитиб, эгнидаги рўдаполарни ечиб ташлайди.
– Ўғлим, агар аканг бўлганида, бунақа қилмасди. Чунки, унинг ҳотамтойлиги чақалоқлигидан маълум эди. Ҳар гал мен иккингизни эмизаётганимдаёқ буни пайқаганман. Аканг то сени эмизмагунимча, сутимни эммасди. Сен эса, бир сийнамни сўраётиб, иккинчисини ҳам чангаллаб олардинг…
Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон“ асарида ҳам у ҳақда ибратли бир ривоят келтирилади: Эмишки, Ҳотамдан сўрашибди:
– Сен ўзингдан ҳам сахийроқ инсонни кўрганмисан?
–Ҳа,– жавоб берибди у. – Бир куни саҳрода ов қилиб юриб адашиб қолдим. Бир бадавийнинг уйида тунаб қолишимга тўғри келди. У ўша куни қўрасидаги бир қўйни сўйиб гўштини пишириб келди. Менга қўйнинг бир аъзоси ёқиб қолди ва мақтай-мақтай едим. Орадан кўп ўтмай, қўй гўштининг айнан мен мақтаган қисмини пишириб келтирди. Мен унинг уйида икки кун меҳмон бўлдим. Икки кун ичида у менинг олдимга фақат менга манзур бўлган таомни пишириб келаверди.
Ниҳоят учинчи куни уйга қайтишга рухсат олдим. Ташқарига чиқсам, ҳовли қонга тўлиб кетибди. Ҳайрон бўлиб бунинг боисин сўрадим. Маълум бўлишича, унинг бисотида ўнта қўйи бўлиб, икки кун ичида ҳамма қўйларини сўйган ва гўштнингменга манзур қисмидан емак тайёрлаган экан. Мен унинг бу қилмиши учун қаттиқ койидим. Шу куниёқ уйимга қайтиб, унга беш юзта туя ҳадя қилдим. Ундаги саховат мени тамоман лол қолдирган эди.

–Эй Ҳотам, ахир унинг ўнта қуйи қаёқдаю сен берган туялар қаёқда. Сен унинг ҳимматини бир неча юз баробар қайтарибсан-ку?
– Йўқ, – жавоб берибди Ҳотам. – У мен учун бор-йўқ давлатини сарфлади. Мен эса, бойлигимнинг арзимасгина қисмини унга бердим, холос.
Ҳотамнинг номи афсоналарга йўғрилиб кетган. Унинг ҳаёти, фаолияти, қилган эзгу амаллари ҳақида кўплаб ривоятлар, достонлар, қиссалар тўқилган. Юртимизда 19 асрда яшаб ўтган номаълум бир муаллифнинг “Ҳотамнома” номли қиссаси бизгача етиб келган бўлиб, унда Ҳотами Тойи нафақат сахий ва бағрикенг инсон, балки афсонавий қаҳрамон, ёвуз кучларни енгишга қодир сеҳрли куч-қудрат соҳиби сифатида гавдаланади.
Ўзбек халқ эртакларида ҳам Ҳотам образига дуч келиш мумкин. “Муқбил Тошотар” эртаги ёдингиздами? Подшоҳ Муқбилга қизини бермаслик учун баҳона қилиб, Ҳотамнинг бошини кесиб, унинг миниб юрган отини олиб келишни буюради. Муқбил унинг шартини бажариш учун сафарга отланади.
Иттифоқо бир шаҳарда бир одамнинг уйига меҳмон бўлиб тушади. Уй эгаси Муқбилни иззат-ҳурмат билан кутиб олади, меҳмон қилади ва сафарининг боисини сўрайди. Муқбил бутун саргузаштини ҳикоя қилиб, Ҳотамнинг отини ва бошини келтириш учун йўлга чиққанини айтади. Шунда уй эгаси, таъзим қилиб, “Ҳотам мен бўламан, бошим керак бўлса, кесиб олинг, аммо отни энди беролмайман, чунки, сизни меҳмон қилиш учун уни сўйган эдим” дейди. Бундан бағоят таъсирланган Муқбил унинг оёғига йиқилиб, узр сўрайди ва ниятидан қайтади…
Яна бир афсонада айтилишича. Ҳотам наинки тириклигида, ҳатто ўлганидан кейин ҳам инсонларга мурувват кўрсатишда давом этган. Араб халқ афсоналаридан бирида айтилишича, кунларнинг бирида бир карвон аҳли Ҳотами Тойи дафн этилган водийда тўхтаб дам олмоқчи бўлади. Табиийки, карвонбоши ҳам Ҳотамнинг саховати ҳақидаги узунқулоқ гаплардан бохабар эди. Шунда у Ҳотам қабрини зиёрат қиларкан, ҳазиллашиб, “Эй сахийларнинг подшоҳи, сенинг бағрикенглигинг, саховатинг ҳақида кўп эшитганмиз, қани шу гаплар рост бўлса, бизни бир меҳмон қилмайсанми, узоқ йўл босиб чарчаб келяпмиз” дея хитоб қилади.
Албатта бу гаплар шунчаки ҳамроҳларини кулдириш учун ҳазил тариқасида айтилган эди. Савдогарлар бироз кулиб олишгач, бу мутойиба ҳам дарров уларнинг хотирасидан кўтарилди.
Кейин ўша водийда чодир тикилиб, йўловчилар уйқуга кетдилар. Ҳалиги карвонбошининг тушида оқ соқолли бир чол кириб, ҳасса билан унинг туясини турткилади: “Тур ўрнингдан ва туянгдан хабар ол, у новқосланиб ётибди, ҳаром қотмасидан бўғзига пичоқ торт” дея қичқиради. Карвонбоши сапчиб уйғонди. Қараса, туяси чиндан ҳам жон талвасасида типирчилаб ётибди. Дарров ханжарини чиқариб, туяни ҳалоллаб олди ва сафардошларини уйғотди ва уларни воқеадан хабардор қилди.
“Энди бу туянинг гўшти увол кетмасин, биз бу ерда кўпчиликмиз, ҳозироқ олов ёқиб гўштни қозонга солайлик ва тўйгунча гўштхўрлик қилайлик. Манзилга етиб борганингиздан сўнг пул тўплаб бирорта туя олиб берарсизлар!”.
Чиндан ҳам яхшигина зиёфат бўлди. Гўштнинг қолган қисмини йўлда ейиш учун тузлаб, мешларга ортишди ва йўлга тушишди. Кун тиккага келганда, қарама тарафдан оқ туя етаклаган, ўзи ҳам бир туяга миниб олган бир бадавий араб уларнинг олдидан чиқди.
“Мен Ҳотами Тойининг ўғли бўламан, – деди ҳалиги бадавий карвон аҳли билан салом-алик қилгач. – Кеча отамнинг қабрини зиёрат қилган экансизлар. Қай бирингиз отамдан зиёфат қилишни сўрадингиз?”
Ҳамма ҳайратдан дон қотган эди. Карвонбоши қўрқа-писа олдинга чиқаркан “базўр “мен” дея олди холос.
“Отам кеча тушимга кирди, – деди ҳалиги араб. – Бугун бир карвон аҳли менинг меҳмоним бўлиб турибди. Уларни меҳмон қилишим керак эди. Дастурхон ёзишнинг иложини қилолмадим. Шу боис, мендан меҳмон қилишни сўраган кишининг туясини сўйдириб, уларга зиёфат беряпман. Эрталаб туриб, сурувдан энг бақувват туяни олгину, кун ботар томонга юр, карвоннинг қаршисидан чиқасан, мен улардан қарздор бўлиб қолмай, туяни эгасига топшир деган эди. Мана туянгизнинг ўрнига ўриндош, саломат бўлинг” деди-да, туянинг жиловини карвонбошига тутқазиб ортига қайтди. Карвон аҳли ҳангу-манг бўлганча қотиб қолишди…

Ҳотами Тойи Исломдан аввал яшаб ўтган. Ривоятларга кўра унинг таърифу тавсифи пайғамбаримиз (с.а.в.)га ҳам етиб борган ва Ҳотамга бўлган ҳурматлари боис унинг фарзандларига, қабиладошларига алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатган эканлар. Ҳотам Тойининг ўғли Адий ибн Ҳотам (р.а.) пайғамбаримизнинг яқин саҳобаларидан бўлиб, ул зотдан бир қанча ҳадислар ривоятлар қилинган.
Ҳотамтойлик, хайр-саховат ва олижаноблик инонга зеб бера олгувчи фазилатлар сирасига киради. Шу боис, олижаноб, қўли очиқ, саховатпеша кимсалар ҳамиша элнинг эъзозида бўладилар.

Рустам ЖАББОРОВ

Манба: “Oila va jamiyat” газетаси, 3-сон

Бошқа хабарлар