Оромгоҳлар мавсумга шайми?

1094

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ёзги мавсумга тайёргарлик жараёнининг бориши бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарлари, Федерация аппарати бўлим мудирлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар касаба уюшма кенгашлари раислари ҳамда масъул ходимлари, касаба уюшмалари Федерациясидан ҳудудларга бириктирилган масъуллар иштирок этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Жорий йил 19 май куни Бош вазир раислигида ёз мавсумида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига тайёргарлик кўриш масаласи танқидий кўриб чиқилган эди. Шундан сўнг бу борада барча ҳудудларда тизимли ишлар бошлаб юборилди.
Жорий йилда республика бўйича соғломлаштириш мавсуми 1 июндан ­бошланиб, шу куни 20 га яқин оромгоҳ болаларни қабул қилади. Мавсумда 1 минг 545 та стационар оромгоҳ ва соғломлаштириш майдончасида 261 минг 608 нафар болани дам олдириш режалаштирилган. Яъни, 202 та стационар оромгоҳда 132 минг нафар ҳамда 1 минг 343 та соғломлаштириш майдончасида 129 минг нафар бола қамраб олинади. Болажонлар мавсумни мароқли ўтказиши учун 80 миллиард 187 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган. Йиғилишда жорий йилги мавсум учун стационар оромгоҳда бир боланинг бир кунлик озиқ-овқат харажатларига 25 минг 560 сўм ажратилиши белгилангани, баъзи ҳудудларда кўпроқ ажратилиши ҳам мумкинлиги, лекин бундан кам бўлмаслиги айтилди.
«Ishonch» газетасининг 25 май 69-сонида «Умидсиз «Умид ниҳоллари», юзсиз «Юлдуз» ёхуд оромга муҳтож оромгоҳлар «Ishonch» назарида» умумий сарлавҳали барча ҳудудлардан танқидий руҳдаги мақолалар берилган эди. Йиғилишда ушбу мақолаларда кўтарилган масалалар ҳам муҳокама этилди. Ҳудудий касаба уюшма раҳбарлари айни пайтда камчиликлар бартараф этилаётгани, бу борада барча чоралар кўрилиб, оромгоҳлар мавсум бошланишида очилишга шай ҳолатга келтириб қўйилишини айтиб ўтишди.
Йиғилишда Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ишларни йўлга қўйишда камчиликларга йўл қўйгани учун қаттиқ танқид остига олинди. Хоразм ва Бухоро вилоятларида болаларни оромгоҳларга қамраб олиш кўрсаткичи ўсгани эътироф этилди.
Шунингдек, оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш бўйича бир қатор тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Бу борадаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, қўшимча равишда очилаётган стационар оромгоҳлар ёки соғломлаштириш майдончалари фаолият бошласа, зудлик билан Республика штабига ёзма равишда ахборот киритилиши зарур.
Уч кун муддатда оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш масаласи бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, беш кун муддатда болаларни оромгоҳларга олиб бориш ва олиб келиш бўйича ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан йўл хариталари ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши шарт. Ҳар бир йўналиш йўл патрул кузатувида амалга оширилади. Барча автобуслар техник ҳолати соз ва ҳайдовчилари кунлик текширувдан ўтиши энг долзарб вазифалардан биридир.
Оромгоҳларга бегона шахслар, автомашиналар кириб-чиқиши, карантин қоидаларини ҳисобга олиб, ота-оналарнинг ҳам келиши тақиқланади. Соғломлаштириш масканларида тиббий хизматни ташкил этиш ва санитария-гигиена талабларига, карантин қоидаларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Оромгоҳларда фаолият кўрсатувчи ҳар бир ходим чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳамда коронавирусга қарши эмланган бўлиши билан биргаликда ҳар бир оромгоҳга Давлат санитария-эпидемиология назорати ходимлари бириктирилади. Етказилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, яроқлилик муддати назоратга олиниши керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 25 майдаги 111-сонли буйруғига асосан, дори-дармонлар рўйхати, илон ва қорақуртга қарши зардоблар етказилиши, ҳамма оромгоҳлар дезинфекция қилиниб, «Тез ёрдам» машиналарининг доимий ­навбатчилиги ташкил этилиши зарур.
Мутасаддилардан болалар ўртасида ўтказиладиган тадбирлар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда имкон қадар очиқ ҳавода ўтиши, сузиш ҳавзаларида чўмилтириш тиббиёт ходимлари ва сузиш инспекторлари назорати остида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш талаб қилинади. Шу билан бирга, барча оромгоҳларни қўшимча равишда генераторлар билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.
Касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Республика Штабига ҳар кунлик ахборот доимий етказиб турилади.
Мамлакатимиздаги бугунги вазият барчага маълум. Пандемия ҳали тугамаган, коронавирусга чалиниш ҳолатлари болалар ўртасида ҳам кўплаб учрамоқда. Бу эса оромгоҳларда соғломлаштириш ишларини ташкил этишда барчага юксак масъулият юклайди.
Йиғилишда бу борада ҳамма имкониятлар ишга солиниши алоҳида таъкид­ланди. Масъулларга вазифаларга жиддий киришиш ҳамда чора-тадбирларни ўз муддатида амалга ошириш зарурлиги уқтирилди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»