Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда  ОАВнинг роли

673

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш – қонун устуворлигини таъминлаш энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнларда ОАВнинг роли алоҳида. Шу муносабат билан яқинда Адлия вазирлигида журналист ва блогерлар учун “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ОАВнинг роли” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда ОАВ ва жамоатчиик вакиллари, блогерлар, давлат органлари ва ташкилотларининг матбуот хизмати раҳбарлари тўғридан тўғри ва онлайн равишда ирштирок этишди. Таъкидлангандек, аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда ОАВнинг ролини ошириш боришга бўлган эътибор ўлароқ 2020 йил 30 декабрь куни қабул қилинган Ҳукуматнинг 678-сон қарорида ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданиятни оширишда ОАВнинг ролини кучайтириш ўйича алоҳида вазифалар белгилаб қўйилди. Унга асосан, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа давлат органлари, ташкилотлари зиммасига қатор вазифалар юклатилди. Хусусан, журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқий билимларини янада ошириш бўйича бепул ўқув курслари, семинарлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича доимий равишда матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб қўйилди.

Семинар давомида ОАВнинг ҳуқуқни тарғиб қилишдаги роли ва масъулиятига, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, фейк хабарлар тарқалишининг олдини олишга ҳамда ахборот манбалари билан ишлашда ҳуқуқий ва этик аспектларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ахборот замонида журналист касбининг вазифаси ҳам, моҳияти ҳам ўзгариб бормокда. Бир пайтлар журналист ахборот тайёрловчи, узатувчи ва одамларни воқиф қилувчи шахс эди. Энди эса у жараёнлар суръатига таъсир ўтказувчи, жамоатчилик фикрини шакллантирувчи ва бошқарувчи вазифасини бажара бошлади. Интернет тармоғининг ривожланиши ва ахборотнинг тезкор тарқалиши туфайли журналистнинг кичкина хатоси алоҳида бир шахснинг ёки бутун бошли давлатнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Катта нашрларда эълон қилинган нотўғри маълумотлар туфайли қимматбаҳо қоғозлар бозорида нархлар тушиши, журналист томонидан етказилган нохолис ахборот сабаб бегуноҳ инсонлар-нинг жазоланиши, афсуски, тез-тез учраб турибди.

Энди ахборот ҳам шунчаки ахборот эмас, балки кучли бир қуролга айландики, ахборот хуружи, ахборот уруши каби атамалар пайдо бўлди. Ушбу урушнинг асосий аскарлари эса журналистлар бўлиб қолдилар.

Сўз ва фикр эркинлиги журналист касбининг ажралмас бир қисмидир. Ҳокимиятнинг, муассисларнинг, у ёки бу гуруҳнинг манфаатларига хизмат қилиш, жамият манфаатлари ва шахснинг конституцион ҳуқуқларига зид бориш журналист этикасининг бузилишидир. Журналист ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилигига масъул экани ҳаммага маълум. Аммо нима учундир замонамиз медиа-майдонида “тоза ахборот”ни топиш тобора мураккаблашиб бормоқда.

Баъзида тезкорлик, шов-шув ва рейтинг ортидан қувиш, энг ёмони эса, маълум гуруҳларнинг ёки шахсларнинг манфаатини кўзлаб, ахборотни яхши текширмай ёки атайин бузиб тарқатиш ижтимоий, ҳуқуқий, руҳий-маънавий ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин. Журналист инсоннинг шахсий ҳаётига дахл қилмаслиги, унинг шаъни ва обрўсига путур етказмаслиги, қонун билан белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда айнан шу қонун билан зиммасига юклатилган мажбуриятларни ҳам ҳис қилиши, бир сўз билан айтганда, сўзга масъулият билан муносабатда бўлиши унинг профессионализмини белгиловчи асосий хусусиятлардан биридир.

Семинар давомида ҳуқуқшунослар ва медиа экспертлар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтаришди.

Гули МАҲКАМОВА