Сўз заргари

575

Устоз Самихон Аширбоев сиймоси шууримда шу тўрт тушунчани: куй, оҳанг, кўнгил ва сўз бирлигини намоён этади.
Қатра дур либосига ўрангани каби онг, тафаккурда жонланган фикр кўнгил дарёсида сўз либосига бурканади. Сўз кўнгил қаъридан бунёд бўлади. Шунинг учун кўнгилда жило топган сўз кўнгиллар қаърига тез ва осон сингади.

Устоз Самихон Аширбоев ярим асрдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида сўзнинг олмосдек серқирра жилоларини ёйди, тил илмининг энг сархил намуналарини яратди.
Инсон ўзи англамаган ҳақиқатга бошқани ишонтириши қийин. Демак, ҳақиқий тилшунос сўз қадрини, тилнинг буюк неъмат эканини англасагина, унинг ёзганлари ва айтганлари ҳақиқат бўлиб қоғозга инади.
Самихон Аширбоев – ўзбек тили ва ўзбек тилшунослиги тарихи бўйича мутахассис. Бу хусусият устоз ҳақида англаганим – биринчи ҳақиқат. Олим Алишер Навоий асарларининг синтактик хусусиятлари мисолида ўзбек тили тарихий синтаксисининг муҳим қирраларини ёритган тилшунос ҳисобланади. Устоз 1990 йилда «Алишер Навоийнинг насрий асарларидаги содда гапларнинг таркибий ва маъно хусусиятлари» мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Тадқиқот натижалари асосида «Алишер Навоийнинг насрий асарларидаги содда гапларнинг таркибий ва маъно хусусиятлари» (1989), «Алишер Навоийнинг насрий асарларида мураккаблашган содда гап­лар» (1993) монографияларини, шунингдек, «Алишер Навоий прозаси – синтактик тадқиқот объекти» (рисола, 1988), «Қутбнинг «Хисрав ва Ширин» достони ва ўзбек адабий тили» (рисола, 1997) ва шу каби ўзбек тили тарихига оид мавзуларда республика ва халқаро миқёсда эътироф қилинган хорижий илмий нашрларда 60 дан ортиқ мақола эълон қилди. Таълим тизимида ўзбек тили тарихи, туркий тиллар, эски ўзбек ёзувига доир ўқув дастурлари ва ўқув адабиётларини яратишда фаол иштирок этиб келади. «Қадимги туркий тил», «Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси», «Ўзбек адабий тили тарихи», «Эски ўзбек тили ва ёзуви», «Туркий тилларнинг қиёсий-тарихий грамматикаси» фанлари дастурларининг 1992 йилдан бери доимий муаллифи. Олим «Ўзбек тилининг тарихий грамматикаси» ўқув-методик қўлланмаси (2002), «Эски ўзбек тили ва ёзуви практикуми» ўқув қўлланмасини яратган.
Олимнинг шевалар юзасидан олиб борилган тадқиқотларга муносабати, шевашунос олим сифатидаги мулоҳазалари, ўзбек диалектология­­си тараққиёти ва асосий масалаларини ёритган изланишлари – иккинчи билган ҳақиқатим.
С.Аширбоев «Ўзбек диалектологияси» маъруза матни (2002), «Ўзбек диалектологияси» ўқув қўлланмаси (2010) ва дарслигини (2016) нашр эттирди. Бу ўқув адабиётларида шеваларнинг ички манба сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади, ягона тизимдаги транскрипцияни жорий қилиш ҳақидаги таклифларини ўртага ташлади, ўзбек диалектологиясининг тараққиёти маҳсули ҳисобланган ареал лингвистика соҳаси, унинг асосий масалалари, лингвистик хариталаштириш ва атласлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. «Ўзбек филологияси ва тилларни ўқитиш» бакалавриат таълим йўналиши талабалари учун яратилган «Ўзбек диалектологияси» дастури муаллифи.
Самихон Аширбоев ҳақидаги учинчи билган ҳақиқатим – тил таълими тизимини назарий ва амалий жиҳатдан ривожлантиришга ҳисса қўшган кўп қиррали педагог. Самихон Аширбоев 1960-1968 йилларда Туркистон педагогика билим юртида, 1964-1968 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих-филология факультети ўзбек тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган. Олий таълим муассасасини имтиёзли диплом билан битириб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ишлай бошлаган.
Устоз кейинги йилларда илмий фаолият доирасини кенгайтириб, хорижлик тадқиқотчилар билан ҳам ишлашни йўлга қўйган. Айни пайтда олим раҳбарлигида бир нафар Туркия фуқароси докторлик, 3 нафар афғонистонлик фуқаро магистрлик ишини бажармоқда. Маҳоратли мураббий раҳбарлигида 6 нафар шогирди номзодлик ва яна 4 нафари фалсафа доктори диссертациясини ҳимоя қилди.
Олим ҳақида бошқалардан кейин билганим ва ҳайратланганим – яна бир ҳақиқат: устознинг таъсирчан овоз соҳиби ва кўнглининг мусиқага эш эканидир. Устознинг дарсларини тажриба ўрганиш, маҳорат сирларидан баҳраманд бўлиш истагида кузатган ҳамкасбларим ҳайратларини яшира олмаганлар: «устоз маҳоратли хонанда ҳам экан». Мумтоз қўшиқлардан намуналар ижро этиб нафақат талабаларни, бизларни ҳам ҳайратга солди…
Буюк ижодкорларнинг бири шундай деган эди: «Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак: ҳусни ҳам, одоби, ақли ҳам». Мен бу ҳикматни бошқача талқин қилгим келади: педагог ҳамма нарсани: билим беришни ҳам, актёрликни ҳам, хонандаликни ҳам уддалаши керак. Буларни уддалай олган ўқитувчи ҳақиқий педагог мақомига лойиқдир (ҳаётимда шу мақомга лойиқ яна бир буюк инсонни билар эдим. У – Омонилла Мадаев эди).
Самихон Аширбоев ҳақ гапни айта олади, баъзи ҳолларда келажакда мева берадиган танқидни афзал кўради. Бу кўпда ҳам бизга хуш келавермайди. Лекин бу фикр-мулоҳазаларнинг эзгу мақсадга қаратилгани, илмий тадқиқотнинг сифати, олимлик нуфузи, салоҳияти, қадриятини ўйлаб самимий ҳолда, ғуборсиз айтилганини кейин англаймиз. Ўзи ҳам шу-да: куйлаган кўнгилда ғубор бўлмайди.

Зулхумор ХОЛМАНОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедра мудири,
филология фанлари доктори, профессор