Мусиқа мактаби ўқитувчилари тақдирланишди

213

       Бугун Маданият вазирлигида “Йилнинг энг яхши болалар ва мусиқа санъат мактаблари ўқитувчиси ва концертмейстери” республика танлови ғолибларини расман тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда  мусиқа ва санъан мактабларида таълим-тарбия ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўз касбий фаолияти мобайнида самарали натижаларга эришаётган ташаббускор ва фидойи ўқитувчилар тақдирланишди.

    Маълумот учун айтиб ўтсак, ушбу танлов 15 та йўналиш бўйича ўтказилиб, дастлабки босқичда 1000 нафар, иккинчи саралаш босқичда  200 нафардан ортиқ ўқитувчи ва концертмейстерлар иштирок этишди. Сўнгги босқичда эса 34 нафар ўқитувчилар биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб деб топилди.

–Яшнобод туманига қарашли 7-мусиқа ва санъат мактабида болаларга театр йўналишида дарс бераман дейди, – Фаррух Хўжақулов. – Ўқувчилар мактабдаги дарслари тугагач масканимизга келиб ўзлари қизиққан йўналишда таҳсил олишлари мумкин. Масалан, мен шуғулланадиган театр йўналишида гуруҳимдаги ўқувчиларга актёрлик маҳорати, саҳна нутқи, саҳна ҳаракати каби дарсларни ўтаман. Ўқувчиларимнинг аксарияти соҳага қизиқувчи ўқувчилар бўлиб, келгусида ҳам санъат йўналашини танламоқчи. Улар орасида иқтидорли ёшларимиздан бири Эъзоза Зоҳиджонова мусиқа мактаблари ўртасида бўлиб ўтган танловнинг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллаган.

 Ғолибларга диплом ва эсдалик совғаларни  Маданият вазири Озодбек Назарбеков топширди.

Зебо НАМОЗОВА

Бошқа хабарлар