Вазифалар талаб даражасида бажарилмоқда

1135

«Ishonch» газетасининг шу йил 8 апрелдаги сонида «Қурилишда қачон бурилиш бўлади?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда кўтарилган мавзуга Молия вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

Президентнинг 2007 йил 28 февралдаги «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 20 мартдаги 53-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ Молия вазирлиги Ғазначилигининг вазифа ва функциялари ҳамда мажбуриятлари белгиланган.
Ғазначиликнинг асосий вазифаларидан бири бюджет ташкилотлари ва бюджет ­маблағларини олувчиларнинг Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари бюджетларининг маблағлари ҳисобидан товар (иш, хизмат)лар етказиб берувчилар билан шартномалари харажатлар сметасида кўрсатилган суммалар ва мақсадларга мувофиқ равишда тузилиши устидан назорат ўрнатиш асосида мазкур шартномаларни мажбурий рўйхатдан ўтказишдир.
Бугунги кунда харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион каби турлари тўлиқ электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Ғазначиликнинг дастлабки фаолият даврида бюджет тизими бюджетлари харажатларини амалга ошириш учун бюджет ташкилотлари тўлов ҳужжатларини қоғоз шаклда тақдим этиб келган (3-5 кун давомида тўловлар амалга оширилган) бўлса, бугунги кунда ахборот технологиялари жорий этилиши натижасида шартномаларни рўйхатга олиш ҳамда тўловларни амалга ошириш бир иш кунида кўриб чиқилмоқда.
«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат буюртмачиси тегишли қарор билан харид комиссиясини шакллантиради.
Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомиллари ғолибини танлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган коллегиал органдир.
Шу билан бирга, харид комиссияси ижрочини аниқлаш тартиб-таомиллари давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги, ўзи қабул қилаётган қарорларнинг асосли ва беғаразлиги учун ­жавобгар бўлади.
Жорий йилнинг 15 январидан бошлаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори асосида қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ишларида давлат харидлари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ­бўйича тартиб-таомилларни электрон тизимга ўтказиш орқали янада такомиллаштириш ҳамда шаффофликни таъминлаш йўлга қўйилди.
Шунга асосан, қурилиш соҳасида давлат харидларини амалга ошириш бўйича танлов савдолари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга ошириб келинмоқда.
Янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда 2022 йил 1 январдан эътиборан давлат харидларини энг яхши таклифларни танлаш ва тендер орқали амалга ошириш мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиши белгиланди (эълон жойлаштирилишидан бошлаб, шартномаларни рўйхатдан ўтказишгача бўлган жараён тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади).
Бугунги кунда аниқланаётган ҳуқуқбузарлик­лар Давлат молиявий назорати департаменти томонидан якуний назорат тадбирларини амалга ошириш жараёнида жойларга чиққан ҳолда бирламчи ҳужжатларни ўрганиш натижасида вужудга келмоқда.
Бюджет кодексига асосан, Ғазначилик бўлинмалари бюджет тизими бюджетларида маблағлар назарда тутилган юридик ёки жисмоний шахслар номидан ва уларнинг топшириғига кўра, тўловларни амалга оширади.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси қоидалари»га (22.12.2016й., 2850) кўра, давлат буюртмачилари товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар (пудратчилар) билан тузиладиган шартномалардаги нарх-наво ечими ҳамда уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилганига жавобгар, деб белгиланган.

Вазир ўринбосари О.Исаков

Таҳририятдан: Масалага умумий жиҳатдан ёндашиладиган бўлса, Молия вазирлигининг мақолага билдирган муносабати ва ғазначилик тизимига юклатилган вазифалар доирасини белгиловчи ҳолатлар тушунарли ва асослантирилган кўринади. Айни вақтда, жавоб хатидан қурилиш соҳасида аниқланган бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг фош этилиши ва олдини олиш ишларига ғазначилик идоралари бевосита дахлдор эмас, деган маънони ҳам уқиш мумкин бўлиб қолмоқда.
Ваҳоланки, жавоб хатида кўрсатиб ўтилган Президентнинг 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сонли қарорида Молия вазирлиги ғазначилиги ва унинг ҳудудий органлари айнан «…БЮДЖЕТ МАБЛАҒЛАРИНИНГ МАҚСАДЛИ САРФЛАНИШИ УСТИДАН НАЗОРАТНИ КУЧАЙТИРИШ…» мақсадида ташкил қилинаётгани қайд этилган. Назорат функцияси эса, маълумки, ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадини ҳам ўз ичига қамраб олади.
Мақолани чоп этишдан мақсадимиз ҳам қурилиш соҳасида йўл қўйилаётган бюджет маблағлари талон-торожига яна бир бор ғазначилик идоралари эътиборини қаратиш, шу жумладан, бюджет маблағлари сарфланиши устидан назоратни кучайтириш, бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бунинг таъсирчан механизмларини яратиш, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказаётган бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўришга чақириш эди, холос.