Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

925

     Ўзсаноатқурилишбанк Бош офисида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси масъуллари иштирокида ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатидаги  таркибий  ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш йўлида берилган  топшириқлар  ижросига  бағишланган  учрашув  бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 30 апрель  куни  Президентимиз раислигида ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб  ўтказилган  видеоселектор  йиғилишида  бу  борадаги ишларни “ички талабни ўрганиш – импортни таҳлил қилиш – ресурс базасини аниқлаш – янги лойиҳалар ишлаб чиқиш” занжири асосида ташкил этиш юзасидан зарур топшириқлар берилган эди.

Унга кўра, соҳани ривожлантиришда бошқарув компания сифатида иш бошлаган  Ўзсаноатқурилишбанк  томонидан  алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, дастлабки ишлар амалга оширилди.

Учрашувда  Банк  Бошқарув раиси Сахи Аннакличев 2021-2023 йиллар давомида қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш мақсадида шакллантирилган умумий қиймати 5,25млрд. долларлик 1019 та лойиҳа махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётгани, шу кунга қадар Фарғона, Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги лойиҳалар тўлиқ кўриб чиқилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Банкнинг минтақавий филиалларида Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида консалтинг марказлари ташкил қилиниб, уларга геолог, технолог ва лойиҳачилардан иборат мутахассислар жалб этилганлиги айтиб ўтилди.

Эндиликда “ЎзқурилишматериалЛИТИ” илмий-тадқиқот ва инжиниринг марказида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш  мақсадида  Қурилиш  материаллари  ўқув  маркази ташкил этилади.

Тадбиркорлик соҳасига энди кириб келаётган ёшлар учун 65 та маҳсулот тури бўйича амалий-услубий қўлланмалар яратилади.

BCG, Deloitte каби нуфузли халқаро компаниялар экспертларини жалб этган ҳолда, соҳани  жаҳон стандартлари даражасида ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, Банк томонидан қурилиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга зарур кредит ресурсини шакллантириш учун 300 млн. долларлик евро облигацияларни  эмиссия  қилишлари тезлаштирилмоқда.

Лойиҳаларни кредитлашга Банк орқали Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 200 млн. доллар миқдорида маблағларни олиш мақсадида шартнома тузилади.

Етакчи хорижий олийгоҳларни жалб қилган ҳолда, қурилиш материаллари соҳаси учун малакали ва зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Ҳозирда  бу  борада  Тошкент  кимё  технология институтида  Германия ва Россиянинг нуфузли университетлари  билан  бирга 5 та янги йўналишда ўқишни ташкил этиш, Тошкент архитектура ва қурилиш институти билан эса Туркиянинг ихтисослашган олийгоҳларини жалб этган ҳолда муҳандис ва технологлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича тегишли вазирликлар билан ишлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда жорий йилнинг 1 июлига қадар барча инвестиция лойиҳаларини ўрганиш ҳамда  қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлаш  мақсадида  ишлаб  чиқилаётган 4 та янги банк маҳсулотини жорий қилиш ишларини тўлиқ якунлаш белгилаб олинди.

65 та маҳсулот тури бўйича хом ашё базаси ва фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, шунингдек ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсири каби маълумотларни ўз ичига олган алоҳида амалий-услубий қўлланмаларни яратиш лозимлиги белгилаб олинди.

Ҳудудлардаги мавжуд хом ашё базасини, туманларда қурилиш материалларига бўлган талаб ҳамда мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ва қурилиш компанияларини ўрганиш юзасидан вазифалар тақсимланди.

Ҳудудларда қурилиши бошланган ва қурилиши режалаштирилаётган объектларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларнинг  ишлаб чиқариш қувватларини ўрганиш саъй-ҳаракатларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

“Ўзстандарт” агентлиги  билан  қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туманларда замонавий лабораториялар ташкил этиш ҳамда корхоналарнинг раҳбар  ва ходимларини халқаро сифат талаблари ҳамда стандартларига ўргатиш тизимини яратиш мақсадида ҳамкорликдаги ишлар қизғин бораётгани айтиб ўтилди.

Банк Ахборот хизмати