Депутатлар Ҳукумат аъзолари номзодларига қандай талаблар қўйди?

258

Хабарингиз бор, ушбу ҳафтада мамлакатимиз ҳаётида халқимизнинг келгусидаги фаровонлигининг асосини белгиловчи муҳим сиёсий жараёнлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатномасидаги таклифга асосан, Бош вазир ҳамда ҳукумат аъзолигига номзодлар Олий Мажлис депутатлари томонидан маъқулланганидан сўнг лавозимига тайинланиши ҳақида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган эди. Шунга кўра, 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталарининг Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш масаласига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур қўшма мажлисда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси, инновацион ривожланиш вазири, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, олий ва ўрта махсус таълим вазири, халқ таълими вазири, мактабгача таълим вазири, жисмоний тарбия ва спорт вазири, маданият вазири, лавозимига номзодларининг келгусидаги ҳаракатлар режаси билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирган ҳолда маъқулладилар.

 Эътиборли жиҳати шундаки, депутатлар Ҳукумат аъзолигига номзодларнинг келгусидаги ҳаракатлар дастурига жойлардаги сайловолди компанияси даврида халқ томонидан билдирилган муаммо ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда ўз нуқтаи-назарини дадил билдирдилар. Жумладан, Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси томонидан инновацион ривожланиш ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликларининг сўнгги йиллардаги қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти танқидий баҳоланиб, мазкур вазирликлар ўз соҳаларида давлат сиёсатини олиб бориши учун ҳуқуқий асос бўладиган қонун лойиҳаларига фаол ташаббус кўрсатмаётганликларини айтиб ўтди.

 Мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим йўналишларидаги ҳукумат аъзолигига номзодлар олдига таълим сифати ва салоҳияти, кадрлар таъминоти ва малакаси, дарсликлар ва уларнинг узвий боғлиқлиги, мактабгача таълимга болаларни қамраб олиш, битирувчиларнинг олий таълимга максимал жалб қилиниши, талабалар учун ётоқхона турар-жойлари каби муаммолар ўз ечимини кутаётганлиги айтиб ўтилди.

 Маданият ва спорт йўналишидаги ҳукумат аъзолигига номзодларга эса, асосан тарихий обидаларнинг сақланишидаги муаммолар, соҳадаги коррупция ва унинг олдини олиш масалалари, ёшларни спортга жалб қилишни кенг тарғибот қилиш заруриятлари асосий вазифа эканлиги таъкидланди.

 Йиғилишда барча номзодларнинг Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ўз ҳаракатлар режаси билан танишган депутатлар уларни Ҳукумат аъзолиги лавозимига тасдиқладилар.

Г. Назарқосимова,

 Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси девони ходими

Бошқа хабарлар