Қабр устида қўшиқ айтиладими?

461

Ўтмишнинг ҳар бир обидаси бугунги давр одамлари учун ҳайратланарли туюлиши табиий. Чунки меъморий жиҳатдан афсоналардагидек таассурот уйғотадиган минораю мақбараларни томоша қилган кишининг қалби энтикиб кетади. Шундан бўлса керак, кўпчилик уларнинг ёнида суратга тушиб, видеотасвирлар олишга шошилади. Бироқ тарихий обидалар ёнида сурат ва видеотасвирга тушишнинг ҳам ёзилмаган ўз қоидалари бор.

Кейинги пайтларда қатор телеканалларда ёш хонандаларнинг клиплари ана шундай тарихий обидаларда тасвирга олинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу бир томондан яхши, зиёрат туризмини ривожлантиришда ўзига хос тарғибот вазифасини ўташи мумкин. Лекин айрим клипларда машҳур авлиё ва алломаларнинг мақбараларида олинаётгани кўнгилда оғриқ уйғотмоқда.

Яқинда Хоразмдаги хусусий телеканаллардан бирида «Шираси чак-чак томади, Анор менга ёқади» деган нақоратга эга жуда дилтортар ашула янграб қолди. Ўзига хос ёқимли овоз… Бироқ ёш хонанда ўша қўшиқни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг мақбарасида куйлаяпти?!

Паҳлавон Маҳмуд мақбараси Хивадаги энг нақшинкор обида бўлиб, ўзининг мовий кошинлари билан такрорланмас ва бошқаларига ўхшамайдиган даражада тенгсиз саналади. Шунингдек, ушбу мақбарага кираверишда чап томонда Саид Моҳирўйижаҳон мажмуаси бўлиб, бу ерга Қўнғирот сулоласига мансуб Хива хонлари ва уларнинг авлодлари дафн қилинган. Хонанда клипидаги  жойнинг шундоқ ёнида эса «Шажараи турк» ва «Шажараи тарокима» асарларининг муаллифи Абулғози Баҳодирхон қабри бор…

Клипнинг қолган қисмлари эса Исломхўжа мажмуасидан шундоқ чиққан жойдаги гумбазлар ёнида тасвирга олинган. Бу гумбазларнинг улуғ аждодларимизнинг қабрлари экани ёш болага ҳам аён-ку!

Нафақат вилоят, балки пойтахт телеканалларида ҳам муқаддас қадамжоларда тасвирга олинган клиплар тез-тез намойиш этилмоқда. Икки ёшнинг муҳаббат саргузаштлари тасвирланган клипларнинг бири Ичанқалъадаги Жумамасжид мажмуасида тасвирга олинган экан. Қўшиқ янграяпти, Жумамасжид ичида икки ёш бир-бирига эҳтирос билан суйкалишяпти. Худо инсоф бергурларнинг хабари йўқки, бу тарихий обида бир замонлар ота-боболаримизнинг қони билан ювилган.

Манбаларда қайд этилишича, Чингизхоннинг ўғли Жўжихон Хоразмни истило қилганида шу масжидда ибодат қилаётган мусулмонларни ёш-қари демай қиличдан ўтказган экан. Айрим шахсларнинг қабри масжид ичида ҳозирга қадар сақланиб келинади.

Хўп, айрим хонандалар ёшлигига бориб, муқаддас қадамжолар ҳурматини жойига қўймаётгани рост, аммо Ичанқалъа давлат музей-қўриқхонаси маъмурияти қаерга қараяпти? Улар ўз назорати остидаги ҳудудда клип олишга рухсат беришдан аввал сценарий ёки режиссёр лойиҳаси билан танишиб, зарур маслаҳат ва кўрсатмаларини бериб боришса, минг чандон яхши бўлар эди.

Бир сўз билан айтганда, Хива — мафтункор ва афсонавий тарихий обидалар маскани бўлиш билан бирга, улуғ аждодларимиз ҳоки ётган манзил ҳамдир. Шу боис унинг қайсидир жойида қўшиқ айтиш, рақсга тушиш ёхуд шунчаки ўйин-кулгу қилишдан аввал фаросатни ишга солиш керак. Табаррук масканларда қўшиқ айтиш миллатимизга ярашмайдиган одобсизлик эканини билишимиз, билмаганларга эса билдиришимиз керак. Зеро, қабрлар қошида қўшиқ айтилмайди, ўйинга тушилмайди, аксинча, муқаддас Қуръон тиловат қилиниб, савоби марҳумларга бахшида этилади.

Эрпўлат БАХТ

Манба: “Hurriyat” газетаси, 7-сон

Бошқа хабарлар