Ғалаба боғи ҳақида энциклопедик асар

800

Президентимиз шу йил 9 майда Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда кейинги йилларда халқимизнинг Буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича юртимизда катта ишлар амалга оширилгани, илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатлари очилгани, хорижий мамлакатлардаги архив ташкилотлари, музей фонд­лари билан юртимиз олимлари, кенг жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорлик кучайганини таъкидлади. Иккинчи жаҳон уруши тарихи янги маълумот ва далиллар, ноёб ҳужжатлар билан бойиб бораётганини алоҳида уқтирди. Шунингдек, ўзбек, рус, инглиз тилларида «Ғалаба боғи фалсафаси» номли китоб-альбом чоп этилганини мамнуният ила қайд этди. Ушбу туркумдаги янги нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлик­лари ҳақида илгари номаълум бўлган кўп­лаб янги маълумотлар келтирилганини фахр билан тилга олди.

«Ғалаба боғи фалсафаси» китоби, муаллиф Акмал Саидовнинг таъбири билан айтганда, Миллат Сардори ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси бўйлаб виртуал, яъни ғойибона сайр этиш имконини беради. Мутолаа асноси ўқувчини боғнинг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги муҳим фикр ва мушоҳадалар билан таништиради. Тарихий далиллар, ишончли рақамлар ва қизиқарли фотолавҳалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Яна бир муҳим жиҳати, китобнинг тузилиши ниҳоятда илмий, ғоявий, сиёсий, мафкуравий, маънавий, холислик жиҳатдан тарихимизга тамомила янгича ёндашув, янгича талқин, миллийлик, байналмилалчилик тамойилларига асосланган. Хусусан, унинг «Шон-шараф» музейи – адолат тантанаси тимсоли» фаслида халқимизга хос жасорат, матонат ва ватанпарварлик фазилатлари тараннум этилган. Музейда ярмидан кўпи юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли томонидан тақдим этилган 20 мингга яқин тарихий аҳамиятга эга ашёлар ва нодир ҳужжатлар кўргазмага қўйилган.
Ўзбек тарихшунослигида меҳнат армиясига олинган «қуролсиз аскарлар», уларнинг қаҳрамонона, лекин фожиали тақдири, ғалабадаги ҳиссаси, афсуски, шу вақтга қадар махсус тадқиқот объекти бўлмаган эди. Китобда айнан шу масалага оид аниқ далиллар келтирилган. Унинг 82-бетида ёзилишича, меҳнат армиясига 150 минг нафар юртдошимиз ялпи сафарбар этилган. Шундан 15131 нафари Свердловск, 7427 нафари Челябинск, 2212 нафари Пермь, 2523 нафари Оренбург вилоятларида, 2357 нафари Бошқирдистонда, 2980 нафари Удмуртистонда меҳнат қилган. Бундан ташқари, 1943-1944 йилларда душмандан озод этилган ерларга 13 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик темирйўл мутахассислари юборилган. Юртимиздаги касб-ҳунар билим юртларидан жўнатилган ёш мутахассислар сони эса 15 минг нафардан ортиқ бўлган.
Асарда Ўзбекистон хотин-қизларининг фронтлардаги жасорати, Зебо Ғаниева номидаги ансамблнинг шон-шуҳрати, жангчи ва санъаткор аёлларнинг ўзига хос қаҳрамонликлари, қорақалпоғистонлик­ларнинг Буюк ғалабага қўшган ҳиссаси, Европани фашизмдан озод қилишда қатнашган юртдошларимизнинг жанговар фаолияти кенг ёритилган. Республикамизнинг ўша пайтлардаги раҳбари Усмон Юсуповнинг «Ўз куч-қудратига ишонган одамгина ғалабага эришади» деган чақириғининг моҳияти ҳақида мақбул фикрлар билдирилган. Бошқа бир қатор ўзбекистонлик давлат ва ҳукумат ташкилотлари раҳбарлари ҳақида ҳам холисона сўз юритилган. Жумладан, юртимизни чорак аср бошқарган Шароф Рашидовнинг фронтдаги фаолиятига оид қизиқарли лавҳалар китобхон эътиборига ҳавола қилинган. Шунингдек, турли ҳудудлардаги партизанлик ҳаракатларида фаол иштирок этган Лукаш Ботир (Луқмон Ўроқов) ва Қобилжон Усмоновга тааллуқли қизиқарли маълумотлар берилган.
Уруш бошида юзлаб тиббий муассаса ва госпиталлар Ўзбекистонга кўчириб келтирилиб, уларга 470450 нафар ярадор ва бемор жойлаштирилган. Эндиликда бу рақам 2019 йил 9 майгача салкам тўрт баробар камайтирилиб, 122252 нафар қилиб кўрсатилгани ойдинлашди.
Китобда таъкидланганидек, Тошкентда 1943 йили қуриб битказилган Муқимий ­театри биноси халқимизнинг фидойилиги эвазига охиригача ҳашар йўли билан ­бунёд этилгани ёки 1941 йил 10-12 декабрь кунлари қамалдаги Ленинград шаҳрининг Эрмитаж музейи ертўласида буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг 500 йиллиги нишонлангани ҳам миллатимизнинг маданий-маърифий савияси нақадар юксак бўлганидан далолат беради.
Маълумки, сўнгги пайтларда тарихимизнинг яна бир очилмаган саҳифаси – беш фарзандини урушга юборган Зулфия аядек ёхуд 15 нафар набирасини фронтга кузатган, 100 ёшида ҳам колхозда ишлаган избосканлик Ўғилбиби Қулматова сингари минглаб оналарнинг аянчли ситамлари ва мағрур руҳлари тимсоли халқимиз қалбида абадиятга муҳрланди. Бундай қаҳрамонларимизга бўлган юксак эҳтиром намуналари китобнинг «Инсон – азиз, хотираси – муқаддас» ғоясини ўзида мужассам этган саҳифаларида ёрқин ифодасини топган.
Шубҳасиз, китобдаги она юрти, халқи, миллати учун жонини фидо айлаган минг­лаб ота-боболаримиз хотирасига эҳтиром рамзи ҳисобланган Тошкент куранти, Биродарлик қаб­ристони, Хотира майдони, Мотамсаро она ҳайкали хусусидаги қизиқарли далиллар ҳам халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавияти юксалишига ижобий таъсир кўрсатади. Муаллиф уларни тилга оларкан, китобхонни уруш балоси инсоният бошига қанчалар даҳшатли кулфатлар келтиришини ҳар доим ёдда тутишга ундайди.
Бизнингча, асарнинг Амерсфорт шаҳридаги концлагер тутқуни бўлган 101 нафар ўзбек асири тўғрисидаги саҳифалари алоҳида диққатга молик. Зеро, ушбу мақола муаллифларидан бири – Равшанбек Шамсиддинов Ўзбекистоннинг ­Амстердам шаҳридаги Бош консулхонаси вице-консули вазифасида фаолият юритган даврида уруш йиллари ўша асирлар сақланган машъум концлагер билан бевосита танишган. Гап шундаки, 1998 йилнинг кузида унинг номига Амерсфорт шаҳридаги ўрта мактабнинг нафақадаги тарих ўқитувчисидан мактуб келади. Хатда Амс­тердамдан 42 чақирим наридаги ушбу шаҳар қабристонида ўзбеклар ҳам дафн этилгани, аммо уларнинг исм-шарифи, туғилган жойи ҳақидаги ва бошқа маълумотлар йўқлиги, фақат ўша даврдаги голланд асирлардан бири баъзи ўзбек тутқунлари суратини чизиб қолдиргани баён этилганди.
Р.Шамсиддинов зудлик билан Амерсфортга бориб, қабристонни зиёрат қилади ва тарихчи аёл билан учрашади. Унинг айтишича, Европанинг энг ғарбий ушбу қаб­ристонида нафақат ўзбеклар, балки бутун совет аскарлари дафн этилган экан. Юртдошларимиз аслида қабристон ва лагердан унча узоқ бўлмаган бошқа ерда қатл қилиниб, кўмиб юборилган, кейинчалик эса ҳозирги жойга қайта дафн этилган экан…
Голландияда Ғалаба куни 5 майда нишонланади. Ҳар йили ушбу байрам кунлари лагердаги асирлар, жумладан, ўзбеклар отилган жойдаги «Мангу олов» мемориалида мактаб ўқувчиларининг нав­батчилиги ташкил қилинади. Майдонга кўплаб зиёратчилар ташриф буюради. Алқисса, 1999 йил 9 май куни ўша қабристонда илк бор мустақил Ўзбекистоннинг Давлат байроғи ҳам ҳилпиради.
Маълумки, уруш йиллари жанг бўлаётган жойлардан ва уларга яқин ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион кишини, жумладан, 250 мингдан зиёд ёш болани Ўзбекистон ўз бағрига олган, уларни бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаган. Китобда халқимизнинг бу борадаги беминнат меҳр-оқибати ва бағрикенглиги, миллий қадриятларимизнинг умуминсоний тамойилларга ҳамоҳанглиги, инсон қалбини ларзага солувчи кўплаб воқеа ва материаллар, музей экспонатларининг мазмун-моҳияти содда ва равон тилда ўқувчиларга етказилган.
Келинг, шу ўринда сўзимизнинг исботи сифатида китобдан иқтибослар келтирайлик. Машҳур рус шоираси Анна Ахматова шундай деб ёзган: «…Инсонпарварликнинг юксак даражаси Шоаҳмад ва Баҳри аяларнинг қонимасмиди? Дунё остин-­устин бўлаётган бир паллада шу қадар меҳрга зор норасидани яхши инсонлар қилиб етиштира олган бу икки зотни энг улуғ Ота ва энг улуғ Она дегимиз келмайдими?!».
Россиялик халқ артисти Юрий Стоянов таъбирича, «Ҳақиқатан ҳам, ўзбеклар – ноёб, доно, буюк ва жуда камтар халқ»дир. ТАСС ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусманнинг эътирофи эса қуйидагича: «…эҳтимол, камида иккита шаҳарни «Фронторти қаҳрамон шаҳарлари» деб атаса бўларди. Улар буюк жасорати учун Тошкент, шунингдек, фронтни нефть билан таъминлаган Бокудир».
«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг аҳамияти ҳақида сўз борганда, давлатимиз раҳбарининг ­қуйидаги таърифи китобда жуда ўринли келтирилганини тан олиш даркор: «Бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади».
Бизнинг фикримизча, «Ғалаба боғи фалсафаси» – энциклопедия мақомига эга бўлган китобдир. У Ўзбекистон халқининг Буюк Ғалабага қўшган ҳиссасини ўрганишда, ­англаш ва қадрлашда, энг муҳими, Президентимиз ташаббуси ва ғоя­лари асосида бунёд этилган мажмуанинг маънавиятимиз ва маданиятимизда тутган беқиёс тарихий аҳамиятини ҳозирги ёшларимиз ва келгуси авлодларимизга теран тушунтиришда муҳим манба вазифасини ўтайди.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими,
тарих фанлари доктори, профессор
Равшанбек ШАМСИДДИНОВ,
Андижон давлат университетининг
тарих факультети декани,
тарих фанлари номзоди