Мақсад фақат фойда кўриш бўлмасин!..

441

Ўтган ҳафта Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнат инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар кенгашининг Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими етакчи мутахассислари Бўстонлиқ туманидаги йигирмадан зиёд оромгоҳ мавсумга қай даражада тайёр эканлигини ўргандилар. Шу асно пойтахтда жойлашган республика миқёсидаги марказий ва бошқарув ташкилотларига тегишли оромгоҳлар бултур карантин туфайли ёпилгани, бу йил эса барчасининг фаолияти қайта тикланаётгани ва шунга яраша ҳозирлик кўрилаётгани маълум бўлди.

Масалан, Ички ишлар вазирлигининг “Оқтош”, Давлат солиқ қўмитасининг “Баркамол”, “Ўзкабел” акциядорлик жамияти қўшма корхонасининг “Зилола”, “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг Тошкент шаҳар телефон тармоғи филиали тасарруфидаги “Алоқачи”, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Анор” ва “Қуёшли” оромгоҳларида тозалаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлаш ишлари шу кунгача жадал суръатларда олиб борилди. Натижада барчасининг ён-атрофи ғишт деворлар ёки темир панжаралар билан тўлиқ ўралди. Ушбу масканларга элтувчи  йўллар ва кўприклар, спорт майдончалари ва болалар душхоналари соз ҳолатга келтирилди. Сузиш ҳавзаларининг аксариятига фильтрловчи мосламалар ўрнатилди. Ётоқхоналар эса юмшоқ ва қаттиқ мебеллар, зарур асбоб-ускуналар ва буюмлар билан жиҳозланди. Оромгоҳларга хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситалари бириктирилиб, электр ва ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилди. Шунингдек, кузатув камералари узлуксиз ишлай бошлади.

“Радуга” – кўпчилик эртаклар оламига қиёслайдиган машҳур оромгоҳлардан бири. У 1974 йилда 480 ўринли қилиб қурилган. Ёпиқ бассейнга, ўзига хос мукаммал тузилишли ошхонага ва барча турдаги спорт майдончаларига эгалиги, ҳудудида 2000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар ўсаётгани билан бошқа оромгоҳлардан тубдан ажралиб туради.

Биз борган куни бу ерда ҳам янги мавсумга тайёргарлик ишлари қизғин тус олганди. Лекин раҳбариятдагиларнинг кайфияти бироз тушкун эди. Сабабини суриштириб билсак, мазкур оромгоҳ жойлашган бинолар бултур мамлакатимиздаги энг нуфузли агентликлардан бири – Давлат активлари агентлиги тасарруфига ўтказилибди. Агентлик раҳбарияти эса, бу маскан жамоасини қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш ўрнига бир йил учун 200 миллион сўм миқдорида ижара ҳақи тўлашларини талаб қилаётган экан.  Таъбир жоиз бўлса, ўзининг моддий манфаатдорлигини ёшларимиз қувончи ва бахт-иқболидан афзал кўрибди.

–Оромгоҳимиз бир замонлар энг гавжум, йўлланма олиш учун навбат доимо тирбанд бўладиган масканлардан саналарди, –дейди 35 йилдан бери шу жамоада ишлаётган директор ўринбосари Шокир Кенжабоев.  –Кейинчалик оталиқ ташкилотларнинг лоқайдлиги туфайли 8 та ётоқхона биноларини замонавий кўринишга келтира олмадик. Айримларининг ромларини янгилаганимизни истисно қилсак, уларни 46 йил бурун қандай бўлса, шундайлигича сақлаган ҳолда, ҳар сафар фақат бўяш ва таъмирлаш билангина чекланаяпмиз, холос. Агар бу йилдан эътиборан ижара пули тўлайдиган  бўлсак, биноларни таъмирлаш нарида турсин, ночор ҳолга келиб қолган баъзи йўлакларни асфальтлашга ҳам қурбимиз етмаслиги аниқ…

“Тошнефтгазқурилиш” АЖнинг Юсуфхона қишлоғида жойлашган  “Чотқол” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 500 ўринга мўлжалланган.  Ҳозир унда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Ётоқхоналар юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар билан тўлиқ таъминланиб, сузиш ҳавзаси тартибга келтирилмоқда. Қисқаси, оромгоҳ раҳбарлари уни обод қилиш учун бор имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда. Аммо бугунги тиғиз дамларда уларни маблағ билан боғлиқ  муаммолар қийнамоқда. Сабаби, Тошкент шаҳридаги “Нақилгаз” махсус қурилиш АЖ 2017 йилдан буён 13 миллион сўм, Хоразм вилоятидаги “Жанубгазқурилиш” АЖ 2019 йилдан буён 78 миллион сўм миқдоридаги қарзини тўлашни пайсалга солиб келаяпти. Шу боис оромгоҳ маъмурияти ушбу муаммони ҳал қилишда мувофиқлаштирувчи гуруҳдан ёрдам сўради.

Булардан ташқари, “Hududgaz Poytaxt” газ таъминоти филиалига қарашли “Зангори олов”, “В.Галперин номидаги Тошкент қувур заводи” қўшма корхонаси тасарруфидаги “Конструктор” оромгоҳларига олиб борувчи йўллар ва кўприклар ниҳоятда абгор ҳолатга тушиб қолган. Бунақада эрта-индин ўша оромгоҳларга дам олиш ва табиат гўзалликларидан завқланиш ниятида келадиган болалар қинғир-қийшиқ ва чангга ботган йўлларни кўриб, ҳафсаласи пир бўлмайдими? Қолаверса, фарзандлари қандай ҳордиқ чиқараётганидан хабар олиш учун келадиган ота-оналар шу йўллардан юргач, келаси йил уларни бу масканларга юборармикан?

Бинобарин, масъул ташкилотлар ва туман ҳокимлиги масъуллари юқорида тилга олинган муаммоларни тез орада ижобий ҳал этиш чораларини кўришлари шарт!

 Зебо НАМОЗОВА.

“ISHONCH”