Косонлик деҳқонлар ҳам «хизмат доираси»дан чиқмоқда(ми?)

255

«Ishonch» газетасининг жорий йил 21 январдаги сонида чоп этилган «Касбилик деҳқонлар хизмат доирасидан ташқарида(ми?)» сарлавҳали мақолани ўқиб, бизнинг ҳам дардимиз янгиланди. Гап шундаки, Косон туманида ҳам ишчи-ходимлар манфаатини таъминлаш юзасидан, мақолада қайд этилганидек, кластерлар билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда.

Биргина мисол, тумандаги фермер хўжаликларидан 46 тасини ўз таркибига бирлаштирган «Бунёдкор ­текстиль» МЧЖ кластер корхонасида ҳанузгача касаба уюшмаси тузилмади.
Биз ушбу ташкилотда касаба уюшма қўмитаси тузишда ёрдам сўраб, корхона раҳбари Ғолиб Эрқуловга мурожаат қилган эдик. Эрқулов эса мазкур масала билан шуғулланишни ўринбосари Санжар Саидалиевга топширди. У билан учрашиб, касаба уюшмалари чигит ерга ташлангандан то пахта терими тугагунга қадар барча жараёнларда деҳқонларга елкама-елка туриши, аъзолик бадалларининг кўп қисми меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига йўналтирилиши, бунда иш унумдорлиги ошиб, бошланғич ташкилотнинг ривожига ҳам ҳисса қўшилиши ҳақида айтдик.
Шундан сўнг ҳам корхонага яна уч марта бордик. Аммо масалага масъул бўлган Санжар Саидалиевни топишнинг ўзи қийин масала экан. Қоровул ичкарига киргизмайди. Раҳбарларни сўрасак, «Бошлиқлар йўқ» дейди. Ҳали «Тошкентга кетган», ҳали «Қаршига кетган», ҳали «Андижонга кетган» деган жавобларни беряпти. «Телефон рақамини беринг», десак ҳам жавоби тайин: «Беролмайман, рақами менда йўқ…».
Кластер корхонаси хўжаликларининг майдони ҳозирча 2000 гектар. Бу йил яна бошқа хўжаликларни қўшиб, ер майдонини 5000 гектарга етказиш мўлжалланяпти. Бу яхши, албатта. Аммо…
2019 йилда туман кенгаши ҳисобрақамига тасарруфимизда бўлган корхона ва ташкилотлардан 210 миллион 596 минг сўм пул тушди. Шундан 20 миллион сўми фермер хўжаликларига тегишли. Бу йил «Бунёдкор текстил» МЧЖ ўз таркибига бошқа фермер хўжаликларини ҳам қўшиб олса, (ер майдонини 2000 гектардан 5000 гектарга оширилишини айтиб ўтдик), аъзолик бадаллари тушуми ва бунга параллел равишда ходимларнинг ҳимоя­­си янада пастламаслигига ким кафил?
Янги, истиқболи порлоқ йўналиш – кластер тизими далада оғир меҳнат қилаётган қўли қадоқ деҳқонга енгил бўлиши учун жорий қилинмоқда.
Аммо… Олдингизга деҳқонлар кўмак сўраб келса-ю, унга маблағ йўқлиги учун (фермер хўжаликлардан ёки кластер корхонасидан ҳисобимизга ­маблағ тушмагани сабабли) ҳеч қандай ёрдам беролмасангиз, шу адолатдан бўладими? Касаба уюшмаси йўқ ташкилотда ходимлар манфаати қандай ҳимоя қилинади?
Яна бир оғриқли «дардимиз» бор. Гап шундаки, «Косон пахта тозалаш» АЖ бош­ланғич ташкилотимиз ҳисоб­ланади. Бу корхонада 620 нафар ходим ишлайди. Кенгашимиз мунтазам равишда жамият ишчи-ходимларини ҳимоя қилиб келган. Ўтган йилда заводдаги 120 нафар ходимнинг фарзанди ёзги оромгоҳда дам олди. Бироқ пахта тозалаш заводи ҳозиргача туман кенгашидан 48 миллион сўм аъзолик бадалларидан қарз. Бу ерда «Нима, заводда ишчиларга ойлик берилмаяптими? Ушлаб қолинган бир фоизлик маблағ қаерга кетяпти?» деган табиий савол юзага келади.
Аслида эса «Ўзпахтасаноат» уюшмаси томонидан «Косон пахта тозалаш» акциядорлик жамиятига ишчи-ходимларнинг маошларидан фақат қўлга тегадиган қисмигина берилаётган экан. Яъни, пенсия жамғармаси, касаба уюшмаси аъзолик бадали, солиқ ва шу каби ушланмалар «Ўзпахтасаноат» уюшмаси томонидан ушлаб қолинмоқда. Бу масала ҳам жумбоқ.
Хуллас, муаммолар кўп. Ечими эса кўринмайди… Мутасаддилардан мазкур долзарб масалаларда амалий ечим кутиб қоламиз.

Шуҳрат ОРТИҚОВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Косон тумани кенгаши раиси

Бошқа хабарлар