Ҳуқуқлари бузилаётган фермерларга ёрдам

322

Сўнгги вақтларда айрим мансабдор шахслар фермерларнинг ҳуқуқларини бузаётгани юзасидан адлия органларига мурожаатлар сони кўпайган. Жумладан, шартномалар тузишга мажбурлаш, банкдаги пул маблағларини рухсатсиз, ўзбошимчалик билан олиб қўйиш, ҳомийлик ишларига мажбурий тартибда жалб қилиш, мажлислар ҳамда бошқа оммавий тадбирларда фермерларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари учрамоқда.

Қолаверса, банклар субсидия, кредит ажратишни пайсалга солаётгани, шунингдек, фермерга етиштирган маҳсулотини сотиш бўйича тузилган шартномалар асосида пул маблағи тўлаб берилмаётгани ёки ўз вақтида қопланмаётгани каби масалалар бугун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб муаммолардан ҳисобланади.

Шу йилнинг 31 май куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида фермерларга ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида ташкил этилаётган “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси орқали шу каби масалаларга ечим топиш кўзда тутилгани таъкидланди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларда фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини ўрганиш, фермерларнинг иқтисодиёт ва жамиятдаги мавқеини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг июнь – декабрь ойларида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси ўтказилади.

Муҳаррам АҲМЕДХЎЖАЕВА,

ЎзДЖТУ талабаси